Масжидни таҳқирлаган кимса ўз жонига қасд қилди

Масжидни таҳқирлаган кимса ўз жонига қасд қилди

АҚШнинг Колорадо штатида туғилган ва масжидни таҳқирлаган шахс ўз жонига қасд қилди.

36 яшар Жозеф Жаквинтога масжидни таҳқирлагани учун суд ҳукми ўқилди, аммо эртасига унинг жасади Форт-Коллинзадаги меҳмонхонадан топилди, деб хабар бермоқда The Root.
Жаквинто Форт-Коллинзадаги масжидга ўтган йилнинг март ойида ҳужум қилган эди. Асли собиқ ҳарбий шифокор бўлган бу шахс масжидга кириб тартибсизликларни бошлаган, жанжал чиқарган, мебелларни отиб, ойналарни тош билан уриб синдирганди. Бундан ташқари, масжиднинг асосий намозхонасига деразадан Инжилни улоқтирган.
Судда Ироқ ва бошқа қайноқ нуқталарда хизмат қилган собиқ ҳарбий шифокор ўз айбини тан олди ва қилган ишидан афсусда эканини айтди. Жозефнинг қайноқ нуқталарда хизмат қилгани учун руҳий хасталикка чалингани ва ичкиликка ружу қўйгани уни оқловчи далиллар сифатида келтирилди.
Айбини тан олгани ва афсусланганини ҳисобга олиб суд Жаквинтони 3 йиллик шартли қамоқ жазосига ҳукм қилди – маҳкум вақти-вақти билан полицияга учраб туриши, ўзини яхши тутиши ва руҳий касалликлар шифохонасида даволаниши керак эди. Бироқ ҳукм ўқилганининг эртасига Жозеф ўзини ўлдирди.
Жабр кўрган масжид имоми Тавфиқ Абуиллаил марҳумнинг оиласига ҳамдардлик изҳор қилди:
«Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ибратларига кўра, биз жаноб Жаквинтонинг вафотидан қаттиқ қайғурамиз. Унга зарур руҳий муолажалар билан ёрдам берилишидан умидвор эдик».

Юқорига