Буюк ватандошимиз асарининг тақдимоти

Буюк ватандошимиз асарининг тақдимоти

Буюк ватандошимиз асарининг тақдимоти

Бугун «Ҳилол нашр» нашриёти ҳамда Ислом.уз портали буюк ватандошимиз Ҳаким Термизийнинг қаламига мансуб «Сарахс аҳли сўраган масалалар» ва «Касбнинг баёни» номли рисолаларининг устозимиз шайх Муҳаммад Содиқ Муҳамммад Юсуф томонларидан амалга оширилган таржимасини тақдим этди.

Анъанага кўра тақдимот маросими Қуръони Карим тиловати билан бошланди.

«Ҳилол-нашр» нашриёт-матбаа мажмуаси мамлакатимиз аҳолисининг диний-маърифий, илмий-оммабоп, бадиий ва ўқув адабиётларига бўлган талабини қондириш мақсадида улуғ аллома, фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг асарларини ҳамда бошқа диний, ижтимоий, тарбиявий, илмий-оммабоп йўналишлардаги нашрларни чоп этиш билан шуғулланиб келмоқда.

Маълумки, устозимиз шайх ҳазратлари бутун умрларини, барча куч-қувватларини илм-маърифат, зиё тарқатишга бағишлаб, эл-юртга, халққа, ватанга, мусулмонларга ва Исломга хизмат қилдилар.

Устозимиз буюк аждодларга муносиб авлод бўлиш, динимизнинг таълимотларини, халқимизнинг бой маънавий-маърифий ва адабий-бадиий меросини ўрганиш ва ўргатиш, халқимизга хос бўлган дину диёнат, инсонпарварлик, тинчликсеварлик ва бунёдкорлик каби иймон нурига йўғрилган фазилатларини бутун дунёга танитиш, ёшларнинг Ватанимиз тарихи, бугуни ва эртаси олдидаги масъулиятини ошириш ишига муносиб ҳисса қўшдилар.

Бугун ана шу улкан илмий мероснинг яна бир янги саҳифаси очилди. Бу ҳақда устозимизнинг фарзандлари, нашриётимиз раҳбари Исмоил Муҳаммад Содиқ шундай дедилар:

«Муҳтарам меҳмонлар!

Бугунги илму ирфон мажлиси, халқимизнинг маънавият бўстонига янги бир гулдаста тақдим қилиш анжуманида Сизларни кўриб турганимиздан бағоят хурсандмиз, Аллоҳ таоло қадамларингизга ҳасанотлар ёзсин.

Барчамизга маълумки, устозимиз, падари бузрукворимиз шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари халқимизга исломий маърифат тарқатиш йўлида фидокорона хизмат қилдилар. У зот исломий илмларнинг деярли барча йўналишларига – тафсир, ҳадис, ақоид, фиқҳ ва бошқа илмларга оид кўплаб асарлар ёзиб, сизу бизга тақдим қилдилар. Мана, бугун ҳам устозимиз халқимизга яна бир асарларини тақдим қилмоқдалар. Бу асар – шайх ҳазратларининг руҳий тарбияга оид таржималаридан бири бўлиб, унинг муаллифи буюк ватандошимиз Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Алий ибн Ҳасан ибн Башар Ҳаким ат-Термизийдир.

Устозимизнинг илмий фаолиятида руҳий тарбия мавзуси алоҳида ўрин тутгани барчамизга маълум ва машҳур. Дастлаб бу мавзуга кириш, халққа бу нозик масалани танитиш мақсадида «Тасаввуф ҳақида тасаввур» асари ёзилган эди. Ундан сўнг уч жилдлик «Руҳий тарбия» мажмуаси дунёга келди. Бу асарда руҳий тарбиянинг покланиш, тикланиш ва хулқланиш мақомлари баён қилинган эди. Ушбу икки китобдан кейин устозимиз халққа тазкиятун-нафс борасидаги яна бир бебаҳо дурдона – шайх Атоуллоҳ Сакандарий роҳматуллоҳи алайҳнинг «Ҳикамул Атоийя» асарининг таржима ва мукаммал шарҳини тақдим қилдилар. «Хислатли ҳикматлар шарҳи» деб номланган беш жилдлик ушбу мажмуа падари бузрукворимизнинг шоҳ асарлари қаторидан муносиб ўрин олди. Шу тариқа ҳазратимиз Хожа Абдуҳолиқ Ғиждувоний, Хожа Аҳрор Валий, Баҳовуддин Нақшбандий каби тариқат пирларининг силсиласини давом эттириб, уларнинг таълимотларини халққа етказишда улкан хизмат қилдилар.

Умуман олганда, шайх ҳазратларининг илмий фаолиятига назар солсак, унда буюк аждодларимизни, Исломга хизмат қилган улуғ алломаларни халққа танитиб бориш алоҳида ўрин тутган. Шу мақсадда у киши аллома Тафтазоний, Саййид Шариф Журжоний ҳамда Муҳаммад ибн Жазарий ҳақларидаги «Самарқанднинг сара уламолари», Абу Мансур Мотуридий ҳақларидаги «Ҳидоят имом» ва шу каби бошқа асарлар ёзиб, халқимизга тақдим қилиб келаётган эдилар. Шайх ҳазратларининг бугун тақдим қилинаётган асарлари ҳам ана шу туркумнинг ўзига хос давом бўлиб, унга аллома Ҳаким ат-Термизийнинг икки рисоласи киритилган. Шу тариқа устозимиз ўзбек халқига, барча мўмин-мусулмонларга Исломга улкан хизмат қилиб ўтган буюк аждодларимизни, улуғ алломаларимизни, салафи солиҳларимизни таништириб келаётган эдилар. Ҳаким ат-Термизий роҳматуллоҳи алайҳнинг мазкур рисолалари устозимизнинг сизу бизга қолдириб кетган сўнгги китобларидан бири бўлди.

Алҳамдулиллаҳ, бу хайрли иш бугунги кунда давлатимиз раҳбарияти томонидан янада кенг кўламда давом этяпти. Имом Бухорий, Имом Термизий, Ҳаким Термизий, Абу Мансур Мотурудий, Абу Муин Насафий, Қаффол Шоший, Абдулхолиқ Ғиждувоний, Нажмиддин Кубро, Бурҳониддин Марғиноний, Баҳоуддин Нақшбанд, Хўжа Аҳрор Валий каби алломаларнинг беназир меросини илмий асосда чуқур тадқиқ этиш, уларнинг илмий-маънавий жасорати, улуғ инсоний фазилатларини кенг тарғиб қилиш борасида махсус қарорлар қабул қилиниб, амалга ошириляпти.

Умид қиламизки, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг бу борадаги меҳнатлари ҳам ўзлигимизни англаш, диний ва миллий қадриятларимизни тиклаш ишига қўшилган улкан ҳисса бўлиб, падари бузрукворимизнинг номаи аъмолларига садақаи жория бўлиб ёзилади.

Бу кун устозимизнинг янги китобларини халқимизга тақдим қилар эканмиз, сизлардан у зотнинг ҳақларига ҳамда у зот қолдирган улкан илмий меросни ўрганиш ва халққа етказиш борасида хизмат қилаётган барча азизларимизнинг ҳаққига хайрли дуоларда бўлишингизни илтимос қиламиз. Иншааллоҳ, падари бузрукворимиз ҳаёт йўлининг якунида ёзиб қолдирган яна бир неча китоблар нашрга тайёрланяпти, тез кунда уларни ҳам сиз азизларга тақдим қилиш ҳаракатидамиз.

Аллоҳ таоло бугунги анжуманимизни хайрли қилсин, бу каби янги асарлар тақдимотини бардавом айласин, бу олим бандасининг Ўзининг розилиги йўлида қилган саъй-ҳаракатидан рози бўлиб, раҳматига олсин, омин».

Шундан сўнг Тошкент вилояти бош имом-хатиби Хайруллоҳ Абдулмалик янги асарни тақдим қилиб, аввало юртимизда буюк аждодларимизнинг илмий меросини ўрганиш, қадриятларимизни тиклаш борасида олиб борилаётган оламшумул ишлар ҳақида, жумладан, Сурхондарё вилоятида Ҳаким Термизий мангу қўним топган зиёратгоҳда амалга оширилган ободончилик ишлари ҳақида, умуман, халқнинг маърифатини ошириш жабҳасида хайрли ишлар ҳақида сўзлаб, бугунги тақдим қилинаётган асар ана шу хайрли ишларнинг ёрқин бир намунаси бўлганини айтиб ўтдилар. Сўнг китобнинг муқаддимаси, жонли, равон ва халқчил тили, унда баён қилинган мавзуларнинг нақадар долзарблиги ҳақида сўзлаб, буларнинг барчаси мазкур китобнинг аҳамияти нечоғли юксак эканини кўрсатишини таъкидладилар.

Тақдимотдан сўнг маросимга ташриф буюрган меҳмонлар ва тақдимот иштирокчилари ўртасида қисқа ва сермазмун муҳокама бўлиб ўтди.

Шунинг билан янги китобимизнинг тақдимот маросими якунига етди.

Азизлар! Янги китоб барчамизга муборак бўлсин, уни ёзган буюк ватандошимиз Ҳаким Термизийдан ҳам, таржима қилиб, халқимизга тақдим қилган шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларидан ҳам Аллоҳ таоло рози бўлсин, барча садақаи жорияларидан ҳосил бўлган савоблардан охиратда баҳраманд қилсин.

Тақдимот маросими ҳақида тўлиқ видеолавҳани тез кунда порталимиздан томоша қилишингиз мумкин.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Юқорига