Қирғизистоннинг янги сайланган президенти ҳақида нималар биласиз?

Қирғизистоннинг янги сайланган президенти  ҳақида нималар биласиз?

15 октябрь куни Қирғизистонда президент сайлови бўлиб ўтди. Унда Cооранбай Жээнбеков ғалаба қозонди. Хўш,Cооранбай Жээнбеков ким ўзи, у ҳақида нималар биламиз?

Жээнбеков Cооранбай Шарипович

Cооранбай Шарипович 1958 йил 16ноябрда Ўш вилояти Қара Қулжа тумани Тельман қишлоғида дунёга келган.

Отаси Шарип Жээнбеков таниқли ва ўша давр мезонига кўра бадавлат инсон эди. Оддий халқ у пайтлар бойларни ёқтирмасди, аммо Шарип ота бундан мустасно. У ажойиб хўжалик ходими, айтган сўзининг устидан чиқадиган колхоз раислиги ва турли раҳбарлик мансабларида ишлаган эди. Ҳамқишлоқлари уни зиёли, айни дамда халққа яқин жайдари инсон сифатида хотирлашади. Айтишларича, Сооранбайдаги мўътадиллик, соддалик, жидду-жаҳд айнан отасидан ўтган. Онаси Самара она эса умрини фарзандлар тарбиясига бағишлаган диндор оддий қирғиз аёли эди.

Сооранбай Шариповичнинг болалиги бошқа болалар каби қишлоқдаги юмушларни бажариш билан  ўтган. Отаси унга нафақат меҳнаткашликни, балки китобга меҳрни ҳам юқтирган эди. . У фарзандларига катта кутубхона мерос қолдирган. Сооранбай болалигидан Чингиз Айтматов қаҳрамонлари билан маънан бирга ўсди.

Жээнбековлар оиласи катта эди, у ерда олти ўғил ва тўрт қиз вояга етди. Оила аъзолари диндор эканлиги ҳақида маълумотлар мавжуд. Сооранбай Шариповичнинг ўзи ҳозир ҳам диний ҳамда миллий қадирятларни маҳкам ушлайди. Намозхон, умра сафарига ҳам борган. Сўзлаган нутқларида “Худо хоҳласа” жумласини кўп ишлатади.

Катта акаси Қанторо Жээнбеков таниқли олим эди (шу йил апрелда инсультдан вафот этди). Бошқа ака-укалари эса сиёсатдан узоқ эмаслар: укаси Жусупбек Шарипов Қирғизистоннинг  Қувайт, Марокко, Иордания ва Бахрайндаги Фавқулодда ва мухтор  элчиси бўлиб ишлайди. Яна бир  укаси Асилбек Жээнбеков  парламентнинг собиқ раиси  ва айни вақтда парламентда депутат. .

Сооранбай Шарипович икки соҳа бўйча олий маълумотли. 1983 йил К.И. Скрябин номли қишлоқхўжалик институтини зооинженер мутахассислиги билан тамомлаган.Орадан 20 йил ўтиб иккинчи мутахассисликни қўлга киритди – 2003 йил Қирғизистон аграр университетининг иқтисодиёт факультетини бухгалтерия ихтисослиги бўйича битирди.

Меҳнат фаолиятини Ўш вилоятининг Ўзган туманидаги Ленин номли ўрта мактабда рус тили ва адабиёти муаллими сифатида бошлаган.

1995 йили Қирғиз Республикасининг Олий  Кенгашининг ҳалқ вакиллари мажлисига депутат бўлиб сайланади ва сиёсий фаолиятини бошлайди. Ўша йили Қирғизистон социал демократик партиясига аъзо бўлиб, Алмазбек Атамбаевнинг ташаббуси билан тузилган Қирғизистондаги энг аввалги “Реформа” деб номланган фракция таркибида ишлаган.

Сўнги йилларда С.Жээнбеков давлат бошқарувида катта тажрибага эга бўлди. Сайловчилар уни уч маротаба (1995, 2000, 2005 йилллари) Олий Кенгашнинг депутатлигига сайлаб беришди. Олий Кенгашда: раиси муовини, аграр- ер ва ундан фойдаланиш масалалари бўйича парламент комитетининг раиси бўлиб ишлаган.

2007 йили С. Жээнбеков ўша вақтдаги бош вазир Алмазбек Атамбаев раҳбарлигидаги ҳукуматда қишлоқхўжалиги вазири бўлиб ишлаган.

2010–2015 йилларда Ўш вилояти губернатори лавозимида фаолият олиб борган.

2015 йилнинг охирида ҚР давлат кадр хизматининг директори, ундан сўнг ҚР Президентнинг девони раҳбариниг биринчи ўринбосари лавозимларида ишлаган.

2016 йилнинг апрель ойида ҚР парламенти С. Жээнбековни бош вазир лавозимга тайинлаган.

2017йилнинг 15 июль куни ҚСДП партияси съезди Сооранбай Жээнбековни Қирғиз Республикасининг президентлигига номзод сифатида кўрсатди. 2017 йилнинг 21 август куни  сайлов олди ишлари адолати ўтсин деб,  у ўз хоҳиши билан бош вазирлик ҳизматидан  воз кечиб  мансабидан истеъфо берди.

2017 йилнинг 15 октябрь куни бўлиб ўтган президентлик сайловининг натижаларига кўра 54.22% овоз билан биринчи ўринни эгаллади. 2017 йилнинг 24 ноябрь куни Қирғизистон Республикасининг президенти лавозимига киришишига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтиши кутимоқда.

 Оммавий ахборот воситаларига маълум бўлишича, Сооранбай Жээнбековнинг аёли Ойгул Жээнбекова – уй бекаси. Бир ўғил ва бир қизи бор. Қизи оилали, бир фарзанди бор. Ўғли – мактаб ўқувчиси.

Интернетдаги манбаълар асосида

Муҳаммадазиз Муҳаммадюсуф тайёрлади.

Юқорига