Роҳинжа мусулмонлари шахсни тасдиқловчи ҳужжатга эга бўлишади

Роҳинжа мусулмонлари шахсни тасдиқловчи ҳужжатга эга бўлишади

Малайзиядаги жамоат арбоблари гуруҳи бир лойиҳа бошлади. Унга кўра энди роҳинжа мусулмонлари дунёнинг барча мамлакатларида ўз шахсларини тасдиқлашлари мумкин бўлади.

Yenicag.Ru нинг «Анадолу» агентли маълумотларига таяниб хабар беришича,
Малайзияда тақдимоти бўлиб ўтган ушбу лойиҳа ҳақида www.rohingyaproject.com сайтидан батафсил билиб олиш мумкин.
Лойиҳа Мянманинг Аракон штатидан зўравонликлар натижасида қочиб чиққан ва айни дамда ҳеч бир фуқаролик мақомига эга бўлмаган қочқинларнинг ҳар бирига шахсини тасдиқловчи ҳужжат беришни кўзда тутади.
Лойиҳа ҳаммуаллифларидан бири – араконлик роҳинжа мусулмон Муҳаммад Нурнинг айтишича, ҳужжати йўқлиги учун Мянма мусулмонлари ўз шахсларини тасдиқлай олмаяптилар.
«Гап Аракондан қочган ва бошқа мамлакатлардан бошпана излаётган роҳинжа мусулмонлар ҳақида кетмоқда. Ҳеч қандай ҳужжатлари йўқлиги учун улар давлат муассасаларида шахсларини тасдиқлай олмайдилар, банкда ҳисоб рақами очиш ва болаларини мактабга жойлаш имкони ҳам йўқ», – деди Нур.
Унинг сўзларига кўра, мазкур лойиҳа амалга оширилса, роҳинжа мусулмонлари жамиятда маълум мақомга эга бўладилар.
«Мянма ҳукумати роҳинжа мусулмонларини тан олмайди ва уларни ватансиз кўчманчи қабила деб билади. Уларнинг фақат қариндошлик ришталарини тасдиқловчи ҳужжатлари бор, холос. Лойиҳа доирасида биз интернет маълумотлар базасини яратдик. Роҳинжа мусулмонларида мавжуд ҳужжатлардаги маълумотлар шу базага киритилади, таҳлил қилинади ва улар асосида шахсни тасдиқловчи ҳужжат берилади», – деди Нур.

Юқорига