ICTExpo-2013 ахборот технологиялари кўргазмаси иш бошлади

25 сентабр куни пойтахтимиздаги “Ўзекспомарказ” Миллий кўргазма марказида ҳамда Жиззах шаҳрида Инфоком-2013 АКТ ҳафталиги доирасида ICTExpo-2013 ахборот технологиялари кўргазмаси иш бошлади.

Кўргазмада 150 дан зиёд халқаро ва маҳаллий ахборот технологиялари бозорининг етакчи компания ва ишлаб чиқарувчилари, компютер техникасини йиғувчи корхоналар, дастурий таъминот ишлаб чиқарувчилар, ИТ-компаниялар диллерлари, провайдерлар, телекоммуникация ускуналарини етказиб берувчилар, вазирликлар, идоралар, банк, таълим ва бошқа муассасалар 400 га яқин ахборот технологиялари соҳасида кўрсатилаётган хизматлар, замонавий технология ва ишланмалар тўғрисида маълумот берувчи стендларини ташкил этадилар.

Эслатиб ўтамиз, Марказий Осиёдаги энг йирик ҳисобланган Ислом.Уз портали ҳам ICTExpo-2013 ахборот технологиялари кўргазмасида иштирок этмоқда. (Бу ҳақида батафсил маълумот берилади, Инша Аллоҳ)

ICTExpo кўргазмаси халқаро ИТ соҳаси, тадбиркорлик доиралари ва илм-фан ҳамжамияти томонидан юқори баҳоланмоқда. Мазкур кўргазма давлат ҳокимияти органлари, банк, таълим, тиббиёт соҳаси, тадбиркорлик, илм-фан ва ишбилармонлик доиралари ўртасидаги самарали ҳамкорликка хизмат қилади. Айтиш мумкинки, мазкур кўргазма ахборот технологиялари соҳасида энг замонавий ютуқлар намойиш этиладиган нуфузли майдон, алоқа ва ахборотлаштириш мутахассислари учрашадиган, фикр алмашадиган аҳамиятли тадбирдир.

27 сентябрга қадар давом этадиган кўргазмага 35 минг нафар кишининг келиши кутилмоқда. ICTExpo 2013 кўргазмаси АКТ соҳасида ўзаро ҳамкорлик ўрнатиш ва мустаҳкам тижорат алоқаларини боғлашда янги имконият бўлиб хизмат қилади. Кўргазма ниҳоясида ташкилий қўмита томонидан стенд ва бўлимлари энг яхши деб топилган ғолиблар мукофотланади.

 

back to top