Суннат атрофида қўзғалаётган шубҳаларга жавоблар

Суннат атрофида қўзғалаётган шубҳаларга жавоблар

Суннат атрофида қўзғалаётган шубҳаларга жавоблар

Бисмиллаҳ, алҳамду лиллаҳ, вассолату вассаламу ала Росулилааҳ.
Ва баъд:
Ислом тарихи силсиласига назар солинса Қуръони Каримга қарши душманлик қилмоқчи бўлган барча тоифалар Қуръоннинг марказида Муҳаммад соллалоҳу алайҳи васалламни кўрганлари учун аввало шу зотга қарши обрўсизлантириш компанияларини ташкил қилишган.

Ғарбда Исломга қарши кайфиятнинг асосий сабабларидан бири сифатида эътироф қилинган фаолият борасида Ислом тарихини ўрганиб хулоса чиқарган  Британиялик тарихчи, профессор Монтгомери Уват айтади:
-    Тарих мобайнида Муҳаммадни ҳақорат қилинганчалик бошқа ҳеч кимни ҳеч кимни ҳақорат қилинмаган!
Исломнинг ўта муҳим шахсияти ҳисобланган Муҳаммад соллалоҳу алайҳи васалламни обрўсизлантириш режаси инсонлар онгида муқаддас тушунчаларга путур етказиш, у зотдан кейин бошқа ҳар қандай шахсиятни бемалол ҳақорат қила олиш руҳиятини шакллантириш ва режанинг кулминациясида эса Қуръонга шубҳа уйғотиш ва Исломни шу орқали чўктириш стратегияси ишлаб чиқилган ва у ҳозирда ҳам амалда жорий бўлиб турибди.
Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлик чоғларида у зотга қарши мухолиф жамоа Пайғамбарлик рисолати соҳибини жинни, сеҳргар, қулоқ, шоир, абтар  каби камситувчи калималар билан айблашганида асосий ҳадафлари рисолатнинг соҳибини обрўсига тажовуз қилиб, шу йўл билан Исломни йўққа чиқариш умидида эдилар. Бу ҳийлани яхши англаган уммат уламолари ақида матнларида уларга қарши етарли жавобларни келтириб берганлар.
Бу тоифаларнинг сони борасида ривоятлар турли ва маънолар турфа бўлганидан ҳар бирига алоҳида тўхталиш имкони йўқ.
Аммо бугунги суҳбатимизда устозларнинг тавсияси ва иршоди билан тарихдан “Ал Қуранийюн” номи билан танилган, бугунги кунда эса уларни ўзбекзабон миллатдошларимиз “БЕСУННАТЛАР” деб номлаётган тоифанинг асли, режалари, кимлар томонидан ташкил қилингани каби мавзуларга мухтасар тарзда тўхталиб ўтамиз. Келажакда вазият қараб уларнинг шубҳаларига батафсил жавоб бериш мақсадларимиз ҳам бор.
   Аллоҳ таоло Ўзи бизларни  ҳақ йўлда собит қилсин!

Аҳмад Сархандий Форуқий роҳимаҳуллоҳ (т. 971 ҳ, в. 1034 ҳ) яъни имом Раббоний Ҳинд диёрларида Аҳли Сунна вал жамоанинг соф ақида уруғларини экиб, парваришлаб ўтиб кетдилар. 1857 йилда Англия қуролли кучлари Ҳиндистонни ишғол қилади ва кўп миқдорда уламоларни шаҳид этади. Қолган уламолар ўзларига эргашган халқ билан биргаликда Лакна ва Девбанд минтақасига чекинишади.
Мамлакат босиб олинган, уламолар эса чекинган ерларида халққа дин таълими беришга жидду жаҳд қила бошлашади. Имом Раббойнийнинг таълим услубидан воз кечишни бошлаган янги тоифалар Англия махсус хизматлари билан тил бириктириб, янгича дин шакли тузушга киришишади. Чунки бир юртни куч билан босиб олган мустамлакачилар одатда ўша юртнинг маънавий қадриятларини йўққа чиқариб, уларнинг фикрий ва ақидавий жабҳада ҳам бошқаришни истайди. Бунинг учун эса ўша юртнинг ўзидан, ўша миллатнинг ичидан ўзларига содиқ хоинлар излашади. Хоинлар эса ҳар юртда ва ҳар даврда топилади. Айримлари кўнгилли равишда хиёнатга қўшилса, баъзиларининг риёсатга бўлган қизиқишидан фойдаланиб мустамлакачилар уларни ўз мақсадлари йўлида ишлатишга уринишади.

Ҳиндистонни босиб олган истеълочилар ушбу мақсадларига мувофиқ шахс сифатида  Саид Аҳмадхон деган кишини танлашади. Бу шахс Англия махсус хизматига алоқадор шарқшунос олим, профессор Алоис  Шпренгер билан жуда яқиндан алоқалар ўрнатади ва  келажакда қўзғайдиган аксар шубҳали фикрларни айнан шу инсондан олади. Улар орасида яқин алоқалар ўз исботини топган фактлардандир.
Саид Аҳмадхоннинг вазифаси юртини бой берган миллатнинг ақидасини ҳам қарам қилиш йўлида, ўз диндошларининг собит ақидаларини шубҳага солиш ва келажакда мустамлакачиларга қарши чиқишга ундайдиган оят ва ҳадисларни амалдан қолдириш бўлган.
Чунки соф ақидали мусулмонлар мустамлакачилардан юртларини қайтариб олиш учун динларига мустаҳкам ёпишишган эди.

Саид Аҳмадхоннинг ортидан Ғулом Аҳмад Қодиёний майдонга чиқди ва бугунги кунда ҳам асосий маркази Англияда бўлган, фаолияти жиддий шаклда молиялаштирилган, Ислом миллатдан чиқиб кетган тоифа бўлмиш “Қодиёнийликка” асос солди. Ўзини эса Маҳдий дея эълон қилди. Кейинроқ  Ийсо эканини айтди ва яна бир оз фурсатдан кейин уммат учун келган янги пайғамбар дея эълон қилди. Ўзини пайғамбар деб эълон қиладиган шахс албатта ҳақиқий пайғамбарни инкор қилишга уринади. Чунки ҳақиқий пайғамбар инкор қилинмаса уни ҳеч ким тан олмайди. Мусулмонлар эса мустамлакачиларга ўз Пайғамбарлари Муҳаммад алайҳиссаломнинг таълимотларига кўра қарши туришда давом этаверадилар. Шуларни амалдан қолдириш учун мустамлакасиларга ғоявий фигура сифатида янги “пайғамбар” керак эди. Бу ролни ўйнаш учун ўзини тақдим этган хоин ўша Ғулом Аҳмад Қодиёний бўлди.
Суннатни инкор қилишнинг расмий ва жамоавий шаклдаги кўриниши мана шу нуқтадан оммавий шаклда бошланди. Англия империяси бунга молиявий дастак берди ва бугунга қадар уларга дастакни бериб келмоқда…
     Ғулом Аҳмаддан кейинги майнавоз Абдуллоҳ Чакролавий деган шахсдир. Бу шахс бесуннатларнинг расмий шаклдаги асосий муассиси ҳисобланади.
Бугунги бесуннатларнинг барча қўзғаётган шубҳлари айнан Абдуллоҳ Чакролавийдан олинган шубҳалардир. Абудуллоҳ Чакролавий эса Ғулом Аҳмаддан, у эса буни Саид Аҳмадхондан, у эса инглиз махсус хизматлари вакили прфессор Алоис Шпренгердан олган.
Фитнага мойил бўлган шахслар талайгина, уларнинг қўзғаган шубҳалари ҳам анчагина ва бир бирига ўхшаш шубҳалар. Уларнинг ҳар бирини мавзу сифатида алоҳида олиб, таҳлил қилинса албатта ҳар бир қўзғатилган шубҳа ортида Исломга қилинган очиқча хиёнат сурати кўринади. Бу хиёнатга бир тоифа билиб туриб қўшилади, бир тоифа эса фитнага жоҳиллиги сабабли илинади ва умрини ҳамда охиратини ушбу хиёнатга қурбон қилади. Шунинг учун ҳам бесуннатларнинг ҳозирда қўзғаётган ва келажакда қўзғаши мумкин бўлган шубҳаларни имкон қадар фош қилиб, уларнинг шубҳаси аслида кўпикдан иборат эканини баён қилсак, зора қалбида самимияти бор миллатдошларимиз уларнинг хиёнатини кўриб ўзларини ва яқинларини улардан сақлаб қолишга имкон топсалар  деган умидда ушбу уринишни бошлади.
Аллоҳ таоло Ўзи мадакор бўлсин!

    Абдуллоҳ Чакралавий илк таълимида ҳадис илмларини ўрганган, Бухорий ва Муслимни ўқиган, «Аҳли ҳадис» мадрасадан чиққан шахс бўлиб, маълум сабаблар билан у хиёнатчиларга қўшилади ва уларнинг хизмати йўлида динга хиёнат қилишга ўтади. Унинг хиёнатчиларга қўшилиши ортидан ёзган асарлари минг минг нусхада чоп қилинади, тарқатилади.
Абдуллоҳ Чекралавийнинг ёзган асарлари орасидан  айрим моддаларни кўриб, бу шубҳаларни бугунги кундаги бесуннатлар қўзғаган шубҳаларга солиштирилса, масаланинг асл моҳиятига, фитнанинг лойқа ўзани аслида қаердан бошлангани ёрқин намоён бўлади..
ШУБҲАЛАР:
1.    Қуръони карим Мубин китобдир. Яъни унинг ҳамма оятлари очиқ ойдиндир. Шундай экан очиқ ойдин Қуръонни яна бизга Пайғамбар тушунтириб бериши шартми? Қўлимизда Қуръон тургач пайғамбарнинг баён қилиб беришига эҳтиёж йўқ, дейишади.
1.    Жавоб:
Бу шубҳанинг қўзғатишдан мақсад Ислом деганда Пайғамбарга эҳтиёж йўқ, деган маънони олға суришдир. Унинг ортидан эса ўз ботил тушунчаларига қарши чиқадиган ҳадис манбаларини йўққа чиқариш ва мақсадларига шу орқали эришиш кўзланган.
 Лекин бу гапни қўзғаётганларнинг ҳаммаси бирор оят келтирса ортидан ўзининг ўша оятга нисбатан баёнларини, таҳлил ва шарҳларини келтиради. Оятнинг ўзини келтириш билан кифояланмайди. Ҳийлакорлар Пайғамбар керакмас, дейиш билан аслида Пайғамбар ўрнига оятларни мен сизларга тушунтириб бераман, менинг тушунтиришимга эргашишинглар керак, демоқчи бўлади. Лекин уларга ўзлари тан олган манба, Қуръони каримнинг ўзидан бу шубҳаларини ботилга чиқарувчи оятлар борлигини ҳаёлларига ҳам келтириб ўтиришмайди. Чунки уларнинг деярли барча аъзолари саводсиз бўлишади ва қўзғаётган шубҳалари ҳам фақат кўчирилган гаплар холос.
Аллоҳ таоло айтади:


بِالْبَيِّنَاتِ وَالزُّبُرِ ۗ وَأَنزَلْنَا إِلَيْكَ الذِّكْرَ لِتُبَيِّنَ لِلنَّاسِ مَا نُزِّلَ إِلَيْهِمْ وَلَعَلَّهُمْ يَتَفَكَّرُونَ

44 . Очиқ-ойдин баёнотлар ва китоблар ила (юбордик). Ва сенга одамларга нозил қилинган нарсани ўзларига баён қилиб беришинг учун зикрни нозил қилдик. Шоядки, тафаккур қилсалар. Наҳл сураси 44 оят.
Мана, бу оятга кўра Қуръони карим оятларининг баёни, шарҳи ва мақсадалр Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламнинг зиммасига юклатилганини кўриб турибмиз.
Намоз, закот, рўза, ҳаж ва бу каби Қуръони каримда зикри келган буйруқларга биз Қуръоннинг ўзидан амал қилиб кета олмаймиз. Бу ўринда Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламнинг, мени ўқиганимни кўрганинглардек намоз ўқинглар, Ҳаж маносикларини мендан олинглар, каби кўрсатмаларига амал қилиб, Қуръоннинг баёнини шу зотдан оламиз.
Қуръони карим Мубин экани борасидаги оят эса унинг ичидаги ҳукмларнинг тафсилотини эмас, балки Қуръон бандаларнинг ўзи ёзган китоб эмаслиги, Аллоҳ таоло томонидан нозил қилингани аниқ бўлган китоб экани маъносидадир.

2.    Шубҳа: Қуръони каримдан бошқа ваҳий йўқ! Муҳаммаднинг ҳадислари ишончсиз ва улар ваҳий бўла олмайди. Аллоҳ таоло Қуръонни сақлашини Ўз зиммасига олган, аммо ҳадисларни сақлашни зиммасига олмаган, дейишади. Бунга Ҳижр сураси 9 чи оятни далил қиладилар.

إِنَّا نَحْنُ نَزَّلْنَا الذِّكْرَ وَإِنَّا لَهُ لَحَافِظُونَ

2.    Жавоб:
Қуръони каримнинг ўзида Набий соллалоҳу алайҳи васалламга икки хил ваҳий: бири тиловат қилинадиган, иккинчиси тиловат қилинмайдиган ваҳий келганини баъзи оятларда кўра оламиз.

      Бани Назр қабиласининг ҳиёнатидан кейин улар ўз қалъасига беркиниб олишгач, Набий соллалоҳу алайҳи васаллам уларнинг қалъадан чиқишлари учун уруш тактикаси ўлароқ Бани Назрнинг  ҳурмо боғларининг айрим қисмини кесдилар. Шунда мунофиқлар, бу қанақа бузғунчи одам, Пайғамбар бўлса шу каби бузғунчиликни қиладими, дея Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламга иғво гаплар билан таъна қила бошлашди. Шу ҳодисанинг аслини баён қилиб, Аллоҳ таоло Ҳашр сурасининг бешинчи оятини нозил қилди:


مَا قَطَعْتُمْ مِّن لِّينَةٍ أَوْ تَرَكْتُمُوهَا قَآئِمَةً عَلَىٰ أُصُولِهَا فَبِإِذْنِ ٱللَّهِ وَلِيُخْزِيَ ٱلْفَاسِقِينَ

“Сизнинг хурмони кесишингиз ёки аслида тик қолдирганингиз фақат, Аллоҳнинг изни билан ва бузғунчиларни хорлаши учун бўлди”.
Мана бу ояти каримада Қуръони каримдан ҳам бошқа ваҳий мавжуд эканига ойдин ишора қилинмоқда. Яъни ўша ҳурмо дарахтларини кесиш ёки кесмасликка буюрилган оятлар биз тиловат қиладиган Қуръони каримда йўқ. Аммо Аллоҳ таоло Набий соллалоҳу алайҳи васалламнинг бу ишларини Аллоҳнинг изни билан бўлган иш, дея номлаяпти. Демак Аллоҳнинг изни билан бўлган эканми, ўша изн ваҳий дейилади. Бу ваҳий эса Қуръони каримда тиловат қилинадиган ваҳий эмас, балки Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламнинг ўзларига хоссатан нозил қилинган алоҳида ваҳий тури ҳисобланади.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз фарз бўлганида ўн олти ой намозни Қуддусга қараб ўқиганлар. У зот Қуддусга қараб намоз ўқишни ўз ихтиёрлари билан қилмаганлар. Агар ўз ихтиёрлари билан намозни Қуддусга қараб ўқиганларида эди, кейинчалик намозда Маккага юзланиш орзусини қилиб, Аллоҳ таолодан буйруқ кутиб ўтирмасдилар. Ваҳоланки, «Бақара» сурасида у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозда Маккага қараб юзланишни нақадар орзу қилганлари, бунинг учун алоҳида ваҳий келишини интизорлик билан кутганлари борасида алоҳида оятлар нозил бўлди.


قَدْ نَرَىٰ تَقَلُّبَ وَجْهِكَ فِي السَّمَاءِ ۖ فَلَنُوَلِّيَنَّكَ قِبْلَةً تَرْضَاهَا ۚ فَوَلِّ وَجْهَكَ شَطْرَ الْمَسْجِدِ الْحَرَامِ

144 . Гоҳо юзингни осмонга тез-тез бурилганини кўрамиз. Бас, албатта, сени ўзинг рози бўлган қиблага қаратамиз. Юзингни Масжидул Ҳаром томон бур...
Мана шу оятга кўра Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга то Маккага қараб намоз ўқиш буйруғи келгунича у зотнинг Қуддусга қараб намоз ўқишлари фарз бўлган ва бу фарз ваҳий орқали буюрилган ҳамда ўша ваҳий Қуръони каримда йўқ. Демак ўша ваҳий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръондан бошқа ваҳий ила келган. Шу ваҳий СУННАТДИР!...

3.   Шубҳа: Ҳалол ва ҳаром қилиш ҳуқуқи фақат Қуръонга тегишли, Пайғамбар соллалоҳу алайҳи васаллам ҳалол ва ҳаром қилиш ҳаққига эга эмас, дейишади. Бунга Наҳл сурасининг 116 чи оятини далил қиладилар:


وَلَا تَقُولُوا لِمَا تَصِفُ أَلْسِنَتُكُمُ الْكَذِبَ هَٰذَا حَلَالٌ وَهَٰذَا حَرَامٌ لِّتَفْتَرُوا عَلَى اللَّهِ الْكَذِبَ ۚ إِنَّ الَّذِينَ يَفْتَرُونَ عَلَى اللَّهِ الْكَذِبَ لَا يُفْلِحُونَ

“Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиш учун тилларингиз васф қилган ёлғонни гапириб: «Бу ҳалол, бу ҳаром», деяверманглар. Албатта, Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқувчилар нажот топмаслар. 116)
Жавоб: Уларнинг бу даъволарига ҳам Қуръони каримнинг ўзи раддия беради: Ҳақ таоло Ўзининг оятларига иймон келтирган кишиларни сифатлаб, уларнинг васфларини зикр қилар экан “Аъроф” сурасининг 157 оятида шундай дейди:



الَّذِينَ يَتَّبِعُونَ الرَّسُولَ النَّبِيَّ الْأُمِّيَّ الَّذِي يَجِدُونَهُ مَكْتُوبًا عِندَهُمْ فِي التَّوْرَاةِ وَالْإِنجِيلِ يَأْمُرُهُم بِالْمَعْرُوفِ وَيَنْهَاهُمْ عَنِ الْمُنكَرِ وَيُحِلُّ لَهُمُ الطَّيِّبَاتِ وَيُحَرِّمُ عَلَيْهِمُ الْخَبَائِثَ وَيَضَعُ عَنْهُمْ إِصْرَهُمْ وَالْأَغْلَالَ الَّتِي كَانَتْ عَلَيْهِمْ ۚ فَالَّذِينَ آمَنُوا بِهِ وَعَزَّرُوهُ وَنَصَرُوهُ وَاتَّبَعُوا النُّورَ الَّذِي أُنزِلَ مَعَهُ ۙ أُولَٰئِكَ هُمُ الْمُفْلِحُونَ (157)

157 . Улар ўз ҳузурларидаги Таврот ва Инжилда ёзилган ҳолида топиладиган, уларни яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарадиган, уларга покиза нарсаларни ҳалол қилиб, нопок нарсаларни ҳаром қиладиган, устиларидаги юкни енгиллатиб, кишанларни ечадиган уммий, Набий, Пайғамбарга эргашадилар.

Бу ояти каримада Набий соллалоҳу алайҳи васалламнинг сифатларидан бири ҳалол ва ҳаром қилиш экани очиқ айтиляпти.
Тавба сурасида ҳам Пайғамбар соллалоҳу алайҳи васалламнинг ҳалол ва ҳаром қилиш ҳуқуқи алоҳида эслатилган:



قَاتِلُوا الَّذِينَ لَا يُؤْمِنُونَ بِاللَّهِ وَلَا بِالْيَوْمِ الْآخِرِ وَلَا يُحَرِّمُونَ مَا حَرَّمَ اللَّهُ وَرَسُولُهُ وَلَا يَدِينُونَ دِينَ الْحَقِّ مِنَ الَّذِينَ أُوتُوا الْكِتَابَ حَتَّىٰ يُعْطُوا الْجِزْيَةَ عَن يَدٍ وَهُمْ صَاغِرُونَ


Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирмайдиганларга, Аллоҳ ва Унинг Расули ҳаром қилган нарсаларни ҳаром деб билмайдиган ва ҳақ динга юрмайдиган китоб берилганларга қарши, то улар бўйинсунган ҳолларида ўз қўллари билан «жизя» бермагунича, жанг қилинг. Тавба сураси 157 оят.

Бу оятда Аллоҳ таоло атф “вов” ҳарфи билан ифода қилиб, Аллоҳ ВА Унинг Расули ҳаром қилган нарсаларни ҳаром деб билмайдиганлар, демоқда. Мана шу ифодага кўра атф муғоярани ифода қилади. Яъни Аллоҳ таоло ҳаром қилган  ва Расули ҳаром қилган нарсалар борлигини очиқ айтмоқда.

4.    Шубҳа: Ҳукм чиқариш фақат Аллоҳ таолога хосдир. Пайғамбарнинг ҳам ўзи ҳукм чиқаришини айтиши мушрикларнинг гапидир. Бунга далил Инил ҳукму илла лиллааҳ.

Жавоб: Бу оят Қуръони каримнинг уч ерида келади:



إِنِ الْحُكْمُ إِلَّا لِلَّهِ يَقُصُّ الْحَقَّ وَهُوَ خَيْرُ الْفَاصِلِينَ ﴿٥٧ الأنعام﴾
إِنِ الْحُكْمُ إِلَّا لِلَّهِ أَمَرَ أَلَّا تَعْبُدُوا إِلَّا إِيَّاهُ ﴿٤٠ يوسف﴾
إِنِ الْحُكْمُ إِلَّا لِلَّهِ عَلَيْهِ تَوَكَّلْتُ وَعَلَيْهِ فَلْيَتَوَكَّلِ الْمُتَوَكِّلُونَ ﴿٦٧ يوسف﴾


Улар бу оят мажросидан ўзларича манба сифатида фақат Қуръонни олишимизга бу оятлар далил, дейишади. Аслида эса мақсадлари Қуръонга маъно айтишда ўзларидан бошқа ҳаммани, уламолару, муфассирларни, ва ҳатто Набий соллалоҳу алайҳи васалламни ҳам майдондан четлатишни исташади. Буни очиқ айта олмасаларда қилаётган фаолиятлари шуни кўрсатиб турибди. Агар улар айтганидек ҳар гапни ва ҳар хукмни фақат Қуръондан оламиз, ҳадисларни ким Қуръонга тафсир сифатида ишлатса ширк бўлади, деса бу гапи билан уларнинг ҳам Қуръонга айтаётган маънолари ширк бўлиб қолади. Чунки улар ҳам оятнинг ўзинигина келтириб қўймай, оят ортидан маънолар баёнини ўз нафсларига кўра келтиришади, ўзларича шарҳлашади. Энди Набий соллалоҳу алайҳи васалламнинг шарҳлари билан бу саводи йўқларнинг шарҳи тенг бўладими? Биз динимиз таълимотларини бу хоин кимсалардан олмаймиз, балки биз Ислом тарихида ўрнак ҳаётлари билан из қолдирган Набий соллалоҳу алайҳи васалламдан, у зотнинг саҳобаларидан, уларнинг шогирдларидан, муфассир, муҳаддис, фақиҳ зотлардан оламиз.  Энди уларнинг ушбу даъвосига Қуръони каримнинг ўзидан раддия оятларни кўриб чиқсак:
Нисо сураси 65 оятда Аллоҳ таоло айтади:



فَلَا وَرَبِّكَ لَا يُؤْمِنُونَ حَتَّىٰ يُحَكِّمُوكَ فِيمَا شَجَرَ بَيْنَهُمْ ثُمَّ لَا يَجِدُوا فِي أَنفُسِهِمْ حَرَجًا مِّمَّا قَضَيْتَ وَيُسَلِّمُوا تَسْلِيمًا

Бу оятдаги ҳатто сизни ҳакам қилмагунларича, жумласи музорий феълида бўлиб, унинг маъносига кўра мусулмонлар то қиёматга қадар Набий соллалоҳу алайҳи васалламни ўз ораларида ҳакам сифатида қабул қилишлари ва у зотнинг чиқарган ҳукмларига қалбларида норозилик бўлмай, тамоман таслим бўлишлари лозимлиги айтилмоқда. Ҳозирда Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам вафот топганлар, орамизда йўқлар. Қандай қилиб у зотни орамиздаги ишларимизга ҳакам қила оламиз? Бу саволага Бесуннатлар жамоасининг энг алломаси ҳам қониқарли жавоб айта олмайди. Асл жавоб эса шу: бу ўринда ҳакам сифатида Набий соллалоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари даврага чиқади.
Аҳзоб сураси 36 оятда Аллоҳ таоло шундай дейди:


وَمَا كَانَ لِمُؤْمِنٍ وَلَا مُؤْمِنَةٍ إِذَا قَضَى اللَّهُ وَرَسُولُهُ أَمْرًا أَن يَكُونَ لَهُمُ الْخِيَرَةُ مِنْ أَمْرِهِمْ ۗ وَمَن يَعْصِ اللَّهَ وَرَسُولَهُ فَقَدْ ضَلَّ ضَلَالًا مُّبِينًا


Мана бу ояти каримада ҳукм қилиш масаласига Аллоҳ таоло Ўзи билан бирга Расулининг ҳам ҳукми бўлишини “ВОВ” атфия ҳарфи ила келтиряпти. Давомида эса, Ким Аллоҳга ва Унинг Расулига осийлик қилса батаҳқиқ очиқ ойдин залолатга кетибди, демоқда. Бу ерда ҳам Аллоҳга осий бўлишнинг ёнида Расулга осий бўлишни алоҳида ВОВ атфи билан зикр қилмоқда..
Яна улар Пайғамбарнинг кўпи билан уч юз дона саҳиҳ ҳадиси бор, деган даъвони ҳам олға суришади. Айримлари 17 дона ҳадис бор, дейди. Бу гапни улар Ибн Халдуннинг муқаддимасдан олиб айтганлардан эшитиб айтишади.
Бир суҳбатнинг ўзида киши бир неча юз жумла қуриши ва ишлатиши мумкин. Набий соллалоҳу алайҳи васалламнинг Пайғамбарлик даврлари эса 23 йил мобайнида давом этган.  Наҳотки шу муддат орасида фақат уч юз донагина ҳадис айтган бўлсалар? Шу гапга ишонишни талаб қилаётганларнинг ақли нақадар тушкун вазиятда эканини тасаввур қилиб олаверинг!
Бу гапни ақли салим инсон айтмайди.
Йўқ, аслида бу тоифанинг мақсади Набий соллалоҳу алайҳи васалламнинг сўзларини қадрини йўқотиш, у зот ўрниларига ўзларини олиб чиқиш ва бу восита ила инсонларни залолатга етаклаш, уларни бу режани тузган махсус ташкилотларга бўйсиндириб бериш экани ойдинлашиб турибди.

5.    Шубҳа: Ҳадислардан аксари ақлга тўғри келмайди. Агар уларни қабул қилсак биз ақлимизга қарши чиқишимиз керак бўлади, дейишади ва ҳадиси шарифларда келган айрим матнларни бу даъволарига мисол тариқасида келтиришади.

Жавоб: Аввало бу даъволарини ҳадисларга ҳужум сифатида айтишади. Аммо уларнинг ушбу ботил мезонини фаразан қабул қилсак, бу даъволарга кўра Қуръондаги айрим оятларни ҳам ақл кўтара олмайди: Масалан:


فَأَوْحَيْنَا إِلَىٰ مُوسَىٰ أَنِ اضْرِب بِّعَصَاكَ الْبَحْرَ ۖ فَانفَلَقَ فَكَانَ كُلُّ فِرْقٍ كَالطَّوْدِ الْعَظِيمِ (63)﴿٦٣ الشعراء﴾
وَتُبْرِئُ الْأَكْمَهَ وَالْأَبْرَصَ بِإِذْنِي وَإِذْ تُخْرِجُ الْمَوْتَىٰ بِإِذْنِي ﴿١١٠ المائدة﴾
فَأَشَارَتْ إِلَيْهِ ۖ قَالُوا كَيْفَ نُكَلِّمُ مَن كَانَ فِي الْمَهْدِ صَبِيًّا (29) قَالَ إِنِّي عَبْدُ اللَّهِ آتَانِيَ الْكِتَابَ وَجَعَلَنِي نَبِيًّا (30) وَجَعَلَنِي مُبَارَكًا أَيْنَ مَا كُنتُ وَأَوْصَانِي بِالصَّلَاةِ وَالزَّكَاةِ مَا دُمْتُ حَيًّا (31) وَبَرًّا بِوَالِدَتِي وَلَمْ يَجْعَلْنِي جَبَّارًا شَقِيًّا (32) وَالسَّلَامُ عَلَيَّ يَوْمَ وُلِدتُّ وَيَوْمَ أَمُوتُ وَيَوْمَ أُبْعَثُ حَيًّا (33)


Мусонинг ҳассаси билан денгизни ёргани (Шуаро 63), Ийсонинг бир силашда кўр кўзини очгани, моховни тузатгани ва ўлганни тирилтиргани, бешикдалик чоғидаёқ гапиргани (Моида 110, Марям 30,31,32,33) Марямнинг эр кўрмасдан фарзанд кўргани (Марям сураси) ва ҳоказо каби бир қанча ояти карималарни нима деймиз?!
Бу оятлардаги ҳодисаларни ақлингиз қабул қиладими?
Агар сиз ўз қосир ақлингизни Пайғамбар ақлидан, устун қўйиб, Пайғамбар ўрнига ўзингизни ақлий ечим берувчи дея тақдим этмоқчи бўлсангиз, келинг, бу оятларга жавоб берингчи? Буларни моддий ақл қандай тасдиқлайди?
Ўлганни бир силаса тириляпти, эр кўрмасдан фарзанд кўряпти, фарзанд эса туғулиши билан гапиряпти...
Ҳа, сизлар ақл кўтармайдиган ҳадислар бор, деганингларда аслида, бу даъвойингларга эргашган саводсизларни ишонтириб олгач, кейинги босқичда уларнинг қалбига Қуръони каримдаги бу каби оятларни шубҳали кўрсатишни ҳам мақсад қилиб олгансизлар. Балки бу мақсаддан сизларнинг хабаринглар йўқдир аммо қулоғинглардан “ип” билан боғлаб олганлар бу сценарийни ёзишаётганда айнан мана шу режаларни тайёрлаб қўйишган. Шундай экан ақлга тўғри келмайди, дейишдан олдин, менинг ақлимга тўғри келмаяпти, дейишингиз мақсадга мувофиқроқ бўлади. Чунки сиз каби хиёнат кўчасига кирган кимсаларда ростдан ҳам ақл мантиғи анча оқсаган бўлади. Буни улар шубҳа қўзғаган қуйидаги айрим ҳадислар мисолида кўриб чиқамиз.
Улар имом Бухорий ва Муслим раҳимаҳумаллоҳлар ривоят қилган бир ҳадисда Набий алайҳис салом айтадилар:
لولا بنو إسرائيل لم يخبث الطعام ولم يخنز اللحم

«Агар Бани Исроил бўлмаганда эди егуликлар айнимас, гўшт эса сасимасди».
Бу ҳадисни уларнинг ақли кўтармас экан. Лекин биз муҳаддис уламоларимизга бу ҳадиснинг шарҳи борасида мурожаат қилсак, имом Нававий раҳимаҳуллоҳ «Муслим»нинг шарҳида, Ибн Ҳажар Асқалоний раҳимаҳуллоҳ «Бухорий»нинг шарҳида ҳадиснинг маъқул маъносини очиқ келтириб қўйишган:
Яъни Бани Исроилга Аллоҳ таоло осмондан егулик, манн ва салво тушурганида улар орасида бахиллик қилиб, бу егуликларни беркитиб, асраб қўядиганлар бўлди. Унга қадар инсонлар орасида кунлик таомини ейиш ва қолганини тарқатиб юбориш одат эди. Бани Исроил даврига келиб улар егуликларини асраб қўйди, гўштни беркитадиган бўлишди ва табиийки ейилмай туриб қолган гўшт ва егуликлар айниб, ачиб қолди. Яъни бу ҳадисга кўра гўштни илк бор сақлаб, уйига босиб қўйиш ишини Бани Исроилдан айримлар қилган ва шу сабабли гўштнинг сасиши илк маротаба уларда юз берган, бу билан эса ҳадиси шариф бахилликни танқид остига олмоқд!.
Қаранг, бу маънога ақл таслим бўляптими? Бўляпти!
Салгмна ақли соғлом қиши бу ҳадисдан ишкол чиқмаганини тан оляптими?! Ҳа!
 Демак бизнинг уламоларимизнинг ақли бу БЕСУННАТларнинг ақлидан кўра соғлом экан! Шундай экан биз ақли етук ўз уламоларимизга эргашаверишимиз керак, бу ақли етмаганларни эса ўз қосир ақллари билан тарк қилишимиз лозим бўляпти.
 Агар ҳадислар, оятлар борасида уламоларимизни шарҳларига мурожаат қилинмаса, ўзвошимчалик билан ўз калта ақлини динига ҳакам қилмоқчи бўлса, кўриб турганингиздек душман тузоғига илинишиш нақадар осон бўлади..
 Душман ҳам шу каби ақли калталар учун бу тузоқларни ҳозирлаган.
Яна бир ҳадис борасида шубҳа уйғотишиб, ақлга тушмайдиган ҳадис, дейишиб уни тарқатишмоқда:

قد ورد الحديث في صحيح مسلم وسنن أبي داود وجامع الترمذي عن أبي هريرة رضي الله عنه قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: من قتل وزغة في أول ضربة فله كذا وكذا حسنة، ومن قتلها في الضربة الثانية فله كذا وكذا حسنة لدون الأولى، وإن قتلها في الضربة الثالثة فله كذا وكذا حسنة لدون الثانية.
وفي مسلم: من قتل وزغاً في أول ضربة كتبت له مائة حسنة، وفي الثانية دون ذلك، وفي الثالثة دون ذلك

Яъни ким бир “вазағ”ни бир уришда ўлдирса унга юзта ҳасана, иккинчисида бирдан камроқ, учинчисида иккидан камроқ, деган маънони айтмоқдалар.
Шубҳа уйғотмоқчи бўлганлар бу ҳадисни келтиришиб, калтакесак ўлдирганга мингта шаҳид савоби, дея ёзишиб, ўша гапнинг устидан калака қилиб ўтиришади. Аслида мингта шаҳид савоби дея айтилган ривоят йўқ. Уларнинг келтирган матнидан кўриниб турибдики, улар ҳадиснинг асл манбасидан тамоамн бехабарлар. Ўзлари ҳадис матнини ўқий оладиган савияда эмаслар. Балки улар бу гапни ориенталистларнинг сайтларидан шундоғича кўчириб олишиб, улар қилган танқидни танқид деб ўтиришади. Бу ҳадисни уйдурма, Қуръонга зид, дейишади..
Аммо бизнинг муҳаддисларимиз келтирган ҳадис ва унинг уламоларимиз тамонидан қилинган шарҳи ақлга уйғун.
Хой ақли паст, бесуннатлар! Сизлар ақлингиз етмаган нарсани хато деявермай, бизнинг Имом Нававйиларимиздан, Ибн Ҳажарларимиздан сўраганингларда эди улар сизларга бу ҳадиснинг ақлга ҳам мувофиқ эканини ва Қуръон оятларига ҳам қарши эмаслигини тушунтириб берган бўлишарди. Аммо наилож! Ақли пастлар дунёдаги барча ақл уларнинг калласида эканини даъво қилади ва шунинг учун ўзининг ақли етмаган нарсаларни кўриб қолса, бу ақлга сиғмайди, дея ҳамманинг ақли номидан гапириб юбораверади.
Ҳадисда келган “вазағ” калимасини калтакесак дея таржима қилинган. Бошқа бир ривоятда эса бу ҳайвоннинг захарли ва  “фувайсиқ” яъни зараркунандалардан бири экани айтилан.
Демак зарарли нарсани кетказиш, инсонларга етадиган зарарини олдини олиш албатта савобга лойиқ амалдир. Бундай зараркунанда ҳайвонни ўлдириш, инсонларга манфаат учун, уларга зарарни олдини олиш учун буюрилади. Бунинг ақлга ҳам, Қуръондаги кўрсатмаларга ҳам умуман зид жойи йўқ...
Хулоса. Биз бу ўринда айрим шубҳаларга ўта мухтасар шаклда жавобларни келтириб ўтдик. Яна уларни бир қанча шубҳалар бор: Ийсонинг қайта дунёга келиши, қабр азоби, қадар масаласи, ҳадисларни китоб шаклида ёзиш, тўплаш масаласи ва ҳоказо. Сўзимиз анча узайиб кетгани учун алоҳида узр айтамиз ва ҳозирча шу етарли деб мавзуни тўхтатамиз. Ўрни келганда эса буларнинг ҳар бирини батафсил баён қилиш мақсадимиз ҳам бор.
Салоту саломларимиз Муҳтарам Набиййимиз алайҳис саломга бўлсин!


(с) Аброр Мухтор Алий.

back to top