Бу ишлардан қайтарганлар (5-қисм)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишлардан қайтарганлар 
ИЧИМЛИКЛАРГА ОИД ҚАЙТАРИҚЛАР (5-қисм)

Абу Қатода розияллоҳу анҳу оталаридан нақл қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Бирортангиз (сув ёки бошқа бирор ичимлик) ичсангиз, идиш ичига нафасингизни чиқарманг ва агар бирортангиз бавл қилсангиз, ўнг қўлингиз билан олатингизни ювиб-покламанг» (Бухорий ривояти).

Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мешларнинг оғзини бузиб, улардан сув ичишдан қайтардилар» (Бухорий ривояти).
 
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олтин ва кумуш идишларда, учган ва дарз кетган идишларда сув ичишдан қайтардилар («Минг бир ҳадис»).

Абдуллоҳ ибн Абу Авфо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўк кўзадан фойдаланишдан қайтардилар. Шунда мен: «Оқ чинни кўзада ичсак бўладими?» деб сўрадим. У зот: «Йўқ!» дедилар». (Кўза хоҳ оқ, хоҳ кўк бўлсин, ундаги мева суви ачиб, маст қиладиган бўлиб қолса, ичиш мумкин эмас) (Бухорий ривояти).
 
Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қовоқдан ясалган ва мумланган идишлардан фойдаланишдан қайтардилар» (Бухорий ривояти).
 
Иброҳимнинг ривоятида мўминлар онаси Оиша розияллоҳу анҳо   шундай деганлар: «Расулуллоҳ бизни, яъни барча хонадон аъзоларини қовоқ ва мумланган идишларда шароб тайёрлашдан қайтарганлар» (Бухорий ривояти).
 
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам майиздан ҳамда қуритилган, хом ва янги узилган хурмолардан (шароб тайёрлашдан) қайтардилар» (Бухорий ривояти).
 
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Кўпи маст қиладиган ичимликнинг озидан ҳам сизларни қайтараман» (Насоий ривояти).
 
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар қандай маст қилувчи ва бўшаштирувчи (гиёҳванд) нарсаларни истеъмол қилишни ман этганлар (Абу Довуд ва Аҳмад ривояти).

Абдуллоҳ ибн Абу Қатода оталаридан нақл қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қуритилган хурмо билан эндигина ранг кирган хурмони ҳамда қуритилган хурмо билан майизни бир-бирига қўшишдан қайтарганлар» (Буларнинг ҳар биридан алоҳида шарбат тайёрланади) (Бухорий ривояти).
 
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса ҳаммомга иштонсиз кирмасин. Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, жуфти ҳалолини ҳаммомга киритмасин. Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, хамр (ароқ) айлантириб турилган дастурхон атрофида ўтирмасин», дедилар» (Термизий ва Ҳоким ривояти).
 
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сут ичгач (сув билан) оғизларини чайқаб ташладилар ва «сутда ёғ бор», дедилар (яъни таҳоратли киши таркибида ёғ бўлган бирор ичимлик ёки таом истеъмол қилгач, оғзини сув билан чайқаб ташлаб, сўнгра намоз ўқиши керак) (Бухорий ривояти).
 
Зуҳрий бундай дейди: «Инсон пешобини ичиш қатъиян ман этилади, чунки у нопокдир. Аллоҳ таоло: «Сизлар учун покиза неъматлар ҳалол қилинди», деган» (Бухорий ривояти).

back to top