Масжид муҳтожларга ёрдам беришнинг ажойиб йўлини топди

Масжид муҳтожларга ёрдам беришнинг ажойиб йўлини топди

Малайзия масжидларида муҳтож мусулмонларга ёрдам бериш учун хайрия тадбирлари ўтказилмоқда.

Селангордаги Сепанга масжиди муҳтожларга асосий озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб беришни ўз зиммасига олди.
Масжидга махсус жавон қўйилди, унинг токчаларига гуруч, ўсимлик мойи, шакар, сут, ун ва бошқа маҳсулотлар териб қўйилган. Жавон эшиклари қулфланмайди. Муҳтожлар ўзларига зарур егуликни олишлари, эҳсон қилиш ниятида бўлганлар эса унга маҳсулотлар келтириб қўйишлари мумкин. Бу ҳақида Malaysian Digest нашри хабар бермоқда.
Шаҳарча кексаларининг сўзларига кўра, масжид раҳбарияти муҳтожларни аниқлашга қийналгани учун шундай чора кўришга қарор қилган, чунки камбағал оилалар ёрдам сўрашга уялиб, ўзларининг қийин аҳволга тушиб қолганликларини яширардилар.
«Айрим оилаларда аҳвол анча мураккаб. Уйма-уй юриб муҳтожларни излаганимизда, улар мушкул аҳволга тушиб қолганларини тан олгилари келмади, шармандаликдан қўрқдилар», – деди Муҳаммад ҳожи ибн Усмон исмли қария.
Ибн Усмоннинг сўзларига кўра, нафақат муҳтожлар, балки вақтинчалик моддий қийинчилик кўраётганлар, ойликкача рўзғори бўшаб қолганлар ҳам жавондаги маҳсулотлардан фойдаланишлари мумкин.

Юқорига