Бу ишлардан қайтарганлар (9-қисм)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишлардан қайтарганлар
ҲАЙВОНЛАРГА ЗУЛМ ҚИЛИШДАН ҚАЙТАРИҚЛАР (9-қисм)


Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу шундай дейди: «Бир пайтлар мен бир илонни ўлдирмоқчи бўлиб таъқиб этаётган эдим. Абу Лубоба менга: «Уни ўлдирма», деб қичқирди. Мен «Ахир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам илонларни ўлдиришга амр қилганлар-ку», дедим. У: «Шундан кейин у зот хонаки (оқ) илонларни ўлдиришдан қайтарганлар, улар уйларда яшовчи жинлардир», деди» (Бухорий ривояти).

Ҳишом ибн Зайд ривоят қилади: «Мен Анас билан бирга Ҳакам ибн Айюбнинг ҳузурига кирдим. Анас бир гуруҳ болаларнинг бир товуқни боғлаб қўйиб тошбўрон қилаётганларини кўриб: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жониворларни ушлаб олиб (қийнашдан) қайтарганлар», деди» (Бухорий ривояти).
 
Абдуллоҳ ибн Язиддан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бировнинг молини ўғирлашдан  (тортиб олишдан) ҳамда жониворларга азоб беришдан қайтарганлар» (Бухорий ривояти).
 
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо молнинг юзига белги қўйишни рад этиб: «Расулуллоҳ молнинг юзига тамға босишдан қайтарганлар», деди (Бухорий ривояти).
 
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам махлуқлар юзига тамға босишдан ва юзига уришдан қайтардилар» (Бухорий ривояти).
 
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жониворларни (ҳайвон ва қушларни) нишон қилиб ўқ отишдан қайтарганлар» (Термизий ривояти).
 
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳайвонларни бир-бири билан уриштиришдан қайтардилар» (Термизий ривояти).

Абдул Малиҳ отасидан шундай ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам йиртқич ҳайвонларнинг терисини ерга тўшашдан ва уни истеъмол қилишдан (ишлатишдан) қайтардилар» (Термизий ривояти).
 
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам эркак ҳайвонни (урғочи ҳайвонни қочириб олиш учун) ижарага бериб, ҳақ олишдан қайтардилар» (Бухорий ривояти).
 
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Ҳеч ким бировнинг соғин ҳайвонини эгасининг рухсатисиз соғмасин! Биронтангиз ичимлик манбаингиз бировнинг қўлига ўтишини, (яъни) хазинангиз (эшиги) синдирилиб, бойлигингиз олиб кетилишини истайсизми? Дарҳақиқат, одамларнинг соғин ҳайвонлари елини улар учун ризқ-рўз манбаидир. Шу боис ҳеч ким бировнинг соғин ҳайвонини эгасининг рухсатисиз соғмасин!» (Бухорий ривояти).

back to top