«Рубин» футболчиси масжиди деярли қуриб битказилди

«Рубин» футболчиси масжиди деярли қуриб битказилди

Татаристоннинг Высокогорск районидаги Калинино қишлоғида «Рубин» клуби футболчиси Кўкдениз Қорадениз қураётган масжид деярли битди.

Ишчилар масжид ташқи қисмини ёрқин сопол ғишт билан қоплаш ишларини якунладилар, деб хабар беромоқда ProKazan.
Ҳозирда асосий қисмни пардозлаш, минорани битириш, деразаларни ўрнатиш ва дарвозахонани қуриб битказиш ишлари қолган.
2017 йилнинг охиригача битказилиши режалаштирилган «Карадениз» масжиди Калинино қишлоғидаги ягона диний объект бўлади. Ундан бошқа на черков, на масжид бор. Қишлоқда жами 600 аҳоли рўйхатга олинган. Масжид қишлоққа кираверишда ўнг томонда жойлашган (Қозондан борганда).
Мусулмон масжиди ёнида, шунингдек, кафе ва исломий дўкон ҳам очилади. Масжид ичида эса кутубхона, имом учун хона ва иккита намозгоҳ бўлади.
Масжид қурилиши учун «Рубин»нинг туркиялик ҳимоячиси камида 60 миллион рубл сарфлади.
Кўкденгиз Қораденгиз «Рубин»га 2008 йил келди ва ўшанда янгиланган жамоанинг сардорига айланди. Қозон клуби таркибида у икки марта (2008 й., 2009 й.,) мамлакат чемпиони бўлди, 2012 йилда Россия Кубогини ютди.
Туркия терма жамоаси таркибида эса Қорадениз 2008 йил Европа Чемпионатининг бронза медали соҳиби бўлган.

Юқорига