Мозийдан таралар «Сўнмас садолар» (фотолавҳалар)

Мозийдан таралар «Сўнмас садолар» (фотолавҳалар)

Мозийдан таралар «Сўнмас садолар»

Бугун «Ҳилол-нашр» нашриёт-матбаасининг «Қалбимиз, ҳаётимиз Сиз ила, ё Расулаллоҳ!» шиори остида ўтказилаётган навбатдаги мавлид анжумани бўлиб ўтди. Бугунги мавлид тадбири дастурига Қуръони Карим хизматида бўлган аждодларимиз ўқиган ноёб хатми Қуръонлар тақдимоти ҳам киритилган эди.

Шу сабабли анжуманга юртимизда Қуръон хизматида бўлган динимиз фахрийлари, аҳли Қуръонлар, уламолар, қорилар, имом-хатиблар ва бошқа кўплаб азиз меҳмонлар ташриф буюрдилар.
Анжуманни Нуруллоҳ қори домла Қуръони Карим тиловати ва хайрли дуолар билан бошлаб бердилар.
«Ҳилол-нашр» нашриёт-матбааси раҳбари Исмоил Муҳаммад Юсуф бугунги анжуманга сабаб бўлган қувончли воқеа – юртимизда Қуръони Каримга хизмат қилган мўътабар зотларнинг ноёб ёдгорликларининг тақдимоти эканини айтиб, анжуман иштирокчиларини муборакбод этди.
Мавлид анжуманидаги дастлабки маъруза Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Қуръонни ўрганиш ва ўргатишдаги ўрнаклари, у зот алайҳиссаломнинг қироатлари, Қуръонга муҳаббатлари ҳақида бўлди. «Чимир ота» жомеъ масжиди имом ноиби Абдулбосит қори ушбу суҳбатда Набий алайҳиссаломдан ворид бўлган Қуръонга оид ҳадиси шарифлар, у зотнинг Қуръон ўқишлари, уни ўргатишлари, аҳли Қуръонларга бўлган муҳаббат ва икромлари ҳақида батафсил тўхталиб ўтди.
      «Ислом ота» жомеъ масжиди имом ноиби Ҳасанхон Яҳё «Ҳилол-нашр» нашриёт-матбааси томонидан тақдим этилаётган «Сўнмас садолар» туркумининг нишона маҳсулоти – устоз Шаҳобиддин қори бува ҳамда Абдулмалик қори буваларнинг бундан қирқ йил муқаддам магнит тасмасига ёзиб олинган хатми Қуръонларнинг тарихи ҳақида сўзлаб берди. Мустабид тузум даврида, динга нисбатан тазйиқ энг кучайган бир пайтда Қуръони Каримни тўлиқ ёд олиш, уни минглаб шогирдларга омонат ила етказиш, унинг аҳкомларига бекаму кўст риоя қилиш – чинакам иймон, ҳақиқий ихлоснинг самарасидир, Аллоҳ таолонинг бемисл иноятидир. Ана шундай таҳликали дамда ҳам давр билан ҳамнафас бўлиб, замонавий овоз ёзиш жиҳозларидан дин йўлида, Қуръонга хизмат йўлида фойдаланиш ҳеч бир муболағасиз қаҳрамонликдир, жасоратдир. Хатми Қуръон ёзилган магнит тасмасини на бировга эшиттириш, на оммага тарқатиш мутлақо мумкин бўлмаган бир пайтда, уйдан нафақат Қуръон, ҳатто арабча ҳарф ёзилган бир парча қоғоз топилса, қатағон қилинадиган пайтда Қуръони Каримнинг тўлиқ хатмини магнит тасмасига тушириш ҳақиқий фидойилик, юксак таваккул намунасидир.
Ҳасанхон Яҳё «Сўнмас садолар» туркумини бошлаб бераётган ушбу қори буваларнинг таржимаи ҳоллари билан қисқача таништириб ўтгач, анжуман иштирокчилари мазкур хатми Қуръонлардан намуна тингладилар.
Шундан сўнг анжуманга ташриф буюрган қориларимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бағишланган гўзал наътлар, қасидалар, нашидалардан намуналар ижро қилиб, даврага ўзига хос ажойиб файз бахш этишди.
      Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Анвар қори Турсунов анжуман иштирокчиларини, «Ҳилол-нашр» нашриёт-матбааси жамоасини, тақдимоти бўлаётган ушбу хатмларни ўқиган қори буваларнинг авлодлари ва барча шогирдларини муборакбод этиб, диёримиздаги каби Қуръонга муҳаббат, Қуръонга хизмат дунёнинг ҳеч қаерида топилмаслиги ҳақида тўлқинланиб гапирди. Шунингдек, мазкур катта авлод қориларининг қироати ҳам бугунги кунда барчамиз учун намуна эканини, Мовароуннаҳр юртида етишиб чиққан қорилар нафақат тажвиди, ҳифзи ва қироати билан, балки биринчи навбатда Қуръонга итоати, ҳусни хулқи билан бутун дунёга ўрнак бўлганини, жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин тутганини айтиб ўтди.
«Ислом ота» жомеъ масжиди имом-хатиби Абдулҳаким қори Матқулов ҳам юқоридаги фикрларни қизғин қўллаб-қувватлаб, мазкур икки улуғ устозларнинг қўлида таҳсил олган кенжа авлод вакили сифатида уларнинг ихлос-иймонлари, одоб-ахлоқлари ҳар биримизга, хусусан, ҳозирги ёшларга гўзал ўрнак эканини айтди, чет элдан келган кўплаб меҳмонларимиз айнан юртимиз қориларининг ўзига хос қироати, қуръоний ахлоқини чуқур эҳтиром билан эътироф этишини ҳаётий мисолларда кўрсатиб берди.
Нуруллоҳ қори ҳамда Муҳаммад Амин Муҳаммад Юсуф ҳожилар ҳам Шаҳобиддин қори бува ҳамда Абдулмалик қори буваларнинг ҳузурида ўтган талабалик йиллари ҳақидаги хотиралар билан ўртоқлашиб, у зотларнинг улкан хизматларини, ноёб хислатларини эслаб ўтишди.
      Анжуман сўнггида «Минор» жомеъ масжиди муаззини Абдулбосит қори Бадриддин савоби ушбу улуғ устозларимизга бағишлаб қилинган хатми Қуръонни ниҳоясига етказиб берди, сўнг Нуруллоҳ қори домла хатми Қуръон дуосини ўқиб, бу каби хайрли ишларга бардавомлик, умрини динимиз хизматига бағишлаган барча устозларимизга раҳмату мағфират тилаб, юртимизга тинчлик-хотиржамлик, аҳли илмлар, толиби илмларга ихлосу ғайрат, давлатимиз раҳбарларига хайрли ишларда Аллоҳдан мадад сўраб, мавлид маросимини якунлаб бердилар.
Исмоил Муҳаммад Юсуф барча меҳмонларга яна бир бор ташаккур айтиб, барча юртдошларимизни пойтахтимизнинг Кўкча даҳасида, «Шайх Зайниддин» жомеъ масжиди ёнида куни кеча очилган янги савдо шохобчамизга таклиф қилди. Бугун тақдимоти бўлиб ўтган «Сўнмас садолар» туркумининг нишона сонларини ҳам ана шу дўкондан сотиб олиш мумкин.
Маросим якунида азиз меҳмонларимизга, устоз қори буваларимиз авлодининг анжуманга ташриф буюрган вакилларига, «Сўнмас садолар» туркумининг нишона сони устида ишлаган ижодий гуруҳ аъзоларига эсдалик совғалар топширилди.

 

back to top