Жаҳон ҳамжамияти Қуддус туфайли Трампдан норози

Жаҳон ҳамжамияти Қуддус туфайли Трампдан норози

АҚШнинг Қуддус масаласидаги позициясини шу пайтгача жаҳоннинг биронта мамлакати қўллаб-қувватлагани йўқ.

Президент Дональд Трампнинг Қуддусни Исроил пойтахти деб тан олиши ва Америка элчихонасини Тел-Авивдан Қуддусга кўчириш қарори жаҳон ҳамжамияти томонидан қаттиқ танқидларга учради.
Халқаро ташкилотларнинг аксари, жумладан, Ислом дунёси, Трампнинг ҳудудда янги зўравонликларга сабаб бўлувчи ушбу қарорини қоралаб чиқди.
Трампнинг ишини қаттиқ қоралаган ташкилотлар қаторида Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ), Араб давлатлари лигаси (АДЛ) ва Европа иттифоқи (ЕИ) бор. Жаҳондаги биронта давлат Трампнинг позициясини қўллаб-қувватламади.
Саудия Арабистони қироли Салмон ибн Абдулазиз Трамп билан телефон суҳбати чоғида Вашингтоннинг Қуддусни Исроил пойтахти деб тан олиш режаси тинчлик музокараларига жиддий путур етказиши ҳамда ҳудудда янги зўравонликларни келтириб чиқариши ҳақида огоҳлантирган эди.
Европа иттифоқи ҳам Қуддуснинг мақоми ўзгарганига ишора берувчи ҳар қандай хатти-ҳаракат бутун дунёдаги барқарорликка салбий таъсир кўрсатишидан огоҳлантирган.
Европа Иттифоқи ундан кўра Исроил ва Фаластин ўртасидаги тинчлик музокараларига кўпроқ эътибор қаратиш лозимлигини айтган. ЕИ тинчлик музокараларини тиклаш учун ҳар икки томон билан ҳам алоқаларни сақлаб туришини маълум қилган.
Аввалроқ Америка ОАВлари президент Трамп Қуддусни Исроил пойтахти деб тан олиши ва элчихонани Тел-Авивдан Қуддусга кўчириш режасини маълум қилган эди. Июнь ойида Трамп Америка элчихонасини Қуддусга кўчириш масаласини олти ойга кечиктирди. Куни кеча эса у Қуддусни Исроил пойтахти деб тан олиш ва элчихонани шу шаҳарга кўчириш ҳақида қарор қилди.

Юқорига