Туркия Афғонистонда яна бир мактаб қурди

Туркия Афғонистонда яна бир мактаб қурди

Туркия Ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги Афғонистон шимолидаги Фарёб вилояти Қўрғон тумани Сурх-Бозор қишлоғида бошланғич мактаб қурди ва уни барча зарур анжомлар билан таъминлади. Бу ҳақида ташкилот расмий сайти маълум қилмоқда.

Шу пайтгача Сурх-Бозордаги мактаб ижарага олинган, деразалари йўқ бир бинода жойлашган эди. Таълим соҳасида лойиҳаларни амалга ошириш билан шуғулланадиган TIKA қишлоқда икки қаватлик мактаб биноси қуриб бериш ташаббуси билан чиқди.
Мактабнинг очилиш маросимида Фарёб вилояти ҳоким ўринбосари Абдулмуқим Расид, Туркиянинг Мозори Шарифдаги бош консули Мустафо Эрдевирен, TIKA координатори Закий Булдук, қишлоқ кенгаши раиси Оқмуҳаммад Норий ҳамда ўқувчилар ва ўқитувчилар иштирок этдилар.
Маросимда сўзга чиққан Фарёб вилояти ҳоким ўринбосари Туркия ва Афғонистон ўртасида дўстона алоқалар мавжудлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Туркия афғон халқини қийин онларда доим қўллаб келган.
Туркиянинг Мозори Шарифдаги бош консули сўзларига кўра, TIKA лойиҳалари асосида Афғонистонда 100 га яқин мактаб қурилган. Туркия биродар афғон халқига ёрдам кўрсатишда давом этади, деди у.

Юқорига