Жаҳон ҳамжамияти Трампнинг қарорига қарши чиқиши керак

Жаҳон ҳамжамияти Трампнинг қарорига қарши чиқиши керак

Қуддус барча мусулсонлар учун муҳим аҳамиятга эга.

Халқаро Қуддус фонди АҚШнинг Қуддусни Исроил пойтахти деб тан олганига қарши оммавий норозилик намойишлари ўтказишга чақирди.
«Барчани саккизинчи декабрь куни АҚШнинг Қуддусни Исроил пойтахти деб тан олишига қарши оммавий норозилик намойишларида иштирок этишга чақирамиз», – дейилади фонд хабарида.
Баёнотда, шунингдек, Қуддуснинг араблар ва барча мусулмонлар учун муқаддас шаҳар экани таъкидланади.
“Қуддус шу ернинг асл эгалари бўлган шу замин фарзандларига тегишли ва биз ҳеч қачон Фаластиннинг парчаланиб кетишига рози бўла олмаймиз”, – дейди фонд раҳбари Ясин Ҳаммуд.
Куни кеча ХАМАС ҳаракати фаластинлик гуруҳларни жума, саккизинчи декабрни Исроилга қарши ғазаб куни деб эълон қилишга ва Дональд Трампнинг Қуддусни Исроил пойтахти деб тан олиши ҳамда Америка элчихонасини Тел-Авивдан Қуддусга кўчириш режасига қарши норозилик билдиришга чақирганди.
Исроил ярим асрдан бери Қуддусни истило қилиб келади ва президент Дональд Трампнинг Қуддусни Исроил пойтахти деб тан олишидан сўнг бу истило янги босқичга кўтарилди.
Исроил Шарқий Қуддусни 1967 йилнинг 5 июнида босиб олган. 1980 йили Кнессет Исроил Қуддусни ўзининг ягона ва ажратиб олиб бўлмас пойтахти деб бир томонлама эълон қилиши ҳақидаги қонун лойиҳасини қабул қилди.
Бунга жавобан БМТ ХК 478-сонли резолюция қабул қилиб, унда Исроилнинг Шарқий Қуддусни аннексия қилишини қоралади.
Халқаро ҳамжамият Шарқий Қуддусни Исроил истилоси остидаги ҳудуд деб ҳисоблайди. Бундан ташқари, ҳозирча АҚШдан бошқа ҳеч бир давлат Қуддусни Исроил пойтахти деб тан олмаган ва олмайди ҳам. Исроилни давлат сифатида тан олган барча мамлакатлар элчихоналари Тел-Авивда жойлашган. АҚШ Қуддусни Исроил пойтахти деб тан олган биринчи ва ягона давлатдир.

Юқорига