Қатар инқирозининг тартибга солинишида илгари силжишлар кузатилмоқда

Қатар инқирозининг тартибга солинишида илгари силжишлар кузатилмоқда

Бир қатор араб маммлакатлари, жумладан, Саудия Арабистони, БАА, Баҳрайн ва Миср билан Қатар ўртасидаги муносабатларда юзага келган таранглик бир қанча давлатларнинг воситачилик ҳаракатлари ҳамда тинч диалогга чақиришлари боис анча енгиллашмоқда.

Yenicag.Ru нинг “Анадолу” ахборот агентлигига таяниб хабар беришича, Доханинг ғанимлари гўё Қатарга ҳарбий хуруж тайёрланаётгандек тасаввур ҳосил қилдилар, бироқ минтақада тарангликни авж олдиришга уринишлар натижасиз қолди. Форс кўрфазидаги инқироздан энг кўп манфаат кўрган давлат АҚШ бўлди.
Саудия Арабистони билан 380 млрд доллардан зиёд қийматга тенг шартномалар тузган Вашингтон инқирознинг дастлабки кунлариданоқ Ар-Риёдни ҳамда Қатар билан дипломатик муносабатларни узган минтақанинг қатор мамлакатларини қўллади. Бироқ Дональд Трампнинг “терроризмнинг энг юқори мақомда қўллаб-қувватланиши тўғрисидаги” баёнотидан сўнг Вашингтон ва Доха қиймати 12 млрд долларга тенг F-15 ҳарбий учоқларини сотиб олиш бўйича шартномани имзолади. Оқибатда АҚШнинг Қатарга нисбатан салбий позицияси ўзгара бошлади ва Доханинг ғанимлари “кузир қартасиз” қолдилар.
Туркия ҳам минтақадаги тарангликни юмшатиш бўйича фаол ҳаракатларни амалга оширди. Анқара Дохага қўйилган чекловларни олиб ташлашга чақириб, Қатарга ҳаво йўллари орқали озиқ-овқат етказиб беришни йўлга қўйди.
Қатар атрофида юзага келган инқироз бошланиши ҳамоно Туркия парламенти Доха билан 2016 йилда тузилган бешта шартномани ратификация қилди. Туркиянинг бу иши Қатарга нисбатан чекловларни қўллаб келаётган араб мамлакатларининг зардасини қайнатиб юборди.
Саудия Арабистони, БАА, Баҳрайн ва Миср томонидан 22 июнь куни Қатарга нисбатан қўйилган 13 та талаблар рўйхатида Анқара билан ҳарбий ҳамкорликни тўхтатиш ҳамда Туркиянинг Дохадаги ҳарбий базасини йўқ қилиш тўғрисидаги банд ҳам бор эди.
Бироқ на Анқара ва на Доха чекинишни хаёлига келтирмади ҳамда бу ҳолат ғанимларни айни талабдан воз кечишга мажбур қилди. Оқибатда айнан Анқара Қатарнинг ғанимларини Доха ички ишларига ҳарбий аралашув ғоясидан воз кечишга мажбур қилди.
Натижада инқироздан фақат АҚШ манфаат кўрди, Форс кўрфазидаги араб мамлакатлари зиёнда қолдилар.
Баҳрайн, БАА, Саудия Арабистони, Миср, Яман, Ливиянинг муваққат ҳукумати, Мальдив Республикаси ва Маврикий Республикаси 5 июнь куни Қатар амирлигининг терроризм ва экстремистик мафкурани қўллаётгани, душманлик кайфиятидаги сиёсати ва араб давлатларининг ишларига аралашуви боис Доха билан дипломатик алоқаларни узаётганлари ҳақида эълон қилдилар.
Кейинроқ Мавритания ва Комор ороллари ҳамда Иордания ва Жибути дипломатик ваколатхоналари ўз мақомини пасайтириб уларга қўшилдилар.
Кўп ўтмай Саудия Арабистони, БАА, Миср ва Баҳрайн Дохага 13 талабдан иборат рўйхатни юбориб, санкциялар бекор қилиниши учун ушбу талабларни 10 кун муддатда бажариш шартини қўйдилар. Кейин муддат яна 48 соатга узайтирилди. Қатар бу талабларни бажариб бўлмайди деб туриб олди. Саудия Арабистони расмийлари 13 август куни Қатарга нисбатан чекловларни енгиллаштирди. Ар-Риёд Саудия Арабистони фуқароларига ва ширкатларига Қатардаги фаолиятни зудлик билан тўхтатиш талабидан воз кечди. Бундан ташқари, саудлар талабаларнинг кириш ва чиқишларига рухсатнома беришни қайта тиклади.


Мадина Муҳаммад таржимаси

Юқорига