Трампнинг Қуддус ҳақидаги қарори билан Ийсо алайҳиссаломнинг иккинчи бор келиши ўртасида қандай боғлиқлик бор?

Трампнинг Қуддус ҳақидаги қарори билан Ийсо алайҳиссаломнинг иккинчи бор келиши ўртасида қандай боғлиқлик бор?

Яқинда патриарх Кирилл Инжилнинг сўнгги китоби бўлмиш Юҳанно(Иоанн)га таяниб айтган сўзларини кўпчилик Қиёматдан огоҳлантириш деб тушунди.

Ундан кейин Россия президенти Владимир Путин Хмаймимдаги авиабазага бориб, ўз тарғиботида охирзамон мавзусини фаол қўллаётган ИШИД террорчилик гуруҳининг яксон этилганини эълон қилди. Бу ташкилотнинг раҳнамолари «Рум аскарлари» Ислом лашкари билан Сурияда тўқнаш келиши ва Исломнинг Дажжол билан сўнгги жанги Қуддусда бўлиб ўтишини кўп гапирардилар. Россия ҳарбий кучларининг фаол иштирокида ИШИДнинг тор-мор этилиши Суриядаги ҳарбий ҳаракатлар Қиёматнинг бошланиши эканини англатишига ишонувчиларнинг умидларини чиппакка чиқарди.
Бундан кейин ҳудудда аҳвол барқарорлашиши ва таранглик камайиши керак эди. Аммо насронийлар ҳам, мусулмонлар ҳам Қиёматга ишонишда ёлғиз эмаслар. Яҳудийликда ҳам охирзамонни кутиш жуда кучли. Ва уларда бу кўп жиҳатдан яҳудийликнинг асосий муқаддас қадамжоси саналадиган ва римликлар томонидан эрамизнинг 70 йилида Қуддус эгалланиши пайти бузиб ташланган Сулаймон эҳромининг тикланиши билан боғлиқдир.
У жойлашган ва масиҳийлар Эҳром тоғи, мусулмонлар эса Ҳарами Шариф дейдиган ерда ҳозир исломнинг яна бир муқаддас қадамжоси – Ал-Ақсо масжиди турибди. Учинчи Эҳромнинг қурилиши учун кўпчилик раввинлар (аммо ҳаммаси эмас) мусулмонларнинг масжиди бузилиши керак деб ҳисоблайдилар.
Айрим яҳудий ташкилотлари, масалан, «Эҳром институти» («Махон ха-Микдаш») ўша эҳром учун махсус асбоб-анжомлар ҳамда роҳибларнинг либосларини яратган. Бошқа ташкилотлар («Нееманей хар ха-байт») эса Ҳарами Шарифга яҳудийларнинг турли оқимлари вақти-вақти билан келиб туришини ташкиллаштирадилар.
Эслатиб ўтиш жоиз,Ҳарами Шарифга ҳозирда вафот этган Исроил бош вазири Ариэл Шароннинг ташрифи «Ал-Ақсо интифодаси»нинг бошланишига олиб келганди. Худди шундай, ХАМАС ҳаракати Трампнинг баёнотидан сўнг, 2000 йилда бўлгани каби, янги Интифодани бошлашга чақирмоқда.
АҚШ томонидан Қуддуснинг Исроил пойтахти деб тан олиниши Саудия Арабистони бошлиқ араб давлатларининг Исроил билан муносабатларни яхшилаш йўлидаги ҳаракатларига катта тўсиқ қўйди. У араблар позициясидаги муҳим нуқтани бузди: араблар Исроил 1967 йилги урушгача бўлган чегараларни тан олгандагина бу давлатни тан олишлари ҳақида гапириб келадилар. Энди мавжуд шароитда Исроил билан муносабатларни яхшилаш йўлидаги ҳаркатлар Саудиянинг бутун мусулмон дунёси олдида обрўси тушишига олиб келади, уни яна бир марта Америка қўлидаги қўғирчоқ сифатида намоён этади ва Вашингтон билан баланд овозда гаплашаётган ҳамда фаластинликларнинг қуролли курашини қўллаб турган Эроннинг обрўсини ўз-ўзидан ошириб юборади.
АҚШ президенти Қуддусни Исроил пойтахти деб тан олиши билан Яқин Шарқдаги сўниб бораётган зиддият оловига мой сепди ва бу можарода кимнинг ёнини олаётганини аниқ англатди. Майли, Трамп мамлакат ичидаги сиёсий вазият туфайли, Конгресснинг босимини пасайтириш учун бу ишни қилди деган овозлар янграйверсин. Муҳими, унинг баёноти ташқи сиёсатда Яқин Шарқдаги воқеалар ривожига жиддий ноаниқлик унсурини киритади. Ким унга бундай қилишни маслаҳат берди: унинг Яқин Шарқ бўйича маслаҳатчисими ё машҳур иқтисодчи ва сиёсатшунос М. Хазин таъбири билан айтганда, президентни бошқариш бўйича «директорлар кенгаши»ми – тахминларни айтавериш мумкин. Ҳар нима бўлганда ҳам, православ руҳоний бузруклар айтганидек, янги қурилган Эҳромда ёлғон дин ҳукмронлик қилади ва бу Исо Масиҳнинг Иккинчи қайта келиши, яъни Қиёматдан дарак бўлади.

Юқорига