«Ошхона» («Кухня») сериалининг актёри Сергей Романович қандай қилиб мусулмон бўлганини гапириб берди

«Ошхона» («Кухня») сериалининг актёри Сергей Романович қандай қилиб мусулмон бўлганини гапириб берди

25 ёшли актёр Сергей Романович «Чернобиль. Бегоналашиш ҳудуди», «Метод», «Ошхона», «Ольга» ва бошқа сериаллардаги роллари орқали оммага таниш.

«Ольга»да актёр бош қаҳрамоннинг куёви, эрка ва масъулиятсиз йигит Андрей ролини ўйнайди. Умуман, Сергей актёр сифатида бундай қаҳрамонлар қиёфасини кўп яратади. Аммо ҳаётда у қаҳрамонларининг тамомила тескариси.
Беш йил аввал актёр Исломни қабул қилди. Янги дин унинг ҳаётини тубдан ўзгартириб юборди. Ҳаммаси Сергейнинг дўсти билан Ислом ҳақида баҳслашиб қолишидан бошланди. «Мен Ислом деганда телевизорда кўрсатиладиган автомат тутган террорчиларни кўз олдимга келтирардим. Аммо дўстим бу таълимот билан танишмисан, мавзуни биласанми деб сўраб қолди. Тушундимки, билмас эканман. Шу сабабли конструктив баҳс юрита олмадим. Уйга бориб Исломни ўргана бошладим, шунчаки қизиқиш учун. Мавзуга чуқурроқ кириб борганим сайин аввалроқ ўзимда пайдо бўлган саволларга жавоб топавердим. Менга ҳаммаси тушунарли бўлиб қолди. Бу айнан мен излаган нарса эди», – деди Романович Teleprogramma.pro га берган инервьюсида.
Актёрнинг яқинлари унинг мусулмон бўлгани ҳақидаги хабарни хавотир билан кутиб олдилар. Хаёлларига келган биринчи шубҳа: «Сергейни йўлдан уришди!» Сергей ҳаммаси жойидалигини, уни ҳеч ким йўлдан урмаганини ва террорчилар сафига қўшилмоқчи эмаслигини уларга тушунтириш учун анча ҳаракат қилишига тўғри келди.
«Шаблонларни енгиш қийин. Қўқув ва нохолислик билмаган нарсангни ёмон кўрсатади. Мени ВГИК декани ва курсимиз устаси чақириб олишди, профилактика суҳбатларини ўтказишди, «Сенга нима бўлди? Мутассиб оқимга кириб қолмадингми?» деган саволлар беришди. Вақт ўтиши билан вазият изига тушди. Одамлар эс-ҳушим жойидалигини ва бошқалардан фарқим йўқлигини кўришди. Энди ҳеч муаммо йўқ», – деди актёр.
«Чернобиль» ва «Ольга» суратга олинаётганда Сергей мусулмон эканини суратга олиш майдончасидаги ҳамма билар эди. Актёрнинг сўзларига кўра, дин унинг ишига ҳеч халақит бермайди, фақат айрим чекловлар бор, холос. «Кадрда сосиска ейишим керак бўлса, мен учун махсус ҳалол сосискалар сотиб олишади. Маълум вақтларда намоз ўқиб олиш учун майдончани тарк этаман, бу беш дақиқагина вақтни олади. Бу борада ҳеч бир тушунмовчилик бўлмади. Тўғри, кадрда ишлашнинг ўзига хосликлари бор. Масалан, мен очиқ саҳналарда ўйнамайман, актрисаларга тегинмайман, яланғоч суратга тушмайман. Ўрнимга дублёрлар ўйнаб беришади – буни ҳеч ким пайқамайди ҳам. Бундан картина сифатига зарар етмайди», – дея сўзларини якунлади Романович.
Манба: Cosmopolitan

Юқорига