Logo
Print this page

Ҳаммасига ўзимиз айбдормиз!

Бугунги кунда ахборот агентликлари ва оммавий ахборот воситаларининг кундалик хабарлари худди навбатдаги жаҳон уруши жабҳаларидан (фронтларидан) олинган бир-биридан қўрқинчли, фожиали маълумотларни эслатади: “АҚШнинг Оклахома штати икки марта ҳалокатли бўрон (торнадо) ҳужумини бошдан кечирди, кўплаб киши ҳалок бўлди, минглаб уйлар вайронага айланди, кўрилган зарар бир неча триллион (!) долларни ташкил этади”; “Россиянинг марказий минтақасидаги кучли довул кўплаб одамнинг бошига етди, бир қанча бинолар ер билан яксон бўлди”; “Оврупа сув тошқинлари исканжасида қолди, катта дарёларнинг тошиши оқибатида минглаб қишлоқлар сув остида қолди, мутахассислар буни сўнгги юз йилликдаги энг кучли тўфон деб баҳолашмоқда”. “Оврупа ва Россиядаги ўрмон ёнғинлари натижасида минглаб, миллионлаб гектар ердаги дарахтзорлар кулга айланмоқда”.

Бу ҳам етмагандай, Оврупанинг турли ўлкаларига июн ойида қишдагидан ҳам кўп қор ёғди. Яна қайлардадир ер қимирлаб, қанчалаб одамни таҳликага солиб қўйди. Бундан бир неча йил муқаддам Японияга улкан талафотлар етказган, ҳатто атом электростанциясини ишдан чиқарган кучли тўфон ва зилзила, АҚШнинг бир қанча штатидаги бино ва иншоотларни том маънода ер юзидан супуриб ташлаган  “Катрина” довули етказган жароҳатлар ҳали тузалмай туриб, бир-биридан ҳалокатли “табиий” офатлар инсоният бошига кун сайин кўпроқ ёпирилмоқда. Олимларнинг ҳисобича, “табиий” офатлар оқибатида одамларнинг қурбон бўлиши даражаси бундан ўн йил олдинги кўрсаткичдан саккиз-ўн баравар ошган, улар келтирган зарар эса бундан сал олдинроқ миллионлаб доллар билан ҳисобланаётган бўлса, бугунги кунда триллион долларлар ҳам ҳеч нарса бўлмай қолди.  
“Билағон”лар “табиат”нинг бу “ғазаби”га дарров ўз тахмин ва мулоҳазаларини рўпара, рўкач қилишади. Улар инсоннинг табиатга бўлар-бўлмасга аралашуви, ҳавога турли зарарли газ ва буғларнинг кўплаб чиқарилиши (парник эффекти), осмондаги озон қатламининг емирилиши, ер ва сув ресурсларининг ўзбошимчалик билан тасарруф қилиниши каби ўнлаб, юзлаб сабабларни ўйлаб топишадию, аммо оддий бир ҳақиқатни тан олгилари келмайди. Буларнинг бари инсонларнинг Аллоҳга итоатсизликлари, исёнлари, гуноҳ ишларга бемалол қўл уришлари, Аллоҳ белгилаб қўйган чегараларни қўпол равишда бузишларига нисбатан юборилаётган илоҳий жазонинг кўринишлари эканини ўйлаб ҳам кўришмайди.   
 Инсонларнинг ҳозирги пайтдаги ҳаддан ошишлари, бузуқлик ва гуноҳ ишлардан тап тортмасликлари туфайли уларнинг Аллоҳнинг жазосига, У Зот юборадиган бало-офатларга гирифтор бўлишлари шубҳасиз! Фаҳш ва бузуқлик бобида барча ахлоқий чегараларни яксон қилиб, кўнгилга келган ифлосликни “инсон ҳуқуқлари” ниқоби билан хас-пўшлашга уринаётган Ғарб дунёси бугун руҳий ҳалокат чоҳи яқинида турибди: уларда никоҳсиз туғиб қўйишлар, отанинг ёки аканинг қизи ёки синглиси билан бемалол жинсий алоқа қилиши ва энг даҳшатлиси, ҳатто фарзанд кўриши одатий ҳолга айланмоқда. Оврупа мамлакатларида фоҳишалик билан шуғулланиш худди папирос сотишдай оддий ишга айланган. Бу ерда бесоқолбозликка қонуний тус бериш “муваффақиятли” боряпти. Яқиндагина эркакнинг эркак билан, аёлнинг аёл билан “никоҳ”дан ўтишига ва бола асраб олишига қонунан рухсат берган мамлакатлар қаторига Франция ҳам қўшилди.  
Ана шундай бузуқ ва ифлос ҳаёт тарзини танлаган фосиқ кимсаларга қиёматда аламли азоблар, дўзах қийноқлари, жаҳаннамда абадий қолиб кетиш даҳшати борлиги ҳақида Аллоҳ таоло қайта-қайта огоҳлантиради:  «Сўнг уларнинг ортидан намозни зое қиладиган ва шаҳватларга бериладиган кимсалар ўринбосар бўлдилар. Энди улар албатта ёмонликка (яъни, ёмон жазога) йўлиқурлар» (Марям, 59);  «Ер юзида бузғунчилик қилиб юрадиган кимсалар ҳам борки, улар учун (Аллоҳнинг) лаънати бўлур ва улар учун энг ёмон диёр – жаҳаннам бордир» (Раъд, 25).
Булар охиратдаги азоб-қийноқлар! Аллоҳ бу дунёда ҳам вақти-вақти билан турли бало-офатларни юбориб, бандаларини огоҳлантириб туради. Иқлимнинг тубдан ўзгариб кетиши, жаҳоннинг турли ўлкаларида содир бўлаётган кучли тўфонлар, зилзилалар, довуллар ва бошқа офатларнинг, кўз кўриб-қулоқ эшитмаган касалликларнинг содир бўлиши, минглаб кишилар ҳаётига зомин бўлаётган катта фалокатларнинг кўпайгани ана шундай огоҳлантиришлардан бошқа нарса эмас. Аллоҳ таоло айтади: «Одамларнинг қилмишлари сабабли қуруқликда ҳам, денгизда ҳам (турли) офат-балолар юз берди. (Бу бало ва офатлар одамлар қилаётган гуноҳ-маъсиятларидан) қайтишлари учун, уларга қилган айрим гуноҳларининг (жазосини) торттириб қўйиш учундир» (Рум, 41); «(Эй инсонлар), сизларга не бир мусибат етса, бас, ўз қўлларингиз билан қилган нарса-гуноҳ сабаблидир» (Шўро, 30); «Ёки (агар Аллоҳ хоҳласа, қаттиқ бўрон юбориб, кемадаги одамларнинг) қилган гуноҳлари сабабли у (кема)ларни ҳалок  қилур» (Шўро, 34).

Аҳмад Муҳаммад

Latest from Administrator

Islom.uz © 2003-2018 | Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда манзилимиз кўрсатилиши шарт!
Ислом.уз порталидан бошқа манбалардан олинган маълумотларнинг ҳаққонийлиги
ва мақбуллигига муаллифлар масъулдир.

Рейтинг@Mail.ru Яндекс.Метрика