Масжид талаба қизлар учун бепул ётоқхона очди

Масжид талаба қизлар учун бепул ётоқхона очди

Қозоғистоннинг Павлодар шаҳрида «Машҳур Жусуп» марказий масжиди талаба қизлар учун иккинчи бепул ётоқхона очди, деб хабар беради muftyat.kz.

Таъкидлаш жоиз, биринчи бепул ётоқхона талаба йигитлар учун 2016 йилнинг ноябрида очилган эди. Номини ошкор қилишни истамаган тадбиркор ўзининг шахсий икки қаватли биносини умумий таъмирдан чиқариб, масжидга фойдаланиш учун ҳадя қилганди. Ўшанда тадбиркор қизлар учун ҳам ётоқхона очишга ваъда берганди. У ваъдасининг устидан чиқди.
Қозоғистон Мусулмонлари диний идораси вакили Наримон Исеновнинг сўзларига кўра, 30 кишига мўлжалланган иккинчи бепул ётоқхона уч ойдан бери талаба қизларни қабул қилмоқда. Бундан ташқари, тадбиркор икки бинонинг электр, сув ва иссиқлик таъминоти ҳамда бошқа харажатларини ҳам ўз зиммасига олган.
«Кўп ўқув муассасаларида ётоқхоналар йўқ, борларида эса жой етишмайди. Талабаларнинг аксари ижарага уй олишга мажбурлар, аммо бунга ҳамманинг ҳам қурби келавермайди. Энди улар қулай шароитда яшаб таълим олишлари мумкин», – деди Исенов.
Ётоқхонада, асосан, оилавий шароити оғир бўлган, ота-онасиз қизлар яшайдилар. Икки қаватли бино иссиқ ва шинам бўлиб, хоналарга талабалар иккитадан жойлаштирилган, музлаткич ва кир ювиш машиналари ҳам бор.
Таъкидлаш жоиз, булар Қозоғистонда муҳтож талабалар учун фаолият юритаётган илк бепул ётоқхоналардир. Бу ерда шунчаки бошпана берилмайди, балки маданий ва спорт тадбирлари ўтказилади, оилавий ҳаёт асослари ўргатилади. Масалан, йигитлар ётоқхонасида масжиднинг икки ходими дарс бериб келяпти.

Юқорига