Илмнинг обрўйи ҳаққонийлигида

Ёруғлик нима, деган саволга асрлар давомида инсоният жавоб қидирган. Физиклар уни гоҳ зарра деб, гоҳо тўлқин деб келишди. Ниҳоят, ёруғликка бу иккала хусусият ҳам тўлиқ хос эканлиги исботланди. Шунга ўхшаш, илмни ҳам дунёвий ва диний илмларга бўлиб эмас, бир бутун ҳолда ўрганиш мақсадга мувофиқдир. Дин илмида ҳадис Қуръони каримдан кейин турувчи манба ҳисобланади, бироқ Қуръон оятлари ҳадис ривоятларидан улуғлигини доимо ёдимизда тутишимиз зарур

Яқинда рус мактабида ўқийдиган неварамнинг бир китобига кўзим тушди. В.А. Костецкий ва бошқа муаллифлар рус мактабларининг 7-синфи учун ёзган «Идея национальной независимости основы духовности» китобининг(1) «Аль-Бухари» деган бўлимида буюк ҳадисшунос бобомизга бундай таъриф берилган: «Везде он изучал, отбирал, сопоставлял, систематизировал хадисы - высказывания Мухаммада, не занесенные в Коран».
Ҳолбуки, биз Қуръони каримни Пайғамбаримизнинг«высказывания»-лари эмас, Аллоҳнинг сўзлари, ваҳий тарзида туширилган муқаддас оятлар деб биламиз-ку.
1981 йили худосиз коммунистик мафкура ҳукми даврида нашр қилинган «Ўзбек тилининг изоҳли луғати»-да: «Ҳадис - Муҳаммад пайғамбардан қолган гап-сўз ҳамда пайғамбар ҳақидаги ривоятлар, ҳикоялар», дея таъриф берилган(2) Ёки «Ислам краткий справочник» китобига мурожаат этайлик.(3) Китобнинг 11 -саҳифасида: «...хадисы- предания о поступках и высказьшаниях Мухаммада по различннм вопросам вероучения и жизни обшеств», дея таъриф берилган. Ушбу китобнинг 16-саҳифасида: «Коран был словом божьим, сунна, зафиксированная в хадисах, - сводом поступков и высказываний пророка, но для того, чтобы следовать им в новой жизни, в новом обшестве, в новых условиях, их надо было истолковать», дейилса, 74-саҳифада; «Коран, как источник вероучения дополняется вторым важнейшим для мусульман источником -сунной, зафиксированной в хадисах, или преданиях о пророке и его сподвижниках», дейилади. Ушбу китобнинг 113-саҳифасида «Хадис: (араб) - ВВОДИМЫЙ иснадом рассказ о поступках и высказываниях Мухаммада и его сподвижников. Сушествует шесть главных и множество второстепенных сборников хадисов (см.сунна)», деб таъриф берилади.
Энди мулоҳаза қилиб кўринг: ҳатто Ислом дини тазйиқда бўлган совет даврида чиққан луғатда ва худосизлик (атеистик) руҳида тузилган «Краткий справочник»да Қуръон ва ҳадиснинг нима экани «кўрга ҳассадек» қилиб тушунтириб қўйилган бўлсаю бугунгидек эркин замонда ҳадисларга худди атеизм бўйича китоб ёзгандек қилиб, саводсизларча «таъриф» берсак. Хўш, ноширлар, тақризчи мутахассислар қаёққа қарашган? Битта мана шу нотўғри таъриф қанчадан-қанча ёшларимиз дунё қарашини чалкаштириши мумкинлигини ўйлаб кўринг-чи. Ахир бу оддий, жўн хато эмас-ку! Китобнинг илмий муҳаррири социология фанлар доктори А.Ж. Холбеков, тақризчи РЦО деган ташкилотнинг маърифат бўлими методисти С. Ходжиметова. Улар, назаримда, китобни ўқимасдан имзо қўйиб юборишганга ўхшайди... Тўғри тушунинглар: фарзандларимизнинг атеист бўлиб тарбияланиши улар албатта буюк инсон бўлишади дегани эмас. Ибн Сино-ю Мирзо Улуғбеклар диндор бўлишган ва уларнинг диндор бўлишгани буюк олим бўлиб етишишларига ҳеч бир ҳалал бермаган.
Тўғри нарсани бузиб талқин этиш, ўзини билмаганликка олиб тасаввурни ўзгартиришга уринишлар, турли ёлғон-яшиқларни аралаштириб тортишишлар яқин тарихимизда роса урчиган эди. Аммо ҳозир замон ўзгарди. Динга муносабат тўғриланди. Одамлар, айниқса, ёшларимиз Аллоҳни, пайғамбарларини таниб қолган бугунги кунда бунақа нотўғри фикрларни сингдиришга ҳаракат қилиш илмнинг обрўйини тўкади, олимнинг сўзини ва даражасини ту-ширади, холос деб ўйлайман.

    Мансурхон ТОИРОВ,
    физика-математика фанлар доктори, профессор

back to top