Назарбоев: Ислом асосларини тўғри тушунтириб бериш керак

Назарбоев: Ислом асосларини тўғри тушунтириб бериш керак

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев мамлакат бош муфтийси Серикбой ҳожи Ораз билан учрашув ўтказди, деб хабар беради Оқўрда матбуот хизмати.
Учрашув давомида мамлакат раҳбари Серикбой ҳожи Оразни Қозоғистон муфтийси лавозимига сайлангани билан қутлади.

«Мен сизни мустақиллик куни арафасида чақиришимдан мақсад шундай юксак лавозимга сайланганингиз билан муборакбод этишдир. Мустақиллик туфайли биз анъаналаримизни тиклаш ва аждодларимиз динига эътиқод қилиш имкониятига эга бўлдик. Давлат томонидан ҳар бир фуқаронинг эътиқод эркинлигини таъминлаш учун барча ишлар қилинган», – деди Қозоғистон президенти.
Нурсултон Назарбоев диний муносабатларни тартибга солиш масаласида давлатнинг Дин ва фуқаролик ишлари бўйича вазирлиги қиёфасидаги аҳамиятини алоҳида таъкидлади.
«Қозоғистон – дунёвий давлат. Вазирлик бировнинг эътиқод эркинлигини чеклаш учун ташкил қилинмаган. Вазирлик эътиқод қилувчилар бир-бирларининг ҳуқуқларини бузмасликлари учун диний соҳада тартибни таъминлаш мақсадида ташкил қилинган», – деди Қозоғистон президенти.
«Ватанпарварлик, ватаннни севиш, мамлакатдаги ва бутун ҳудуддаги барқарорлик – келажагимиз гаровидир. Бунинг учун ҳаммамиз биргаликда ишлашимиз керак», – деди Назарбоев.
Давлат раҳбари ханафийлик мазҳабининг Қозоғистон мусулмонлари учун анъанавийлигини урғулади ва Исломнинг бу оқими асосларини тўғри тушунтириш заруратини таъкидлади.
«Ёшларимиз орасида масжидга шунчаки урф бўлгани учун бораётганлар, мода ортидан қувиб иштонини калталатиб олганлар ёки соқол ўстириб юборганлар бор. Ҳаммага Ислом асосларини тўғри тушунтириб бериш керак», – деди Қозоғистон президенти.
Давлат раҳбари, шунингдек, радикал диний оқимларга қўшилиб қолганлар билан яккама-якка тушунтириш ишлари олиб бориш лозимлигига эътиборни қаратди.
Учрашув якунида Қозоғистон президенти ва Бош муфтий диний таълим масаласини ҳам муҳокама қилдилар.

Юқорига