Чеченистон "Украинада қўшинга эга эмас"

Чеченистон "Украинада қўшинга эга эмас"

Қодиров, бўлгинчиларга ёрдам бериш учун у ерга қўшин юборгани ҳақидаги иддаоларни рад этди. Разман Қодиров тарқатган баёнотда айтилишича, Россия Федерациясининг бир қисми бўлган Чеченистон ўз қуролли кучларига эга эмас. Чеченистон раҳбари Украинада бўлгинчилар сафида жанг қилаётган чечен миллатига мансуб ҳар қандай шахс у ерга ўз ташаббуси билан кетганини таъкидлаган.

Бўлгинчилар Украина шарқидаги аксар минтақаларни ишғол этиши ортидан уларга қарши кенг кўламли амалиёт бошлатилган. Бўлгинчиларга кўра, Донецк аэропорти ишғоли пайтида уларнинг юз нафардан зиёд жангчиси ҳалок бўлган. Украина Ички ишлар вазирлигининг маълум қилишича, Украина армияси ҳозирга келиб аэропорт устидан тўлиқ назоратни ўрнатганлар. Бироқ Донецк шаҳрида чоршанба куни ҳам отишма овозлари эшитилгани хабар қилинади. Донецк узра ҳукумат ҳарбий учоқлари учиб юргани кузатилган. Украинанинг янги сайланган президенти Петро Порошенко мамлакат шарқидаги исённи бостиришини айтган. Россия Украинадан мамлакат шарқида ҳарбий амалиётни дарҳол тўхтатишни талаб қилган.
Донецк аэропортидаги жангларда иштирок этган бўлгинчиларнинг аксари, хабарларга кўра, асосан Шимолий Қафқозлик ҳарбийлардан иборат Россия армиясининг "Восток" баталиони жангчиларидир.
"Украина матбуотида Россия армиясининг баъзи чечен аскарлари Донецкка бостириб киргани ҳақидаги хабарлар юрибди. Мен бу хабарлар тўғри эмаслигини расман эълон қиламан," - дея таъкидланади чорашнба куни тарқатилган жаноб Қодиров баёнотида. - "Уч миллион чечен бор ва уларнинг учдан икки қисми Чеченистон Республикасидан ташқарисида, жумладан Ғарбда яшашади. Уларнинг қайсиниси қаерга боришини биз била олмаймиз ва билишимиз керак ҳам эмас."
Донецк ва Луганск вилоятлари бўлгинчилари 11 май куни ўтказилган референдум ортидан ўз мустақилликларини эълон қилдилар. Уларнинг ушбу қадами Киев в Ғарб давлатлари томонидан эътироф этилгани йўқ. Март ойида Қрим ярим ороли Россия таркибига қўшиб олинганди.
Киев ва Ғарб Россияни Украина шарқида бўлгинчиларни дастаклаётганликда айблашади. Россия бу даъволарни рад этади.

Юқорига