|
2010 йил 1 мартда Швейцариянинг Женева шаҳрида ўтказилган Инсон Ҳуқуқлари Кенгашининг (Human Rights Council) 13-Сессиясида иштирок этган (ИКТ) Бош котиби Профессор Экмеледдин Ихсонўғли ўрганилган сабоқларни баҳолашда “бутун инсон ҳуқуқларини ва барча шахс ҳамда миллатларни қамраб олувчи ягона ёндашув қўллашга” чақирди. Инсон Ҳуқуқлари Кенгаши фаолиятига тўхталиб ўтган профессор, ташкилотни конструктив ва бунёдкор бўлишга даъват этиб, субъектив ёки тарафкаш бўлишдан қайтарди.
Чунончи, ИКТ Бош котиби Инсон Ҳуқуқлари Кенгашининг БМТ институтлари, хусусан яқинда кенг омма эътиборига тақдим этилган Голдстон баёноти (Goldstone Report) билан тасдиқланган “Исроил”нинг давомий ва йўналтирилган агрессиясидан жабр кўраётган Фаластин халқи фожиасига эътибор қаратиши лозимлигини таъкидлади.
Шунингдек, Профессор Ихсонўғли ИКТ Жамму ва Кашмир ҳудудларида ҳам инсон ҳуқуқлари кафолатланишини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини таъкидлади.
Тобора авж олиб бораётган исломафобия жараёнларига изоҳ бераркан, ИКТ Бош котиби уларнинг ривожланиши ҳудудий ва глобал тинчлик ва хавфсизликка раҳна солаётганини таъссуф билан эслаб ўтди.
Инсон ҳуқуқларини таъминлаш ҳақида гапирар экан, нотиқ бу Бирлашган Миллатлар Ташкилотига кирувчи барча мамлакатларнинг вазифаси эканлигига алоҳида урғу берди. Айни чоғда, олим таъкидлаганидек, глобал тинчлик ва хавфсизликка таҳдид солаётган хозирги зиддият ва терроризмга фақат хавфсизлик нуқтаи-назаридан ёндашув муаммога бардавом ва ҳар томонлама ечим топишга замин бўла олмайди. Зеро, уларнинг сабаби, Бош котиб айтганидек, сиёсий эътирозлар, саводсизлик, қолоқлик каби омиллар, ҳамда миллий, этник, маданий ва диний ўзликни сақлаб қолиш фикрлари билан ҳам боғлиқдир.
Ўз нутқини якунлар экан, Профессор Экмеледдин ИКТ инсон ҳуқуқлари бўйича Мустақил Доимий Комиссия тузиш арафасида эканлигини хабар берди. Шу муносабат билан Бош котиб, ИКТ қошида бундай тизим ташки этилиши ташкилотнинг қирқ йиллик тарихида алоҳида аҳамиятга эга воқеа бўлишини алоҳида таъкидлаб ўтди. Янги тизим Ислом дунёси хозирда юзлашаётган ва бизни келажакда кутаётган муаммо ва қийинчиликларни ечишда муҳим восита вазифасини ўтайди, деб ўз сўзини тугатди жаноб Ихсонўғли.
Copyright 2007. All Rights Reserved. |