Севимли адибнинг янги китоби тақдимоти

Севимли адибнинг янги китоби тақдимоти

Севимли адибнинг янги китоби тақдимоти

Бугун «Ҳилол-нашр» нашриётида Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Малик қаламига мансуб икки китобнинг тақдимоти бўлиб ўтди. Тақдим қилинган биринчи китоб адибнинг барчага маълум ва машҳур «Шайтанат» романининг қайта нашри бўлса, иккинчи китоб – янги чоп қилинган «Дока рўмол қачон қурийди» китобидир.

Тақдимот маросимига ёзувчилар, ижодкорлар, дин ходимлари, имом-хатиблар, матбуот ва оммавий ахборот вакиллари ҳамда бошқа жуда кўп меҳмонлар ташриф буюришди. Марказий савдо мажмуаси китобхонларга лиқ тўлиб, одам сиғмай кетди. Ижодий учрашув ҳамда тақдимот маросими эса чинакам китоб байрамига айланиб кетди. Дарҳақиқат, севимли ёзувчимиз Тоҳир Маликнинг ҳар бир янги китоби китобхонлар учун, халқимиз учун ўзига хос байрамдир. Зеро, бу китоблар ҳақиқий ўзбекона лутф билан, халқчил, содда ва равон услубда, мумтоз адабиётимиз анъаналарига мос теран маъноларни ўз ичига олади, ҳам бадиий, ҳам тарбиявий аҳамияти юқори бўлади, жонли, самимий, аммо ўткир тилда ёзилади, уларни ўқиган китобхон аввало руҳий озуқа олади, маънавий дунёсини бойитади, илмини оширади, қалбида эзгуликка, покликка иштиёқ ортади. Адабиётнинг қайси йўналишида, қайси жанрида бўлмасин, Тоҳир Маликнинг ҳар бир асарида, хоҳ ўткир сюжетли детектив, хоҳ фантастик, хоҳ тарихий,  хоҳ публицистик, хоҳ жиддий, хоҳ ҳажвий бўлсин, дину диёнатимизни, маънавиятимизни, миллийлигимизни ўргатувчи, ўзлигимизни англашга, миллий қадриятларимизни тиклашга чақирувчи ҳаққоний асар бўлади.

Шунинг учун бўлса керак, адибимизнинг ҳар бир янги китоби халққа тақдим қилинар экан, муаллифнинг ҳамкасабалари, сафдошлари, шогирдлари, мухлислари ва минг-минглаб ўқувчилар ушбу китоб байрамига жамланадилар.

Меҳмонлар тўплангач, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Малик, Ўзбекистонда  хизмат кўрсатган маданият ходими ҳамда нашриётимиз бош муҳаррири Эркин Малик  ҳамда адиб Аҳмад Муҳаммад Турсун давра тўридан жой олдилар. Эркин Малик тақдимоти маросимини очиқ деб эълон қилгач, муаллиф аввало адабиётнинг асосий вазифаси ҳақида, инсоннинг ҳаётида илм-маърифатнинг, китобнинг тутган ўрни ҳақида сўзладилар, сўнг бугун тақдим қилинаётган китобларнинг «Ҳилол-нашр» нашриётида босилиш жараёни ҳақида, «Шайтанат» романининг қайта нашри устида олиб борилган ишлар ҳақида ҳамда хусусан, янги чоп қилинган «Дока рўмол қачон қурийди» китобининг ёзилиш тарихи, сабаблари ҳамда ушбу китобда фойдаланилган манбалар ҳақида сўзлаб бердилар. Жонли, самимий суҳбат тарзида ўтган ушбу учрашув давомида кўплаб меҳмонлар сўзга чиқиб, тақдим этилаётган китоблар ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар, муаллифни ҳамда нашриётимизни ушбу янги асарлар билан табрикладилар. Учрашувнинг энг қизиқарли нуқтаси, одатдагидек, савол-жавоблар бўлди. Адибимиз учрашув иштирокчиларининг кўплаб саволларига жавоб бердилар, тақдимотдан сўнг эса китобхонларнинг илтимосига биноан китобларга дастхатлар қўйиб бердилар.

 

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Малик билан бўлиб ўтган ижодий учрашув ҳақида видеолавҳани яқин кунларда порталимизда томоша қилишингиз мумкин.

Тақдимот маросимидан фотолавҳалар 

Юқорига