Бу ишлардан қайтарганлар (4-қисм)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишлардан қайтарганлар 
ФИТРАТНИ ЎЗГАРТИРИШДАН ҚАЙТАРИҚЛАР (4-қисм)

Абу Жуҳайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ит учун ва қон олганлик учун ҳақ олмоқдан, баданга игна билан аломатлар чиздириш ва чизишдан ҳамда судхўрликдан қайтардилар» (Бухорий ривояти).


Абдуллоҳ ибн Динордан ривоят қилинади: «Абдуллоҳ ибн Умар айтдиларки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қазаъдан қайтарганлар». (Қазаъ – ўғил боланинг сочини олаётганда пешона тепасидагина соч қолдириб, бошқа жойларини олиб ташлаш) (Бухорий ривояти).
 
Асмо бинти Абу Бакр розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам улама соч тақиб қўювчи ва улама соч тақувчи аёлларни лаънатладилар» (Бухорий ривояти).
 
Алқама розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Абдуллоҳ айтдики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳусн учун игна билан турли шакллар чизувчи, қош терувчи ва тишлар орасини кенгайтирувчи аёлларни, яъни Аллоҳ таоло яратган аъзоларни ўзгартирувчи аёлларни лаънатлаганлар» (Бухорий ривояти).
 
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кўз тегиши ҳақдир», дедилар ва игна билан аломатлар чизишдан қайтардилар» (Бухорий ривояти).
 
Авн ибн Абу Жуҳайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Убайни кўрдим, у менга: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам (қортиқ солиб) қон олганлик учун ҳақ олишдан, ит сотишдан, судхўрлик ва порахўрлик қилишдан ҳамда бу ишларда воситачи бўлишдан, игна билан аломатлар чизиш ва чиздиришдан қайтардилар», деди» (Бухорий ривояти).
 
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам соч ва соқолнинг оқларини юлиб ташлашни ман этдилар (Термизий, Насоий, Ибн Можалар ривояти)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Соч уловчи ва сочини улатувчи ҳамда юзи ва тишларининг рангини, шаклини ўзгартирувчи аёлларни Аллоҳ таоло лаънатласин!» (Бухорий, Муслим, Аҳмадлар ривояти)

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен умматимга ярага тамға қиздириб босишни ман қилгайман», деганлар» (Бухорий ривояти).

back to top