Бу ишлардан қайтарганлар (3-қисм)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишлардан қайтарганлар 
САВДО - СОТИҚДАГИ ҚАЙТАРИҚЛАР (3-қисм)


Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Пайғамбар алайҳиссалом шундай деганлар: «Бир киши бирон-бир хурмозор ёки мевазор боққа бошқа бир киши билан шерик ҳолда эгалик қилаётган бўлса, уни сотишда шеригининг розилигини сўрасин, розилик берса, сотсин, розилик бермаса, савдодан қайтсин» (Муслим ривояти).


Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилаинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам озод қилинган қулга ҳомийлик қилмоқ ҳуқуқини сотмоқдан ва ундан воз кечмоқдан қайтардилар» (Бухорий ривояти).
 
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумо Пайғамбар алайҳиссаломдан Макка фатҳ қилинган йили ўша ерда туриб: «Аллоҳ ва Унинг элчиси хамр (ароқ), чўчқа гўшти, ўлимтик ва санамларни сотишни ҳаром, деб эълон қилди» деганларини эшитган эканлар. Шунда одамлар: «Эй Расулуллоҳ, ахир ўлимтик мойидан кемаларни мойлашда, териларни бўяшда, ундан чироқ ясаб уйларни ёритишда фойдаланилади-ку», дейишди. Бунга Набий алайҳиссалом: «Йўқ, у ҳаром!» деб қатъий жавоб бердилар (Муслим ривояти).

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бировнинг бозорини касод қилиш ниятида атайлаб нарх-навони оширишни ман этдилар» (Бухорий ривояти).
 
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир-бирларингизга ҳасадлашманг. Ўзаро нархларни ошириб юборманг (яъни сотиб олиш нияти бўлмаса-да нархини ошириш учун ёлғондан баҳолашманг). Бир-бирларингизга ғазаб қилманг ҳамда орқа ўгириб муносабатларни бузманг. Баъзиларингиз баъзиларингиз савдоси устига савдо қилмасин», дедилар» (Муслим ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пешвоз чиқишдан (шаҳарга мол олиб келаётганлар бозорларга етиб келиб, нарх-навони билиб олмасларидан олдин уларнинг молларини арзон нархда сотиб олиб, қимматга сотиш учун йўлларига пешвоз чиқишдан), муҳожирнинг (яъни ўтроқ кишининг) кўчманчига (молини олиб қолиб, қимматга) сотиб беришидан, аёлнинг ўз (муслима) синглисининг талоқ қилинмоғини шарт қилиб қўйишидан, кишининг ўз (мусулмон) биродари савдоси устига савдо қилишидан (яъни ўз молини сотиш учун бировнинг харидорини айнитмоғидан) ҳамда (ўзгани алдаш ниятида нархни) оширишдан ва соғмасликдан (яъни «сутга тўлиб турса, харидор серсут экан, деб ўйлайди» деган мақсадда атайлаб соғмасликдан ёки шу ниятда ҳайвон елинини боғлаб қўйишдан) қайтардилар» (Бухорий ривояти).
 
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бозорга мол олиб келаётганларнинг йўлларини тўсиб чиқиб, улардан кўтарасига мол сотиб олишни ва у молни турган ерида қайта сотиб юборишни ҳамда ўтроқ (яъни шаҳарлик) одамнинг кўчманчи (яъни шаҳарлик бўлмаган) одамнинг молини (бирор ҳақ эвазига даллоллик қилиб) сотиб беришини ман этдилар» (Бухорий ривояти).
 
Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мунобазадан қайтардилар (Мунобаза – кишининг ўз матосини бировга ушлаб кўрмаслик ва тахини очиб қарамаслик шарти билан сотиши). Шунингдек у зот муломасадан ҳам қайтардилар» (Муломаса – матони тахини очиб кўрмай, фақат ушлаб кўриш шарти билан сотиш) (Бухорий ривояти).
 
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муломаса ва мунобаза қилишдан, тонгдан сўнг қуёш чиққунга қадар ва асрдан сўнг қуёш ботгунга қадар намоз ўқишдан (фарздан ташқари), аврати очилиб қоладиган даражада калта кийим кийишдан ҳамда бир елкасини мато билан ўраб, иккинчисини очиб юришдан қайтардилар» (Бухорий ривояти).
 
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тўнғиз (чўчқа) сотишни ҳаром қилганлар» (Бухорий ривояти).
 
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Бақара сурасининг охирги ояти нозил бўлганида Расулуллоҳ маст қилувчи ичимликлар сотишни ман қилдилар» (Бухорий ва Муслим ривояти).

Баро ибн Озиб ва Зайд ибн Арқамдан ривоят қилинади: «Набий алайҳиссалом олтинни кумушга қарзга (насияга) сотишни тақиқладилар» (Бухорий ривояти).

Абу Бакрадан ривоят қилинади: «Набий алайҳиссалом кумушни кумушга, олтинни олтинга, агар қиймати ва вазни бир-бирига тенг бўлмаса, сотишни ман қилдилар» (Бухорий ривояти).
 
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам туғилмаган бўталоқни (туя боласини) сотишни ман этдилар» (Бухорий ривояти).
 
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам (қоронғуда) матони (тахини очиб кўрмай, фақат) ушлаб кўриш шарти билан савдо қилишдан қайтардилар» (Бухорий ривояти).
 
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сотиб олинган озиқ-овқатларни бирмунча вақт ўзида ушлаб турмай ва сотиб олинган еридан бошқа жойга олиб бормай қайта сотишни ман қилдилар» (Бухорий ривояти).
 
Сулаймон ибн Абу Муслимдан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Нимаики нақд бўлса олинглар ва нимаики насияга бўлса, олманглар», дедилар» (Бухорий ривояти).
 
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳали дарахтдан узиб олинмаган ҳўл хурмони хурмо қоқисига ва ҳали токдан узилмаган узумни майизга сотишни (алмаштиришни) ман қилдилар» (Чунки тупидан узиб олинмаган ҳўл меванинг вазни номаълум бўлиб, бундай савдода бир томоннинг ҳақи иккинчисига ўтиб кетади) (Бухорий ривояти).
 
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тупида турган ҳар қандай ҳўл мевани қоқисига сотишни (алмаштиришни) ман этдилар». Яъни, бу шундай савдо бўладики, бир киши иккинчи бир кишига: «Дарахтдаги меваларингни туришича менга сот, эвазига сенга фалон миқдорда қоқисидан бераман, агар мевани узиб олганимда кўп чиқса-майли, мен фойда қиламан, башарти оз чиқса, зарар қилсам ҳам майлига», дейди» (Бухорий ривояти).
 
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пишган (дарахтдан узиб олинган) хурмони (дарахтдаги) хом хурмога, майизни (ёки пишган, токдан узиб олинган узумни токдаги ғўр) узумга ва (ҳали ўриб олинмаган), бошоғидан тозаланмаган буғдойни (ўриб), бошоғидан тозалаб қўйилган буғдойга сотишни ман қилдилар» (Бухорий ривояти).
 
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам боғнинг хом ҳосилини, агар у хурмо бўлса – пишган хурмога, агар у узум бўлса – майизга, агар у экин бўлса – бирор озиқ-овқат маҳсулотига чамалаб сотишдан қайтардилар» (Бухорий ривояти).
 
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам (дарахтдаги хом) ҳосилни яроқли бўлгани кўринмай (яъни пишмай) туриб сотишни ман қилдилар» (Шундан кейин) дарахтдаги хом ҳосил фақат динору дирҳамга сотиладиган бўлди, муҳтож кишига вақтинча берилган дарахтдаги хом ҳосил бундан мустаснодир (Бухорий ривояти).
 
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муъоқала (экинзорни буғдойга сотиш)ни ва музобана (дарахт тепасидаги пишмаган ҳурмони қуритилган хурмога алмаштириш)ни ман қилдилар» (Термизий ривояти).

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дон бошоқлари оқармасдан ва офатдан омон қолгани билинмасдан туриб (даладаги ҳосилни) сотишни ман қилдилар, сотувчини ҳам, олувчини ҳам бундан қайтардилар» (Термизий ривояти). 
 
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам узумни қораймагунича ва донни бошоғида қотмагунича сотишдан қайтардилар» (Термизий ривояти). 
 
Абу Масъуд Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий алайҳиссалом ит сотиб, фоҳишалик ҳамда коҳинлик (фолбинлик) қилиб топилган пулни ишлатишдан қайтарганлар» (Бухорий ва Термизий ривояти).

back to top