Дамашққа туташ шаҳарчада яшовчи қизлар Twitter орқали жаҳонга мурожаат қилмоқда

Дамашққа туташ шаҳарчада яшовчи қизлар Twitter орқали жаҳонга мурожаат қилмоқда

Қизларнинг твитларини асосан АҚШ ва Европадаги фойдаланувчилар кузатиб боради.

Дамашқ яқинидаги Шарқий Гута шаҳарчаси беш йилдан бери Башар Асад режими томонидан қамалда ушлаб турилибди.
Етти яшар суриялик қизалоқ Бана Ал-Абаддан ибрат олган Шарқий Гутада яшовчи опа-сингил Нур ва Аъло Хатиб шаҳарчадаги ҳолат ҳақида бутун дунёга маълумот беришга қарор қилди.
Саккиз яшар Аъло ва ўн ёшли Нур Twitter да Noor and Alaa блогини юритадилар ва инглиз тилида хабарлар қолдириб, Шарқий Гутадаги болалар тортаётган азобларни бутун дунёга маълум қилиб бормоқдалар. Бу ишда уларга инглиз тили ўқитувчиси бўлган оналари Шамс Хатиб ёрдам беради.
Қизалоқлар жаҳон ҳамжамиятини тезроқ чора кўриб Шарқий Гутадаги очарчилик ва болалар ўлимига чек қўйишга чақиради. Уларнинг твитларини асосан АҚШ ва Европада яшовчи фойдаланувчилар кузатиб боради.
«Мен Шарқий Гутадаги болаларнинг аҳволи ҳақида гапириб бераман. Уларнинг ейишга ҳеч нимаси йўқ, дори-дармон етишмайди. Бир нечта болалар очликдан ўлди. Биз мактабга қатнай олмаймиз, чунки мактабимизни доим ўққа тутишади. Жаҳон ҳамжамияти Бана Ал-Абадни эшитгани каби бизни ҳам эшитишига умид қиламан», – деди Нур «Анадолу» агентлигига.
Унинг синглиси Аъло олма, банан ва мазали таомларни егиси келаётганини айтади. «Умид қиламанки, Худди Ҳалаб қамали каби Шарқий Гута қамали ҳам якун топади. Умид қиламанки, дунё бизни эшитади», – дейди қизалоқ.
Суриядаги уруш 2011 йил бошланди, ўшанда тинч намойишлар намойишчиларнинг ҳукумат ҳарбийлари томонидан ўққа тутилиши ортидан қуролли зиддиятларга айланиб кетган эди.
БМТ маълумотларига кўра, зиддият давомида 400 минг инсон ҳалок бўлди, 10 миллиондан ортиқ аҳоли ўз уйларини ташлаб кетди, 4,8 миллион инсон мамлакат ташқарисидан паноҳ топди.

Юқорига