Бу ишлардан қайтарганлар (7-қисм)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишлардан қайтарганлар 
КИЙИНИШДАГИ ҚАЙТАРИҚЛАР (7-қисм)

Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам етти нарсага буюриб, етти нарсадан қайтарганлар. Қайтарганлари: 1) тилла узук тақиш, 2) кумуш идишда ичиш, 3) туя эгарларига кимхоб ёки ипакли мато тўшаш, 4) ипак ва каноп аралашмасидан либос кийиш, 5) ипак газлама кийиш, 6) қалин ипакли кийим кийиш, 7) юпқа ипакли кийим кийиш» (Бухорий ва Муслим ривояти).


Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизни (яъни эркакларни) етти нарсадан қайтарганлар: 1) кумуш идиш тутишдан, 2) тилла узук тақишдан, 3) ипакли кийим кийишдан, 4) дебож (гулдор ипакли кийим) кийишдан, 5) қасий (дағал матодан кийим) кийишдан, 7) ривоятда тушириб қолдирилган (Бухорий ривояти).
 
Абу Ҳурайра ва Имрон ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эркакларни тилла узук тақишдан қайтардилар» (Бухорий ва Термизий ривояти).

Ҳузайфа ибн Йамон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олтин ва кумуш идишда еб-ичишни, ҳарир (юпқа) дебож кийишни ҳамда бундай матолар устида ўтиришни бизга ман қилдилар» (Бухорий ривояти).
 
Баро ибн Озиб айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қизил майсара ва қассий кийишимиздан қайтардилар» (Бухорий ривояти).
 
Абдулазиз Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан нақл қилиб айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эркакларнинг заъфарон ишлатишини ман қилдилар» (Бухорий ривояти).
 
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кишининг яланг қават кийим кийиб юришидан ҳамда унинг этагини елкасига ташлаб олишидан қайтардилар (чунки у шундай қилса, аврати кўриниб қолади) (Бухорий ривояти).
 
Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам енги йўқ ва тор кийим кийишни ва тиззани қучоқлаб, олдини очиб ўтиришни қаттиқ қораладилар» (Бухорий ривояти).

back to top