Шайх Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон
islom.uz

Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон замонасининг машҳур кишиларидан эди. У илм-маърифати, кўп қиррали фаолияти, эзгу хизматлари билан мусулмонлар қалбидан чуқур ўрин олди.
Ёш Зиёвуддин отаси Эшон Бобохон ҳазратларининг талабаларга берган дарсларидан огоҳ бўлиб, Қуръон қироати ва тажвид қоидаларини талабалар қандай муҳаббат билан ўзлаштираётганини кўриб улғайди.

Зиёвуддинхон Қуръони каримнинг кичик сураларини отадан ўрганиб, ёд олди. Унинг қалбида Қуръон ва ҳадис илмига муҳаббат уйғонишида тақводор, мунис ва меҳрибон онаси Саломатхон ая Сиддиқхўжа қизининг хизматлари каттадир.
Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон ўғли Зиёвуддинни дастлаб тажвиди мукаммал Ҳаким қори домлага ўқишга берди. Ҳаким қори домла бағрикенг, очиқ юзли, мулойим табиатли киши эди. Болаларни ўзига жуда тез жалб қилиб оларди. Ўш Зиёвуддинхон ҳам меҳрибон, ширинсўз устозига тезда ўрганиб қолди. Ҳар эрта тонг ўриндан тургач, таҳорат олиб, бомдод намозини ўқир, сўнгра устоз уйга вазифа қилиб берган қисмларини ёдлар, сўнгра “Тилла Шайх” масжидига — суюкли устози ҳузурига ошиқар эди.
У Ҳаким қори домланинг ўғли Ғиёс қоридан кўп нарса ўрганди. Ғиёс қори анча талабчан бўлиб, ҳар доим ўқувчиларини диққат билан кузатар эди. Ҳатто талабаларнинг кийими ва пойафзали тозалиги ҳам назаридан четда қолмасди. Шунинг учун ҳам болалар бу муҳтарам устозни жуда ҳурмат қилишарди.
Зиёвуддинхон ўн икки ёшларида Қуръони каримни тўла ёд олди, мураттаб қори бўлди.
1920 йили ёшгина Зиёвуддинхон Тошкентдаги “Кўкалдош” мадрасасига ўқишга киради, айни вақтда “Бароқхон” мадрасасининг кўзга кўринган устозлари, жумладан шомлик аллома шайх Аловуддинхон махдумдан ва Шомий-Тараблусийдан дарслар олади.
Ёш Зиёвуддинхон Жамолхўжа домладан ҳадис бўйича сабоқ олди. Ҳасан ҳазратдан эса тафсир илмини ўрганди.

* * *

1943 йили Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назорати таъсис қурултойида бу янги ташкилотга раис этиб бир овоздан шайх Эшон Бобохон ибн Абдумажидхон сайланди. Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон масъул котиб бўлди. Айни вақтда у Ўзбекистон қозиси ҳам эди. Отаси муфтий Эшон Бобохон билан ҳамкорликда Диния назорати фаолиятининг барча соҳалари бўйича улкан ишлар қилди. 1958 йили Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси раиси, муфтий этиб сайланди ва умрининг охиригача ана шу вазифада самарали ишлади.
1971 йили Тошкентда Имом Бухорий номидаги Ислом маъҳади — институтининг очилишида муфтий Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон ҳазратнинг хизматлари беқиёсдир. Айниқса, ёш талабаларга алоҳида эътибор билан қараб, уларни Ислом дини таълимотлари асосида тарбиялаш ва малакали мутахассис этиб тайёрлаш вазифасини олдига мақсад қилиб қўйди. Ислом динининг софлиги йўлида турли хурофот ва бидъатларга қарши изчил ва муросасиз кураш ташаббускори бўлиб чиқди. Адашганларни ҳидоят йўлига қайтариш борасида сабот-матонат билан иш олиб борди. У кишининг бевосита раҳбарлигида шариатимизнинг долзарб масалалари бўйича бир қатор фатволар чиқарилди.
Муфтий ҳазрат маҳоратли нотиқ эдилар. Таъсирчан сўзлари аввало самимийлиги билан тингловчиларнинг диққатини ўзига тортар эди. Йирик халқаро анжуманларда сўзга чиққанларида маъруза матнлари ихчам, лекин шарҳу изоҳлари батафсил бўлганлигидан, анжуман иштирокчиларида чуқур таассурот қолдирар эди. Маъруза ва чиқишларида берган маълумотлари доимо асосли, далилли бўлиб, тингловчилар ишончига сазовор бўлар эди. Яна ҳам эътиборли томони — муфтий ҳазрат Ўрта Осиё, Қозоғистон, Волгабўйи ёки Кавказ мусулмонлари ҳузурида маъруза қилганларида асосан маҳаллий халқ тилида сўзлар эдилар. Зеро, ҳазрат араб, форс тилларидан ташқари яна кўпгина мусулмон халқлар тилларидан яхшигина хабардор эдилар. Халқаро анжуманларда араб тили билан чекланар эдилар.
Муфтий ҳазратнинг Тинчликни ҳимоя қилувчилар халқаро ҳаракати ҳамда Осиё ва Африка халқлари бирдамлиги ташкилоти фаолиятига қўшган ҳиссалари ҳам ўта салмоқлидир. Булардан ташқари ҳазрат кўпгина халқаро жамоатчилик ташкилотларининг ҳайъатларида аъзо сифатида ҳам фаолият кўрсатганлар. Натижада бир қатор хорижий давлатларнинг юқори даражали орден ва медаллари билан тақдирланганлар.
Шайх Зиёвуддинхон халқаро майдонда катта обрў-эътибор қозонди. Мана, чет эл алломаларидан баъзиларининг эътирофлари:
Шайх Аҳмад Куфтару,
Сурия Араб Республикаси бош муфтийи:
— Шахсан мен бу зоти шарифни бутун ҳаёти давомида Ислом таълимотига ўта содиқ қолган инсон сифатида биламан. Аллоҳ таборака ва таоло унга донишмандлик, теран ақл, кенг феъл ва чуқур билимларни ато этди. Ана шу буюк туҳфа туфайли ул зот Исломнинг маънавий меросидан ҳеч ким инкор қила олмайдиган ҳақиқатни рўёбга чиқарди. Муфтий ҳазратнинг серқирра ва сермазмун ҳаёти Ислом аҳли учун ибрат мактаби ҳисобланади. Марҳум муфтий Зиёвуддинхон ҳақиқатан ҳам алломаи замон ҳисобланар ва инсонларни тўғри йўлга бошлашда катта қатъият кўрсатар эди. Муфтий ўзини бутунлай динга хизмат қилишга бахш этган бўлиб, ўз дунёқарашини қатъий ҳимоя қила оларди. Унинг бу хислати мусулмонлар қалбида ўчмас из қолдирди.
Шайх Аҳмад ибн Муҳаммад Забара,
Яман Араб Республикаси бош муфтийи:
— Муфтий Зиёвуддин Қуръони каримни тажвиднинг барча қоидаларига амал қилган ҳолда ёддан ўқирди. У Яманга борганида мусулмонлар Қуръон ўқиб беришини илтимос қилишган, тиловат қилингач, давра аҳли унга тасанно айтган эди.
Доктор Абдул Ҳоди ат-Тозий, Марокаш:
— Муфтий Зиёвуддин ноёб инсоний туйғулар, фазилатлар, турли масалалар бўйича ҳозиржавоб, ўткир ақл-заковат соҳиби эди. У ўз диёри мусулмонларининг ишончли ҳимоячиси ва жарангдор овози эди.

 
« Олдинги   Кейинги »