Ватикан АҚШнинг Қуддус ҳақидаги қарорини ёқламайди

Ватикан АҚШнинг Қуддус ҳақидаги қарорини ёқламайди

Фаластин олий суди раҳбари Ватикан давлат котиби билан музокара ўтказди.

Фаластин Олий суди раҳбари Маҳмуд Ал-Ҳаббаш Ватикан давлат котиби кардинал Петро Паролино билан АҚШнинг Қуддусни Исроил пойтахти деб тан олишини муҳокама қилди, деб хабар беради WAFA агентлиги.
Ватиканда бўлиб ўтган учрашувда томонлар Вашингтоннинг Яқин Шарқдаги сиёсатга таъсирини ўргандилар.
Ал-Ҳаббаш Қуддус мақомининг ўзгариши ортидан тахмин қилиб бўлмас оқибатлар юзага келиши борасида хавотирларини баён қилди.
«Миллиардлаб мусулмонлар ва насронийлар Қуддусни ўз динларининг бир бўлаги деб биладилар. Уларнинг бари Қуддусдаги сиёсий ва миллий масалалар билан ўйнашишни қоралайдилар», – деди Олий суд раҳбари.
АҚШнинг Қуддус борасида позициясини кардинал Паролино ҳам ёқламади.
«Американинг Исроилдаги элчхонаси Қуддусга кўчирилиши бутун дунёдаги тинчликка ва барқарорликка катта зарар етказади. Бу қадам, шунингдек, муаммони «икки халқ учун икки давлат» принципи асосида бартараф этиш жараёнига ҳам катта зарба беради», – деди Ватикан давлат котиби.
Эслатиб ўтамиз, 2015 йилнинг май ойида Ватикан Фаластин давлатини тан олгани ҳақида эълон қилган эди.

Юқорига