Ёлғоннинг умри қисқа

Ёлғоннинг умри қисқа

Ижтимоий тармоқларда бир миш-миш – «Хастиимомда пайғамбар улуғланган монумент ўрнатилади» деган хабар тарқалди. Хабарда айтилишича, бу монумент «Ислом цивилизация маркази» биносига жойлаштирилар эмиш. Табиийки, бу хабар ҳам ижтимоий тармоқларда кўплаб эътирозларга сабаб бўлди.

Ёлғонлиги аниқ кўриниб турган бўлса-да, хабарга аниқлик киритиш мақсадида Ислом.уз таҳририяти «Ислом цивилизация маркази» билан боғланди. «Ислом цивилизация маркази» масъул ходими бу хабарни инкор этди ва «Ислом цивилизация маркази бундай монумент қилиш нияти йўқ. Бу хабар ёлғон», деди.

Азизлар, сўнгги пайтда ахборот олами ёлғон-яшиқ гапларга, миш-мишларга тўлиб кетди. Аслида илм олиш, маълумот алмашиш учун ихтиро қилинган ахборот тармоғи одамларнинг онгини заҳарлайдиган, хаёлини бузадиган, ҳеч бўлмаганда вақтини исроф қиладиган воситага айланиб қолди. Минг афсус. Баъзи кимсалар рейтинг тўплаш учун ҳар қандай номаъқулчиликдан тап тортмай, очиқчасига ёлғон-яшиқ сафсаталарни тарқатиб, ҳаммани безор қиляпти.
Хўш, бундай вазиятда мусулмонлар қандай йўл тутиши керак? Интернет ана шундай беҳаё, бемаъни нарсаларнинг макони экан деб, умуман ундан юз ўгириши керакми?
Йўқ. Интернетдан, ижтимоий тармоқлардан холис ният билан – Аллоҳ розилиги учун, илм олиш учун, фикр алмашиш учун фойдаланиш керак. Бунинг учун эса, ҳар бир ишда бўлгани каби, Қуръон ва Суннатга риоя қилиш керак, холос.

Аллоҳ таоло «Эй иймон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар, билмасдан, бир қавмга мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар», деган (Ҳужурот сураси, 6-оят).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Эшитган ҳар нарсасини айтверишнинг ўзи кишнинг гуноҳкор бўлиши  учун кифоя қилади», деганлар.
Абу Довуд ва Муслим ривоят қилган.

Шу икки илоҳий кўрсатма бугунги ахборот замонида йўлдан адашмаслик, залолатга кетмаслигимиз учун кифоя қилади.
Юқоридаги миш-мишга қайтсак, бундай ҳолатларда аввало бундай гаплардан ким манфаатдорлигини бир ўйлаб кўриш керак. Ҳар ҳолда мўмин-мусулмон одам хурсанд бўлмайдиган гап экан, демак, уни яхши одам айтмаган. Шунинг учун бундай гапни эшитган тақдиримизда ҳам бошқаларга айтмаслигимиз, уни ёймаслигимиз керак эди. Юртимизда диний муассаса ташкил қилинаётганидан, Исломни бутун дунёга танитиш билан шуғулланадиган ташкилот очилиб, унга бино қурилаётганидан хурсанд бўлган одамдан бундай гаплар чиқмайди. Қолаверса, диндан бироз хабари бор одам ҳам бундай бўлмағур гапларни айтмаса керак.
Шундай экан, бу каби олди-қочди гапларга эътибор, вақт сарфлаш ҳайф. Ахборот асрида, симсиз алоқа, интернет ривожланган замонда бўлар-бўлмас гапларга ишониб, алданиб қолиш ҳам ярашмаган иш.
Шунинг учун ҳар қандай маълумотни унинг асл манбаидан, шу соҳанинг мутахассисидан, расмий вакилидан олиш, фақат аниқ, ҳужжатли, далилли маълумотларга ишониш ва зарурат бўлсагина уларни бошқаларга улашишга ўрганайлик.

Юқорига