Эски дўкони учун 24 миллион

Эски дўкони учун 24 миллион

 

Қуддуснинг (Қудс) яҳудийлаштириш сиёсати маҳаллий арабга тегишли эски маконга тўқнаш келди.

Қуддуснинг эски шаҳар қисмида жойлашган озиқ-овқат дўконининг эгаси дунё ОАВларининг диққат марказидадир.



«Yeni Şafak» турк нашрига иқтибос билан Yenicag.Ru манбаси хабар қилишига кўра, Ал-Ақсо муқаддас масжидидан икки қадам масофада жойлашган мазкур дўконнинг эгаси Фаластинлик Абу Хадижа Исроил ҳукуматининг турли босимларига қарамай ўзига тегишли эски жойни сотиш нияти йўқ.

Эслатиб ўтамиз, Исроил бир неча йиллардан бери пойтахтни Тел-Авивдан Қуддусга кўчириш борасида фаол ишлар олиб бормоқда. Яҳудий давлатининг бу нияти бутун дунёда норозилик тўлқини юзага келишига сабаб бўлди. Исроил ўзининг бу сиёсати учун мусулмон давлатлар бошчилигида дунёдаги кўплаб бошқа давлатларнинг ҳам кескин танқидига учради ва БМТ Исроилга Фаластинда янги яҳудий турар жойлари қуришни манъ этувчи резолюция қабул қилди.

Фаластинликнинг сўзларига қараганда, Исроил ҳукумати унинг эски дўкони учун 24 миллион доллар таклиф этган. Абу Хатижа рад этганида эса таклиф этилган пул миқдорини оширишларини ваъда берганлар.

“Қасам ичаманки, мен бу дўкончамни сотмайман: у менга отамдан, унга эса –отасидан мерос бўлиб қолган. Бу жойлар бизнинг тарихимиздир. Исроиллик яҳудийлар мусулмонларнинг муқаддас қадамжосини бузишмоқчи. Шу сабабли Ал-Ақсонинг атрофидаги барча уй ва жойларни сотиб олишмоқда. Қадимги мусулмон маҳаллаларини бузиб, араб аҳолини шаҳардан ташқарига кўчириб юборишмоқда. Бу Қуддусни яҳудийлаштиришга йўналтирилган сиёсатдир. Бу ерларда Усмонийлар салтанати тахтдан тушгач адолат қолмаган. Ўша вақтлардан бери бу ерларда мусулмонлар қони тўкилмоқда ва бизни ҳимоя қиладиган ҳеч ким йўқ. Мен ҳар куни Аллоҳдан мазкур муқаддас ерларга Усмонийлар салтанатининг адолати қайтишини ва Фаластинда ниҳоят тинчлик ҳукмрон бўлишини сўрайман”,- деди кўзларида ёш билан мушкул аҳволда қолган Қуддусда истиқомат қилувчи мусулмон Абу Хадижа.

Исроил ҳукумати мана бир неча йилдирки Ал-Ақсонинг остида қазув ишларини олиб бормоқдалар. Фаластин маъмуриятининг сўзларига қараганда, Тел-Авив масжидни яксон этиш ниятида.

 

Фаластин маъмуриятининг вакили турк газетаси муҳбири билан суҳбатда: “Ал-Ақсо остидаги барча ишлар ибодатхонанинг пойдеворини яроқсизлантириш ва уни яксон этиш мақсадига қаратилган”,- дейди.

back to top