Кембрижда жуда кўркам масжид қурилмоқда

Кембрижда жуда кўркам масжид қурилмоқда

Британиянинг Кембриж шаҳрида қурилаётган масжид меъморлари ва қурувчилари журналистларга ажойиб дизайнли иншоотнинг қуриш жараёнини баҳолашга рухсат берди.

Қурилаётган бино тепасига катта олтинранг гумбазнинг ўрнатилиш жараёни гувоҳларни қойил қолдирди, шунингдек, бино ичидаги жимжимадор, ғайриоддий геометрик шаклларга эга колонналар ҳам ақлларни шошириб қўйди, деб хабар беради Cambridge News.
Кембриж масжиди васийлик кенгаши раиси доктор Тим Уинтер (бу шахс шайх Абдулҳаким Мурод номи билан ҳам машҳур) яқинда (октябр ойида) мусулмон жамоати масжиднинг яҳудий архитектори Дэвид Марксни сўнгги манзилга кузатганлари ҳақида гапириб берди. Маркс ушбу беқиёс лойиҳани яратиб, қисман амалга оширгач, саратон хасталигидан вафот этди.
«Асосий намозхона деярли тайёр ва ажойиб кўринишга эга. Архитекторимиз Дэвид Маркснинг икки ой аввалги ўлими барчамизни ларзага солди, ўзи ўйлаб топган бинонинг амалда қандай чиқишини кўрмай ўтиб кетгани ачинарли», – таъкидлади шайх Мурод.
Кембриждаги беназир масжид қурилиши тахминан 17 млн фунт стерлингга тушди.
Бино қурилиши 2016 йил сентябрида бошланган, фойдаланишга топширилиши эса 2019 йил ноябрига режалаштирилган.

Юқорига