Набавий мадрасада тарбияланган ёш саҳобалар

Набавий мадрасада тарбияланган ёш саҳобалар

بسم الله الرحمن الرحيم

НАБАВИЙ МАДРАСАДА ТАРБИЯЛАНГАН ЁШ САҲОБАЛАР

Аввало, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инсониятни жаҳолат зулматидан маърифат нури сари, бандаларга қуллик қилишдан оламларнинг Роббига қуллик қилиш сари, зулм-зўравонлик истибдодидан адолатпарварлик, тенгҳуқуқлилик, ҳуррият сари етаклайдиган ҳидоят маёғи ўлароқ йўлбошчи эканларини англаб олайлик. Шу маънодан келиб чиқиб, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз замонларидаги кишиларга, хоссатан, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламни тасдиқлаган кишиларга жуда ижобий таъсир кўрсатганлар. Айниқса, ёш саҳобалар ҳаётида улкан ўзгаришларга туртки бўлган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ёши ўндан то йигирмагача бўлган даврда иймон келтирган саҳобаларнинг энг машҳурларини санаб ўтсак, улар қуйидагилар:

Алий ибн Абу Толиб, Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Зубайр ибн Аввом, Абдуллоҳ ибн Зубайр, Мусъаб ибн Умайр, Солим мавло Ҳузайфа, Абдуллоҳ ибн Умар, Муоз ибн Жабал, Анас ибн Молик, Зайд ибн Собит, Абу Зайд, Амр ибн Салама, Баро ибн Озиб, Саъд ибн Абу Ваққос, Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳум ажмаъийн. Бу муборак қаторга яна кўплаб саҳобаларни қўшиш мумкин. Аммо вақтнинг ҳисобини олиб, баъзилари билан қисқароқ танишиб ўтишни мақсад қилдик.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қуръонни тўрт кишидан ўқиб олинглар: Абдуллоҳ ибн Масъуд, Ҳузайфанинг мавлоси Солим, Убай ибн Каъб ва Муоз ибн Жабалдан», дедилар. Буларнинг ичида Убайдан бошқа учтасининг ёши ҳали йигирмага ҳам етмаган, ўн беш-ўн етти ёш орасидаги ўспиринлар эди.

Бошқа ривоятда шундай дейилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонларида тўрт киши Қуръонни тўлиқ жамлади (яъни ёд олди). Уларнинг барчаси ансорлардан: Убай, Муоз ибн Жабал, Абу Зайд ва Зайд ибн Собитлардир». 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг ҳар бирини мақтаб, уларнинг шаънини кўкларга кўтарадиган даражада буюк сўзлар айтганлар.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ҳақида:

 «Ким Қуръонни янги, ҳозиргина нозил қилингандек қилиб ўқишни истаса, Ибн Умми Абднинг (Ибн Масъуднинг) қироатида ўқисин», деганлар.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ўзлари ҳақида шундай деганлар:

«Аллоҳнинг Китобида ҳеч бир оят йўқки, мен унинг қаерда ва нима ҳақда нозил бўлганини билмасам».

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу ҳақида шундай дейдилар:

«Умматим ичида ҳалол ва ҳаром борасида энг олими Муоз ибн Жабалдир».

Бошқа ривоятда:

«У қиёмат куни (барча) олимларга имом бўлиб, барчаларидан бир (камон) отишчалик (масофада) пешқадам бўлиб келади», дейилган.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга котиблик қилган зот, ансорларнинг Нажжор қабиласидан бўлган саҳобий Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу эса ўн бир ёшида иймон келтирган. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амрларига биноан ўн беш кун мобайнида ўша даврдаги яҳудий тилини ўта пухталик билан ўрганиб олиб, таржимонлик қилган.

Сиз азизларнинг эътиборингизни яна бир буюк саҳобага қаратмоқчимиз. Бу зот – Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳудир. Мусъаб маккалик зодагон оиланинг фарзанди эди, Макка ўспиринлари ичида энг эркатойи, энг чиройлиси, хушсурат, сўзамон, неъматларга ғарқ бўлган ўспиринлардан эди. У ўз тенгқурлари кира олмайдиган катта мажлисларга бемалол кира олар, ўз фикрларини айта олар эди. Фаросати ва зеҳну-заковати тенгқурларидан юқори бўлгани боис, тенгдошлари ичида энг аввал иймон келтирганлардан бўлди. Аммо иймони ошкор бўлгандан кейин унга нисбатан ҳақиқий синов, имтиҳонлар бошланди. Айниқса онаси уни қайтариш учун қаттиқ азобларга солди, аввал унга бериб юрган неъматларнинг барчасидан маҳрум қилди. Бироқ, бу чораларнинг ҳеч бири Мусъаб розияллоҳу анҳуни бу муборак йўлдан қайтара олмади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларида Абу Бакр, Умар ва Усмон розияллоҳу анҳум каби кибор саҳобалар бўлса ҳам, у зот Мадина аҳлига Исломнинг биринчи элчиси сифатида, биринчи устоз сифатида айнан Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳуни юбордилар. У Мадинаи Мунавварага борган пайтда у ерда саноқли кишиларгина мусулмон бўлган эди. Аммо орадан бир йил ўтиб, Мадинаи Мунаввара Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни қабул қилиш учун ўз қучоғини тамомила очди. Бу борада энг катта хизматни мана шу ёш саҳобий – Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳу қилган эди. Бу ёш йигит шу қисқа муддат ичида нафақат Мадинаи Мунавваранинг дарвозаларини очди, балки Мадина аҳли – ансорийлар қалбини ҳам очишнинг уддасидан чиқа олган эди. Унинг саъй-ҳаракатлари ўлароқ, Мадинаи Мунавварада илк мусулмонлар ватани, Ислом ўлкаси барпо бўлди. Ислом келишидан аввал Мадинада асосан икки катта қабила – Авс ва Хазраж қабилалари юз йиллик ўзаро уруш домига ғарқ бўлган эди. Биргина саҳобийнинг саъй-ҳаракатлари сабабли бу адоват ҳам бир йилга қолмай барҳам топди. У икки қабила орасида ўзаро биродарлик, ҳамжиҳатлари туйғуларини уйғота билди. Натижада юз йилдан ошиқ бир-бирига буғзу адовати аримаган кишиларда биродарлик ҳиссиётлари уйғонди.

Бу буюк саҳобий ҳақида қуйидаги ривоятлар келган:

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу айтади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам келаётган Мусъаб ибн Умайрга назар солдилар. Эгнига ташлаб олган қўчқорнинг териси унинг аҳволидан сўзлар эди (яъни қанчалик қийин, ночор ҳолга тушганини билдириб турарди). Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бу кишига қаранглар! Батаҳқиқ, Аллоҳ унинг қалбини мунаввар этмиш. Мен ота-онаси унга энг яхши таомлар, шароблар беришаётганини кўрганман. Аммо Аллоҳ ва Расулининг муҳаббати уни сиз кўриб турган ҳолатга чорлади», дедилар.

Бошқа ривоятда шундай келади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мен бу Мусъабни (илк бор) кўрганимда Маккада  ота-онаси ҳузурида бу каби неъматланган йигит йўқ эди», деганлар.

Хаббоб розияллоҳу анҳу сўзлаб берди:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Аллоҳнинг розилигини излаб ҳижрат қилдик. Ажримиз Аллоҳнинг зиммасида бўлди. Орамизда ўз ажридан бирон нарсани емай ўлганлар ҳам бўлди, улардан бири Мусъаб ибн Умайрдир. Кимнингдир эса меваси пишиб етилди ва у уни териб олмоқда. У (Мусъаб) Уҳуд куни қатл қилинди. Уни кафанлаш учун биргина чакмонидан бошқа нарса топа олмадик. У билан бошини ёпсак, оёғи чиқиб қолди, оёғини ёпсак, боши чиқиб қолди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга унинг бошини ёпишни, оёғига эса изхир шохларини ташлашни буюрдилар».

Аллоҳ таоло набавий мадрасада тарбия олиб, бутун умматга ўрнак бўлган ана шундай улуғ саҳобалардан рози бўлсин. Барчамизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини ўрганиб, бу набавий таълимотларга аввало ўзимиз амал қилишимизни насиб қилсин, сўнгра уларни ёш авлоднинг тарбиясида ҳам жорий қилишга муваффақ айласин.

 

Зуфаржон Шосалимов

Ушбу бўлимдаги бошқа мақолалар: « Cийратнинг фарзанд тарбиясида тутган ўрни
Юқорига