Россия пойтахтида шаҳар муфтийси қайта сайланди

Россия пойтахтида шаҳар муфтийси қайта сайланди

Ўтган ҳафта Элдор ҳазрат Алауддинов Москва шаҳар диний бошқармаси раиси этиб қайта сайланди. Диний ташкилотнинг қурултойи «ДАР» маданият марказида бўлиб ўтди, деб хабар беради mosdum.ru.

Тадбирда шаҳар мусулмон жамоатлари вакиллари, Жоме, Тарихий ва Мемориал масжид имомлари иштирок этдилар. Фахрий меҳмон сифатида Москва шаҳар Миллий сиёсат ва динлараро алоқалар департаменти раҳбари, Диний ташкилотлар билан алоқалар бошқармаси бошлиғи Константин Блаженов ташриф буюрди.
Пойтахт муфтийси Элдор ҳазрат Алауддинов 2017 йилда амалга оширилган ишлар ҳақида сўзлаб берди, айниқса, ўтаётган йилда муваффақиятли тарзда рўёбга чиққан диққатга сазовор лойиҳаларга эътиборни қаратди.
Элдор ҳазратнинг Москва шаҳар диний бошқармаси раҳбари лавозимида қилган ишлари, тинчликни сақлаш, миллиатлараро ва динлараро мулоқотни нафақат пойтахт миқёсида, балки умуман мустаҳкамлаш йўлидаги фаол ҳаракатлари аҳамиятини таъкидлаган ҳолда қурултой иштирокчилари уни янги муддатга Москва шаҳар муфтийси этиб қайта сайладилар.
Муфтий кўрсатилган ишонч учун уларга миннатдорчилик билдирди ва 2018 йилга мўлжалланган режалар ҳамда лойиҳалар билан ўртоқлашди.

Юқорига