Яҳудийларни нацистлардан қутқарган ташкилот Исроилнинг «қора рўйхати»га кирди

Яҳудийларни нацистлардан қутқарган ташкилот Исроилнинг «қора рўйхати»га кирди

Исроил ҳукумати 20 та халқаро тузилма аъзоларининг мамлакатга киришини тақиқлади, улар қаторига «American Friends Service Committee» ташкилоти ҳам киритилди.
Маълумотларга кўра, бу ташкилот Иккинчи жаҳон уруши даврида юзлаб яҳудийларни фашист лагерларидан қутқариб қолган эди.

Эслатиб ўтамиз, «American Friends Service Committee» 1947 йил «яҳудийларни қўллагани ва уларни Холокостдан асраб қолгани» учун тинчлик бўйича Нобел мукофотини олган эди.
Исроил ҳукуматининг юқоридаги қарори туфайли «American Friends Service Committee» расмий баёнот эълон қилди:
«Сайёрамиздаги барча халқлар, жумладан фаластинликлар ҳам, тинч яшаш ва ўз тақдирини ўзи ҳал қилиш ҳуқуқига эга. 51 йилдан бери уларнинг ҳуқуқи истило қилинган ҳудудларда Исроил томонидан бузиб келинмоқда. Исроил яҳудийларининг барча ҳуқуқлари таъминланган ва бадастир яшамоқдалар, фаластинликларнинг ўз юртидаги ҳаёти эса дўзахга айланган. Фаластин халқига нисбатан бундай муносабат ҳеч бир қуюшқонга сиғмайди. Исроил ҳукуматининг шундай позициясига қарамай, ташкилотимиз муҳтожларга, жумладан, фаластинликларга ҳам ёрдам беришда давом этади», – дейилади «American Friends Service Committee» ташкилотининг баёнотида.
Эслатиб ўтамиз, мазкур ташкилот (American Friends Service Committee – Америкалик дўстлар хизмати қўмитаси) 1917 йилда ташкил топган бўлиб, ўшандан бери катта ва кичик урушлардан жабр кўрган муҳтожларга ёрдам беради. Ташкилот Иккинчи жаҳон уруши даврида яҳудийларга ва Вьетнам уруши пайти маҳаллий аҳолига катта кўмак бериб, эътиборга тушган эди.

Юқорига