Туркия араканлик мусулмонлар учун болалар боғи барпо этди

Туркия араканлик мусулмонлар учун болалар боғи барпо этди

Туркиянинг инсонпарварлик ташкилотлари Бангладешдаги қочқинлар лагерларида аянчли шароитларда яшаётган роҳинжа мусулмонларга ёрдам беришда давом этмоқда.

Ушбу ташкилотларнинг инсонпарварлик фаолияти бутун дунёга намуна бўлишга арзийди.
Туркия ҳамкорлик ва координация агентлиги (TIKA) ўзининг инсонпарварлик фаолияти доирасида Бангладешдаги қочқинлар лагерида биринчи болалар истироҳат боғи ҳамда замонавий ошхона барпо этди.
БМТнинг маълумотларига кўра, шу йилнинг 25 августидан сўнг Бангладешга қочган роҳинжа мусулмонлар сони 625 мингга яқинлашиб қолган, уларнинг 55 фоизи болалардир.
Бугунги кунда TIKA араканлик қочқинларга катта миқдордаги инсонпарварлик ёрдамларини улашди. Жумладан, агентлик томонидан Бангладешдаги қочқинлар лагерларига озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди, тураржойлар қурилди ва тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Бундан ташқари, TIKA қочқин болалар учун алоҳида лойиҳаларни амалга оширмоқда.
Ушбу лойиҳалар доирасида TIKA Тангаилда болалар учун илк истироҳат боғини қуриб битказди.
Боғда аттракционлар, арғимчоқлар ўрнатилган, футбол майдони яратилган.
“Анадолу” агентлигига TİKA нинг Бангладешдаги координатори Жиҳон Динчернинг маълум қилишича, агентлик Мянмада август воқелари содир бўлиши билан араканлик мусулмонларга ёрдам беришни бошлаган, Бангладешдаги лагерларга биринчилардан бўлиб озиқ-овқат маҳсулотлари ва зарур буюмларни етказиб берган.
“Инсонпарварлик ёрдамларини тарқатиш жараёнида Аракандан келган қочқинларнинг катта қисми аёллар ва болалардан иборат экани маълум бўлди. Жумладан, озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилаётганда, уларни олишга болалар келар эдилар. Шу муносабат билан TİKA ходимлари бу болалалар учун нималар қилиш мумкинлиги ҳақида ўйлай бошладилар. Шунда болалар истироҳат боғи қуриш ғояси пайдо бўлди”, – деди Динчер.
Унинг сўзларига кўра, агентлик Даккадан меъмор таклиф қилди, у ҳудудда мавжуд қурилиш материалларини ҳисобга олган ҳолда истироҳат боғи дизайнини ишлаб чиқди.

Юқорига