Иллатлар дояси ёхуд ёмонликлар онаси

Ислом таълимоти инсоннинг барча фаолиятини тўғри йўлга солиш, уни гўзал ва намунали мақомда шакллантиришга даъват этади. Афсуски бу илоҳий таълимот ҳамма одамлар томонидан бирдек муҳаббат билан ўзлаштирилмади, унинг йўриқларига етарли амал қилинмади, бунинг оқибатида одамлар кутилмаган тўсиқларга, қийинчиликларга, ғам-андуҳларга кўпроқ дучор бўлмоқдалар. Фуқароларнинг бахтсизлиги жамият ҳаётининг равонлигига путур етказади.

Не-не одамларни балоларга гирифтор қилаётган иллатлардан бири ароқхўрлик ва нашавандликдир. Тарихда ҳар бир жамият турли даврларда ароқхўрликка қарши кураш очган, уни таг-томири билан йўқотиш йўлларини излаган. Бироқ барча уринишлар кутилган самарани бермаган. Чунончи, 1929 йили АҚШ конгресси ароқхўрликка қарши курашга дахлдор махсус тадбирлар ишлаб чиққан, ҳатто ароқхўрликка муккасидан кетган ва тузалмас деб топилганлар учун ўлим жазоси ҳам тайинлаган эди. Бироқ мамлакатда ароқхўрлар сони кўпайса кўпайганки, камаймаган. Яқиндагина ўзимизда бўлиб ўтган сафарбарликни эслаб ўтсак ҳам ёмон бўлмайди.

Маълумки, Исломга қадар Арабистон ярим оролида ва курраи заминнинг бошқа минтақаларида ҳам маст қилувчи суюқликлар ичиш кенг тус олган эди. Жамият, давлат ундан қанчалик кўп талофат кўрмасин, ҳеч ким ароқхўрларни тия олмаган. Ичкиликка ҳар нарсага қодир Аллоҳ таолонинг ўзи чек қўймагунича бу кўргиликлар давом этаверган.

Қодир Аллоҳ инсонга тафаккур-бағишлаб, уни ер юзидаги жонзотлар орасида энг азиз ва мукаррам қилиб яратди. Худди шу тафаккур ва ақл билан инсон яхшини ёмондан, эзгуликни ёвузликдан ажратиш қобилиятига эга бўлди. Худди шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло инсонга сайёрамизни гуллаб-яшнатиш вазифасини юклади. Қуръони Каримда марҳамат қилинади, маъноси: «Батаҳқиқ, Биз Бани Одамни азизу мукаррам қилиб қўйдик ва уларни қуруқлигу денгизда (улов билан) кўтардик ҳамда уларни пок нарсалар ила ризқлантирдик ва уни Ўзимиз яратган кўп нарсалардан мутлақо афзал қилиб қўйдик» (Исро сураси, 70-оят).

Ҳақиқатан ҳам, инсоний камолотга эришган одам эзгулик йўлидаги ҳаракатлари билан айни чоғда ўзи ҳам камол топа боради, жамиятнинг фаол аъзосига айланади. Таассуфлар бўлсинким, орамизда ақл ва қалб йўриғидан чиққан, иймонга зид ишлар қиладиган кимсалар ҳам бор. Улар ўз қилмишлари билан нафақат ўзларига, балки бутун жамиятга зарар етказадилар. Инсонийлик шаънига доғ туширувчи ишларнинг аксарияти эса юқорида айтилганидек ароқхўрлик орқали юз беради. Ислом фан, хусусан, табобат илмидан анча аввалроқ ақл-идрокка, саломатликка путур етказадиган ҳар қандай ичимликларни истеъмол қилишни таъқиқлаган, унга ружу қўйганларни эса тегишли жазога лойиқ деб билган. Бундай ичимликлар сирасига Қуръони Карим ва Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳадисларида айтилганидек узум, асал, хурмо, арпа, сут ва ҳоказолардан тайёрланадиган маст қилувчи суюқликлар киритилган. Уларнинг бари бир сўз билан хамр деб аталган. Чекиладиган моддалар, игна воситасида баданга юбориладиган суюқликлар ҳам хамрга мансубдир. «Хамр— бу ақл-идрокни, тафаккурни тўсувчи нарсадир»,—деганлар ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларидан: «Кайф қилдирувчи нарса — хамр. Ҳар қандай хамр ҳаромдир»,— деган муборак сўзларни ўқиш мумкин.

Ҳозирги замон тиббиётида таркибида спирт моддаси бўлган ҳар қандай ичимлик хамр, яъни алкоголь ҳисобланади. «Алкоголь» сўзи аслида арабча бўлиб, ал-куҳл деб талаффуз қилинади.

Ароқ, вино сингари ичимликлар қандай кулфатларга олиб келиши, одамни инсонийлик қиёфасидан, инсонийлик қадр-қимматидан мосуво этишини далилловчи мисолларни келтиришнинг ҳожати бўлмаса керак. Зеро, бундай мисолларни истаган пайтда топиш мумкин.

Ичкиликбозлик бамисоли жамият танасидаги тузалмас ўсимта, бу ўсимта вақтида юлиб ташланмас экан, бу бутун жамиятни шикастлаши ҳеч гап эмас. Муккасидан кетиб ароқхўрлик қилишлар у ёқда турсин, ҳатто онда-сонда қултум-қултум ичишни одат қилиш ҳам марказий асаб тармоқ дарига, жигар, юрак фаолиятига шикаст етказишини, одамнинг ақлий фаолиятини заифлаштириши, наслга зарар етказиши ҳақида махсус тўхталишнинг ҳожати йўқ... Ислом келгунича араб халқлари орасида ҳам ичкиликбозлик авж олган эди. Шоирлар ўз назмларида хамрни кўкларга кўтариб мадҳ этганлар. Улар ҳаётни ароқсиз тасаввур қила олмаганлар. Шеър ва қасидаларида ҳам хамр-ароқ марказий ўринни эгаллаган. Маълумки, жоҳилият давридаги арабларда ўч олиш ҳисси жуда юқори бўлган. Ривоят қилишларича, бир қабиладаги бева кампирнинг қариб, ўрнидан туролмай қолган туясини иккинчи қабила аъзоларидан бири ўлдириб қўйгани учун ўч оламиз, деб биринчи қабила иккинчиси билан қирқ йил уруш қилган. Тезроқ ўч олиш мардлик жасурлик бўлган. Лекин шунга қарамай, араблар ичида мардлиги, жасурлиги, паҳлавонлиги билан донг таратган Имруъул Қайс деган шоирга отасини ғанимлар ўлдириб кетганини хабар қилишганида хамр ичиб ўтирган экан, бепарво бўлиб: «Бугун хамр, эртага амр»— деб ичишда давом этаверган. Хамрхўрлик шу қадар чуқур илдиз отгандики, дабдурустдан ундан қутулиш бениҳоя мушкул эди.

Барча ишларни ҳикмат билан қилувчи Аллоҳ таоло бу дардни ҳам Ҳаким сифати билан даволади. Худди табиблар бир оғир дарднинг аввал енгил жойини даволай бошлаганларидек, Қуръони Карим оятлари ҳам инсоният танасидан бу иллатни даражама-даража йўқ қилиш йўлини тутди. Аллоҳ таоло хамр тўғрисида тўрт оят туширган. Уларнинг биринчиси Маккаи мукаррамада нозил бўлган: «Ва хурмо ва узумларнинг меваларидан маст қилувчи нарса ва гўзал ризқ олурсиз. Албатта, бунда ақл юритгувчилар учун оят-белги бордир» (Наҳл сураси, 67-оят).

Кўриниб турибдики, хурмо ва узум меваларидан маст қилувчи ва покиза ризқ олиш мумкин экан. Ўйлаб кўрилса, шу жойда маст қилувчи нарсалар покиза ризққа қарама-қарши қўйилмоқда. Покиза ризқнинг зидди нопок ризқ бўлади-да, бу нозик ишорани тушуниб етган ҳассос саҳобалар дарҳол ичишни ташлаганлар. Кишиларда тушунча ҳосил бўлиб, бу фикр уларга сингиб, орадан бир мунча муддат ўтгач, Маккаи мукаррамада навбатдаги оят нозил бўлган: «(Эй Муҳаммад), сендан хамр ва қимор ҳақида сўрарлар. Сен: "Иккисида катта гуноҳ ва кишилар учун манфаат бор ва гуноҳлари нафларидан каттадир", деб айт. Ва сендан нимани нафақа қилишни сўрарлар. Сен: «Ортиқчасини», деб айт. Аллоҳ шундоқ қилиб сизга Ўз оятларини баён қилади. Шоядки,  тафаккур қилсангиз» (Бақара сураси, 219-оят).

Бу оятдан кўринадики, май ичиш ва қимор ўйнаш ҳам оғир гуноҳлардан саналар экан. Бироқ оятнинг давомида қимор ва хамрнинг инсонлар учун фойдаси ҳам борлигини тасдиқловчи сўзлар келади. Уламолар бу фойдалар нима эканини ҳам баён қилишган. Хамрдаги фойда уни сотиб пул топишдадир, қимордагиси эса ўша пайтларда қиморбозлар ютишса, камбағалларга бир оз чўтал беришар экан. Лекин гуноҳи фойдасидан кўра кўп эканини оятнинг охирида алоҳида таъкидлаб айтилгани кўпчиликни ҳам хамрни, ҳам қиморни ташлашга мажбур қилган.

Бу хамрни ман қилиш йулидаги иккинчи қадам, бунга аввалги оятдагига ўхшаб ишора билан эмас, балки очиқ айтилган, хамр улкан гуноҳ, унинг одамлар кўзига кўринаётган жузъий фойдасидан кўра гуноҳи катта, у ҳаромдир. Шунинг учун ҳам, жуда муккасидан кетмаган, таъсирчан кишилар бу ояти карима нозил бўлганидан сўнг хамр ичишни ташлаганлар.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, хамр ҳақидаги бу сўзлар Аллоҳники. Қуръони Карим оятлари илоҳий мўъжизадир. Мусулмонлар ўқисалар ибодат ҳисобланади. Шу боис уни намозларида ҳам ўқийдилар. Демак бу оят ҳам кишиларга сингиши, иймон бирла эътиқоднинг ажралмас бўлаги бўлиши турган гап. Бу ояти карима тушганидан сўнг анча вақт ўтди, кишиларда хамр тўғрисида тўлиқроқ тушунча шаклланди.

Вақти келиб, Мадинаи мунавварада жамиятни ларзага солувчи бир ҳодиса юз берди, у ҳам бўлса, Муҳаммад алайҳиссаломнинг саҳобаларидан бири — ундан Аллоҳ рози бўлсин — Абдураҳмон бин Авф розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз издошларини дастурхонга таклиф этиб, уларни май билан сийлади. Бир пайт шом намози вақти етди ва зиёфат қатнашчиларидан бири имомликка ўтди. Табиий, у ҳам майдан сипқорган эди ва намозда «Кофирун» сурасини ўқиётиб: «Эй кофирлар, мен сиз ибодат қилган нарсаларга ибодат қилмасман" маъносидаги оят ўрнига адашиб: "Эй кофирлар, мен сиз ибодат қилган нарсаларга ибодат қиламан", деб ўқиб юборади.

Маълумки, шом намозида овоз чиқариб қироат қилинади. Намоздаги нотўғри қироат кўпчиликни даҳшатга солди, афсус надоматга сабаб бўлди. Чунки узоқ йиллар давомида мусулмонларнинг олиб борган машаққатли курашининг асосий шиори кофирлар ибодат қиладиган илоҳ (бут-санам)ларга эмас, балки ягона Аллоҳ субҳонаҳу ва таолога ибодат қилиш эди. Энди бўлса лаънати хамр туфайли ўзлари учун кўз қорачиғидек бўлган ибодат — намозда, дўст-душман гувоҳлигида бундай ноқулай ҳолат бўлиб турса! Мусулмонлар ниҳоятда афсусланиб, хамрдан нафратланиб турган бир пайтда Аллоҳ таоло қуйидаги ояти каримани нозил қилиб, уларни маст ҳолда айтаётган сўзларини фарқига бормайдигаи ҳолда намоз ўқимасликка буюрди: «Эй, иймон келтирганлар! Маст ҳолингизда - то айтаётган гапингизни биладиган бўлмагунингизча - намозга яқинлашманг» (Нисо сураси, 43-оят).

Бу билан ароқ ичиш ниҳоятда оз даражага тушди. Чунки бир кунда беш вақт намоз ўқилади, оралари яқин, маст бўлган одамнинг мастлиги тарқагунча намоз вақти ўтиб кетиш хавфи бор. Фақат хуфтондан бомдодгача бир нави билан фойдаланиш мумкин. Бу учинчи оятдан сўнг яна кўп одам хамр ичишни ташлади. Ароқнинг қанчалик ёмон нарса эканини, дийнга, иймонга ҳам зарар келтириши мумкинлигини барча билди.

Кунларнинг бирида Отабон ибн Малик исмли киши меҳмонларни уйига таклиф қилади, улар орасида ҳазрати Саъд ибн Абу Ваққос ҳам бор эдилар. Мезбон меҳмонлар олдига туянинг бошини қўйиб май тортади. Зиёфат авжига минади. Ўз уруғларини улуғловчи, Мадина мусулмонлари — ансорийларни эса танқид остига олувчи шеърхонлик бошланади. Шунда меҳмонлардан бири туянинг жағини кўтариб Саъд ибн Абу Ваққоснинг бошига туширади. Қаттиқ ранжиган Абу Ваққос Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳузурларига бориб, воқеани батафсил ҳикоя қилиб беради. Ана шунда тўртинчи оят нозил бўлади: «Эй, иймон келтирганлар! Албатта, хамр, қимор, бутлар ва (фол очадиган) чўплар ифлосдир. Шайтоннинг ишидир. Бас, ундан четда бўлинг. Шоядки, нажот топсангиз. Албатта, шайтон хамр ва қимор туфайли ораларингизга адоват ва ёмон кўришликни солишни ҳамда сизларни Аллоҳнинг зикридан ва намоздан тўсишни хоҳлайдир. Энди тўхтарсизлар?!» (Моида сураси, 90—91-оятлар).

Ривоятларга қараганда мазкур оят тушган замони ҳазрати Умар: «Эй Аллоҳ! Биз буни бас қилдик, бас қилдик !»— деб юборган. Ҳа, Қуръон кишиларни аста-секин тарбиялаб, ароқнинг батамом ҳаром қилинишини орзиқиб кутадиган қилиб қўйган эди. Ривоят қилинишича, охирги оят нозил бўлганда ароқ ичиб ўтирганлар, ичган ароқларини қайт қилишган, ҳамма ароқ сақлайдиган идишларини улоқтирганидан Мадинаи мунаввара кўчаларида ароқ оққан.

Ҳақли савол туғилади, нега ароқ бир йўла тақиқланмади? Негаки, ўша пайтларда майхўрлик оддий турмуш тарзига айланган ва ҳеч бир тадбир унингсиз ўтмас эди. Башарти, май бирдан тақиқланганида, бу тадбир кутилган самарани бермас, аксинча, одамлар томонидан кескин норозиликларга сабаб бўлиши мумкин эди. Шу ҳодиса ҳақида ҳазрати Ойша розиаллоҳу анҳо шундай ҳикоя қиладилар: «Даставвал дўзах ва жаннат ҳақида сўзловчи оятлар тушди, уларда, кишиларга Исломга бўлган эътиқодларида бирмунча саботли бўлишликлари айтилганки, шундан сўнггина ҳалол ва ҳаром ҳақида оятлар нозил бўлди. Бордию майни тақиқловчи оят бирдан тушганида, одамлар уни қабул қила олмас ва биз унингсиз яшай олмаймиз, деб ундан воз кеча олмас эдилар».

Айтилганлардан Ислом ароқхўрлик — ичкиликбозликдай ижтимоий иллатга қай тарзда кураш очгани ва уни қай тарзда изчил давом эттиргани кўринади. У ўз таълимотини аста-секинлик билан ҳаётга татбиқ қила боргани шуларда ҳам, ўз ифодасини топгандир. Тўрт оятнинг биринчисидан тўртинчисигача майнинг ҳаромлиги, уларни истеъмол қилиш мусулмон учун тўғри келмаслиги изчил ва қатъий суратда тушунтирилади ва пировардида тўрт оятнинг таъсири ва нафи кутилган самарани беради.

Қиссадан ҳисса шуки, Аллоҳ таолонинг энг катта неъматларидан бири — бу инсонга ато этилган тафаккур кучидир! Тафаккурсиз инсон ҳайвонга айланиб қолиши ҳеч гап эмас. Ичкиликлар эса одамларни ана шу тафаккурдан айирувчи воситадир. Зотан, ароқнинг келтирувчи кулфатларини санаб адоғига етиш қийин. Шу маънода имом Насоий ҳазрати Усмондан келтирган ривоятлар кўп ибратлидир: «Майхўрликдан сақланинглар, зеро у барча кулфатларнинг онасидир. Қадим замонларда яхши фазилатларга эга бир киши бўлган. Енгилтак аёллардан бири уни йўлдан оздиришга аҳд қилади. Шу мақсадда аёл дугоналаридан бирини у кишининг ҳузурига юборади. «Биз сизни бир ишга гувоҳ бўлсангиз деган ниятда чақиряпмиз» дейди таклиф қилувчи. Яхши фазилатли киши тўғри кўнгилда номаъқул хулқли аёлникига келади. Хонада бир бола ва бир кўза май билан енгилтак аёл у кишини қарши олади. Шунда аёл мақсадга кўчади: «Қасам ичиб айтаманки, мен сизни меҳмонга эмас, балки мен билан тунаш учун чақиртирдим, шартимга рози бўлмасангиз мана шу майни ичасиз ёки болани ўлдирасиз, акс ҳолда уйдан чиқармайман», дейди. Ноилож қолган киши майни ичишга рози бўлади. Бадмаст киши пировардида ўша енгилтак аёлнинг домига илинади ва ҳатто болани ўлдиришгача боради... Ушбу ҳодиса сизларга ибрат бўлсин, токи май билан иймон бир-бирига ёт эканига Аллоҳ гувоҳдир...»

Майнинг ҳаромлигини тасдиқловчи Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари ҳам бир қанчадир. У зотнинг айтишларича, май барча кулфатлар ва ғам-ташвишлар калитидир. Чунончи, «Ичкиликни севувчилар жаннат ҳузурларидан бебаҳрадирлар», дейилади ҳадислардан бирида. Бундан ташқари, «Аллоҳ таоло мени бутпарастликдан қайтарганидан сўнг майхўрлик ва кишилар билан жанжаллашишдан сақланишга чақирди», дейдилар Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам. Яна, «Буюк Аллоҳ таоло адашган ва майхўрликка берилганларни иймондан айиради», деган ҳадис бор. Бошқа бир ҳадисда: «Бир марта хамр ичган одам қирқ кунлик намоз савобидан маҳрум бўлади, башарти у ичиб туриб ўлса, дўзахга тушади», дейилади. Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Аббоснинг айтишларича: «Хамр тақиқланганида, Пайғамбарнинг саҳобалари бир-бирларига майхўрлик бутпарастликка тенгдир, деганлар».

Муҳаммад алайҳиссалом ҳамма вақт майни тайёрловчини ҳам, уни сотувчини ҳам, ичувчини ҳам қоралаганлар ва мусулмонларни ўз оиласи, ватани, иймон-эътиқоди ҳақида қайғуришга чақирганлар.

Аллоҳ таоло айтади: «Зулм қилганларга мойил бўлманглар. Яна, сизни дўзах олови тутмасин. Сиз учун Аллоҳдан бошқа дўстлар йўқ. Сўнгра ёрдам берилмайсизлар» (Ҳуд сураси, 113-оят).

Бизнинг муқаддас бурчимиз жамиятимизни ароқхўрликдан, нашавандликдан сақлаш, бундай чиркин иллатлар таъсиридан ёш авлодни асраб-авайлашдир. Ичкиликбозликка қарши курашнинг самараси бўлмайди, деганларга биз қўшилмаймиз. Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам таълим берганларидек: «Номақбул ишлар қилинаётганини кўрганда уни қўл билан тўхтатишга уринайлик, бунинг имкони бўлмаса, сўз билан тўхтатайлик, бордию бунинг ҳам имкони бўлмаса, иймон заифлигидан далолат бўлса-да, уни фикран тўхтатайлик».

Аллоҳ таолонинг ўша тўрт оятдаги ҳикматлари бизни ҳамон ҳушёрликка, жамиятимизни тозалашга даъват этади, покиза иймон, қайноқ ва соғлом қалб билангина инсониятга тинчлик бахт-саодат, иттифоқ келтириши мумкинлигини эслатиб туради.

Ўзлигимизни таниб келаётган ҳозирги ижобий ўзгаришлар даврида бу масалада ҳам ўзимизга бир назар солайлик: ким эдигу ким бўлиб қолдик? Юқорида зикр қилинган ояти карималарнинг тафсирини бизнинг ҳамюртларимиз имом Замаҳшарий, Фахриддин Розий, имом Насафий, имом Мотуридийга ўхшаш бобокалонларимиз дунё халқларига тарқатиб, уларни ичкиликка ружу қўймасликка чақирганлар. Бу ҳақда Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳадиси шарифларини буюк муҳаддисларимиз имом Бухорий, Термизий, Насоий, Марвазий ва бошқа аждодларимиз ривоят қилиб кетганлар.

Кутубхоналарни тўлдириб ётган улкан маданий меросимизга қарайлик, бирор қатор ароқнинг мадҳида ёзилган нарса топиладими? Йўқ! Ҳаммаси ароқни қоралайди. Ҳозирги кунда-чи? Ҳаммаёқни касофат ароқ босиб кетди. Ҳатто ичмайдиган кишига камситиш назари билан қараладиган бўлиб қолди. Ароқ ичиш учун турли баҳоналар қатор-қатор... Айниқса тўйлар, юбилейлар, каттароқ маросимлар оммавий ароқхўрликка айланиб қолди. Бу ишлар халқимизни маънавий ва моддий жиҳатдан қашшоқ қилмоқда. Ёшу қари, катта-кичик ҳамма ичгани-ичган. Қаёққа қараб кетяпмиз ўзи?

Ҳаммамиз бу офатни ҳаётимиздан тезроқ йўқотишга ҳаракат қилмоғимиз лозим. Инсон қилган нарсани бошқа инсонлар ҳам қилиши мумкин. Келинг, боболаримиздан ўрнак олиб, биз ҳам ароқсиз яшашга ўтайлик.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

back to top