Наманганда фожиа қурбонлари хонадонларига таъзия билдирилди

Наманганда фожиа қурбонлари хонадонларига таъзия билдирилди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ортиқбек Юсупов, Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Миноваров, Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров ва вилоят бош имом-хатиби Абдулҳай Турсуновдан иборат бир гуруҳ мутасаддилар Қозоғистонда ҳалок бўлган юртдошлар хонадонларига кириб, уларнинг оила аъзоларига таъзия билдиришди. Бу ҳақда muslim.uz сайти хабар берган.

Ушбу мутасаддилар машъум фожиада вафот этган ҳамюртлармизнинг ҳақларига дуолар қилиб, Яратган Парвардигордан уларнинг солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ қилишини, гуноҳларини мағфират этишини, ётган жойлари жаннат боғларидан бир боғ бўлишини сўрашди.
Уламолар ва масъуллар ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ҳамда яқинларининг мусибатларига шерик эканларини айтиб, республикамизнинг барча масжидларида жума намозларида дуолар қилингани ва мадрасаларда хатми Қуръонлар ўқилаётганини билдиришди.
Мана шундай қайғули кунларда мутасаддилар доимо ҳамроҳ эканларини айтиб, ҳар қандай ёрдамга тайёр эканликларини изҳор қилишди.

 

Юқорига