Ит боқиш "проблема"лари

Биринчи воқеа. Чилонзордаги тўққиз қаватли уйда турардик. Бир куни ёш боланинг қаттиқ чинқириғи қулоғимга чалинди. Набираларим пастда ўйнаб юрган эди, бирор кор-ҳол бўлдими, деб ўйлаб шошиб пастга қарадим.  Ташқарида бир аёл уч ёшча қизалоғини маҳкам қучоқлаб тинмай овутишга уринар, қизча эса қаттиқ қўрқиб кетган шекилли, дағ-дағ титраб йиғларди. Маълум бўлишича, "дом"дагилардан бири итини сайр қилдиргани олиб чиқиб, бўйинбоғини ечиб юборган экан. Онгсиз махлуқ кун бўйи уйда қамалиб ётишдан зерикканми ё қизалоқнинг бирор ҳатти-ҳаракати ёқмаганми, унга ташланибди. Яхшиямки, онаси етаклаб келаётган қизини вақтида ит ҳамласидан қутқариб қолибди. Акс ҳолда бирор кўнгилсиз воқеа юз бериши аниқ эди. Ит тишлаши қанча мушкулот ва "чоп-чоп"ларни келтириб чиқаришини ҳамма яхши билади.

Иккинчи воқеа. Бир куни ишга кетаётсам, очиқ лифт олдида тепа қаватдаги қўшним хуноб бўлиб турибди. Сабабини сўрасам, лифт ичига ишора қилиб: "Манави бедодликни кўрмайсизми?" деди. Кабина ўртасида анча сув ҳалқоб бўлиб турарди. "Бирор бола қиптими?" десам, "Э, ёш боланикига чидаса бўлар, аммо анави итбоқар қўшнимиз кучугини бавл қилдириб кетибди, ҳозиргина ўйнатгани олиб чиқиб кетувди", деди қўшним жаҳл билан. "Итга ҳам осон эмас, кечаси билан уйдан ташқарига чиқа олмаса, уйда ёзилишдан қўрқса, нима қилсин?" дея вазиятни сал юмшатмоқчи бўлсам, қўшним баттар тутоқиб кетди ва: "Ҳали итбоқарни бир тергаб қўясиз десам, сиздан чиққан гап шу бўлдими?" дея хайрлашмай ҳам кетиб қолди.
Булар кўп қаватли уйларда ит боқиш келтириб чиқараётган муаммо ва кўнгилсизликларнинг бир шингили, холос. Кўча-хиёбонларда, истироҳат боғлари, жамоат жойларида ит етаклаб юришлар, сайр қилдиришлар, итларнинг дуч келган жойга ёзилиши анча-мунча ноқулайликлар, нохушликлар келтириб чиқараётгани ҳақида гапирмаса ҳам бўлар?! Худо кўрсатмасин, ит жонивор бирор кишини тишлаб олса, ана унда бошланади машмашанинг каттаси! Ит қутурган чиқмаса-ку, ҳай-ҳай, қоринга бир-икки игна санчиш билан масала ҳал бўлади. Агар у қутурган ё касал бўлса, санчқи билан ҳам қутула олмайсиз. Итни ва эгасини ҳайвон дўхтирларига топиб беришингиз керак.
Кейинги йилларда пойтахтимизда, ҳатто вилоятларнинг шаҳар-қишлоқларида ҳам бошқа миллатларга тақлид қилиб ит боқиш авж олмоқда. Ҳозир биргина Тошкентнинг ўзидаги ҳовли ва хонадонларда юз минглаб ит парваришланяпти.  Пойтахтнинг бир неча туманларида ит савдосига мўлжалланган махсус бозорчалар ҳам ишлаб турибди. Ит боқиш масаласида бошқа миллат вакилларини-ку, тушунса бўлар: уларнинг аксарияти "нега ит боқасиз?" деган саволга: "Фарзандим ё бирор яқиним бўлмаса нима қилай, шу билан овунаман-да" деган сабаб кўрсатишади ё ўз менталитетларини рўкач қилишади ёки "сизлар ҳам қўй боқасизлар-ку!", деган ажабтовур "раддия" ҳам билдиришади. Аммо серфарзанд, серуруғ ўзбекларни, қолаверса мусулмонларни ит боқишга нима мажбурлаяпти,  буни тушуниш қийин.
Ислом дини ит боқишни тақиқламайди. Ов қилиш, девори йўқ ҳовли ва боғларни, экин далаларини, чорва ҳайвонларини қўриқлаш учун ит ушлашга шариатимизда ижозат бор. Абдуллоҳ ибн Умардан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Ким ит боқса, ҳар куни унинг савобидан икки қийрот камайтирилади. Лекин ити ов учун ёки чорвани пойлаш учун бўлса, унда зарари йўқ», деганлар (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Қолаверса, динимиз Аллоҳ яратган барча махлуқларга, ҳатто ҳайвонот дунёсига ҳам раҳм-шафқат ва меҳрибонлик билан муносабатда бўлишга буюради, уларга азоб беришдан қайтаради. Аллоҳ таоло айтади: "Раббингиз мағфиратли, раҳм-шафқат эгасидир" (Каҳф сураси, 58-оят).
Абу Ҳурайрадан (розийаллоҳу анҳу) қилинган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: "Бир одам йўлда кетаётиб қаттиқ чанқади. Бир қудуқни топиб, ундан сув олиб ичди. Қудуқдан чиқиб, бир итнинг ташналикдан тупроқ ялаётганини кўрди. Бояги одам: "Бу ит ҳам менга ўхшаб чанқабди", деб ўйлади. Кейин қудуққа қайта тушиб, маҳсисини сувга тўлдирди ва оғзида тишлаб олиб чиқиб, итга сув берди. Аллоҳ таоло уни тақдирлаб, гуноҳларини мағфират қилди" (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
 Абдуллоҳ ибн Аббосдан (р.а.) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳайвонларни бир-бири билан уриштиришдан қайтарганлар» (Имом Термизий ривояти).
Абу Саълабадан (р.а.) ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: «Итлар ҳам бир жамоа (тур) бўлмаганида уларни ўлдиришга буюрардим. Лекин бир жамоанинг йўқолиб кетишидан қўрқдим".  
Лекин ит боқишда ҳам жамият аъзолари манфаатларидан келиб чиқиб, маълум тартиб-қоидаларга риоя қилиш талаб этилади. Масалан, уни ҳовли ва хонадонларда боғлаб боқиш лозим. Айлантиргани  бўйинбоғ билан, агар тишлоғич бўлса, оғзига махсус қафасча боғлаб олиб чиқиш керак. Итларнинг дуч келган жойда бавл қилишига йўл қўймай, бунинг учун четроқ, одам юрмайдиган жойларга олиб бориш талаб этилади. Бу борада тартиб ўрнатиш учун Тошкентда илк қадамлар ҳам қўйилди: Юнусободдаги олдинги буюм бозори ўрнида ташкил этилган хиёбонда итларни сайр қилдириш ман этилиши ҳақида махсус белги ўрнатилди.
Ит сўлагида турли зарарли моддалар борлиги учун шариат талабига кўра ҳатто ит сўлаги теккан идиш қатрон қилинмагунича тоза ҳисобланмайди. Ваҳоланки айрим ит боқувчилар эркатойларини бемалол жамоат транспортига олиб чиқишади, бозор, истироҳат боғлари, хиёбон каби одамлар кўп тўпланадиган ерларда айлантиришади. Онгсиз жонивор одамларга, айниқса ёш болаларга суркалиб, сўлагини текказиши мумкин. Яна итларнинг тинмай вовуллаб, бошқалар оромини бузиши каби муаммо ҳам бор. Масалан, АҚШ штатларидан бирида ити қаттиқ вовуллаб бошқаларга ҳалақит берса, эгасига 600 долларгача жарима солинади.
Боз устига, ит боқиш унинг эгасидан яхшигина харажат талаб қилади. Дўконларимизда анчадан буён итларга мўлжалланган консерва, қуруқ овқатлар ва дори-дармонлар савдоси юришиб қолди. Ўзлари оч-наҳор юришса-да итларига колбаса, ичак-чавоқ, суяк ва бошқа егуликлар сотиб олаётган кишиларни ҳам кўп учратдик.  
Юқоридагилардан келиб чиқиб мулоҳаза юритилса, зарурат бўлмаса мусулмон кишининг кўнгилхушлик учун ё бошқаларга тақлид ва ҳавас қилиб ит боқиши дуруст эмас. Абу Талҳадан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Қайси бир уйда ит ёки (жонли махлуқ) сурати бўлса, ўша уйга фаришталар кирмайди», деганлар (Имом Бухорий ва Муслим ривояти). Яна Пайғамбар алайҳиссалом ит сотиб, пул топишдан қайтарганлар (Бухорий ва Муслим ривояти).  


 Р. S. Бугунги кунда Ғарбда кўплаб уйларда ит, мушук, каламуш, ҳатто илонлар боқилмоқда. Биргина Франсияда ҳозир 9 миллионта ит, 8 миллионта мушук хонадонлар «эркатойи» саналади. Уларни боқиш учун йилига салкам 4 миллиард евро маблағ сарфланади. («АиФ» газетаси, 2005 йил 33-сон).
БМТ расмий маълумотларига кўра, ҳар куни дунёда 800 миллион киши оч ҳолда уйқуга кетади. 980 миллион киши кунига бир доллардан кам иш ҳақи олиб, мутлоқ камбағаллик азобини чекади. Дунёда кунига 50 мингга яқин ўлим қашшоқлик туфайли келиб чиқади, бу барча ўлимларнинг учдан бирига тенг. (Интернетнинг Ислам. Ру. сайти).

Аҳмад МУҲАММАД

back to top