Таълим ва маърифат – тинчлик ва бунёдкорликка хизмат қилади

Таълим ва маърифат – тинчлик ва бунёдкорликка хизмат қилади

Таълим ва маърифат – тинчлик ва бунёдкорликка хизмат қилади

Истиқлол миллий ва диний қадриятларимиз тикланишига кенг йўл очди. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси ва раҳнамолигида диний байрамлар тикланди, муқаддас жойлар обод этилди. Ислом оламида ном қозонган буюк аждодларимизнинг бебаҳо асарлари она тилимизга таржима қилинди.

Бу жараёнда диншунослик фани ўқув дастурига киритилди. Юртимизда яшаб, илм-фан, маданиятга катта ҳиссасини қўшган кўплаб алломаларнинг таваллуд айёмлари кенг нишонланди. Уларнинг хокипоклари қўним топган гўшалар муқаддас зиёратгоҳларга айлантирилди. Улуғ бобокалонларимизнинг илмий мерослари тадқиқ этилиб, ёш авлод тарбиясида унумли фойдаланилмоқда.
Мустабид тузум даврида фақатгина иккита – Тошкент ислом институти ва Бухорода «Мир Араб» мадрасаси чекланган шароитларда фаолият юритарди. Бугун эса пойтахтимизда Тошкент ислом институти, «Кўкалдош» ва «Хадичаи Кубро», Китоб шаҳрида «Хожа Бухорий», Наманганда «Ҳидоя», Андижонда «Саййид Муҳйиддин Махдум», Урганчда «Имом Фахриддин Розий», Нукусда «Муҳаммад ал-Беруний», Бухорода «Мир Араб» ва «Жўйбори калон» билим юртлари фаолият кўрсатмоқда.
     Биринчи Президентимизнинг ташаббуси билан 1999 йили Тошкент Ислом Университети ташкил этилиб, бу олий таълим муассасасида талабаларга диний ва дунёвий билимлардан сабоқ берилмоқда.
Ислом оламидаги энг нуфузли ташкилотлардан бири – ISESCO Тошкент шаҳрига 2007 йилда Ислом маданиятининг пойтахти мақомини бергани бу улуғ ва хайрли ишларга жаҳон ҳамжамиятининг ўзига хос эътирофи бўлди.
Шу йилнинг 18-19 октябрь кунлари Тошкентда бўлиб ўтган Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессиясида ҳам айни шу жиҳатлар ўз аксини топди. Биринчи Президентимиз таклиф этган «Таълим ва маърифат – тинчлик ва бунёдкорлик сари йўл» шиори остида бўлиб ўтган сессияда ёшларда илм-фанга ҳамда таълим олишга интилиш туйғусни кучайтириш, барча жамиятда ислом қадриятлари ва маданиятини тўғри англаш ҳамда қабул қилиш, дунё халқларига Ислом динининг ҳақиқий мазмун-моҳиятини етказишга оид масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. Сессияда таъкидланганидек, айнан таълим ва маърифат башарият фаравонлигининг асосий омилларидан ҳисобланади, инсонларни эзгуликка даъват этади, саховатли, сабр-қаноатли бўлишга ундайди. Муқаддас ислом динимиз бизга айнан шуни ўргатади.
Ислом оламида Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳадислари тўпламининг ишончли манбаи деб эътироф этилган «Ал-жомиъ ас-саҳиҳ» тўплами «Барча муҳаддислар устози» бўлмиш Имом Бухорийнинг кўп йиллик фидокорона изланишлари самарасидир. Ўн икки асрдирки, ушбу асар аҳамиятига кўра, муқаддас Қуръондан кейин Ислом дини ҳақидаги иккинчи ишончли ёзма манба бўлиб қолмоқда. Нафақат бизнинг юртимиз, балки бошқа мамлакатлардан ҳам минглаб, миллионлаб мусулмонлар бу табаррук зот туғилган Бухорои шарифга бориш ва унинг Самарқанддаги қабрини зиёрат қилишга интилиши бежиз эмас, албатта.
Х асрда самарқандлик мутафаккир, «Имом ал-Ҳуда» (Ҳидоят йўлининг имоми) деб шуҳрат қозонган Абу Мансур Мотуридий томонидан асос солинган Мотуридия таълимоти бутун Ислом оламида кенг тарқалган.
     Мотуридия таълимоти илм эгаллаш жараёнида бағрикенглик ғояси асосида инсон ақл-заковатининг ўрни ва аҳамиятига юксак эътибор қаратади. Бу ўз навбатида ушбу таълимотнинг кенг оммалашувида муҳим ўрин тутган. Бундай ғояларга бугунги кунда ҳам инсоният катта эҳтиёж сезмоқда.
Дарҳақиқат, ҳар қандай эзгу ният ва мақсадни амалга ошириш, аввало, жамиятдаги мустаҳкам тинчлик ва хотиржамлик билан таълим-тарбияга боғлиқ. Ҳозир дунёнинг айрим мамлакатларида сиёсий беқарорлик ҳукм сураётган бўлса, бошқа бир ўлкаларда терроризм, миллат танламас хуружлар халқаро хавфсизликка таҳдид солмоқда. Булар маънавиятга, маданиятга путур етганидан далолатдир...

Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ,
Юнусобод тумани бош имом-хатиби,
Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси,
“Мирза Юсуф” жоме масжиди имом-хатиби

Юқорига