Ислом.уз портали - ICTExpo-2013 ахборот технологиялари кўргазмаси қатнашчиси

Ислом.уз портали - ICTExpo-2013 ахборот технологиялари кўргазмаси қатнашчиси

5 сентабр куни пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ” Миллий кўргазма марказида ҳамда Жиззах шаҳрида Инфоком-2013 АКТ ҳафталиги доирасида ICTExpo-2013 ахборот технологиялари кўргазмаси иш бошлади.

Марказий Осиёдаги энг йирик ҳисобланган Ислом.Уз портали ҳам ICTExpo-2013 ахборот технологиялари кўргазмасида иштирок этмоқда.Бу йил Ислом.уз порталининг ташкил этилганига 10 йил тўлди. Ўтган ўн йиллик тарихни устида тафаккур қилиш, босиб ўтилган йўлга назар ташлаб, эришилган ютуқларга шукр айтиш, нуқсонларни бартараф этиб, хатоларни тўғрилаш, натижаларни янада яхшилаш учун, ўзаро фикр алмашиш учун яхши омилдир.

Порталимизнинг тамал тоши қўйилган йилларда интернет энди оммалашаётган эди, ўзбек тилидаги саҳифалар ниҳоятда кам эди. Ислом динининг таълимотларини оммалаштиришга қаратилган диний-маърифий сайтлар эса эса деярли йўқ эди.

Ахборот технологияларининг фавқулодда кенг имкониятларини кўриб, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларида ҳаммаслаклари Исмоилжон билан бирга она тилимизда динимизнинг таълимотларини ўргатадиган веб-саҳифа очиш фикри туғилди. Шу соҳанинг мутахассисларидан веб-саҳифа очишнинг техник талаблари, уни рўйхатдан ўтказиш  ва юритишнинг шартлари, тартиб қоидалари ўргана бошланди. Порталининг мудири Абу Муслим билан ўша пайтда, 2003 йил август ойининг охири, сентябрь ойининг бошларида танишишди. Маслаҳатлар, савоб-жавоблардан сўнг юртдошларимиз ва ўзбек тилида сўзлашувчи барча мўмин-мусулмонларга хизмат қиладиган, улар учун динимизга оид керакли маълумотларни бериб турадиган сайт очишга қарор қилинди. Абу Муслим сайтни ўзи тайёрлади, унинг дизайнини ишлаб чиқди, маълумотларни жойлаштирди, тегишли рукнлар очиб, ўша пайтга келиб чоп этилган ва ёзилаётган шайх ҳазратларининг китобларидан мақолалар олиб, қўя бошлади.
Дастлаб бепул хостингларга жойлаштирилган сайти 2004 йил 11 август куни UZ миллий доменида islam.uz номи билан рўйхатдан ўтказилди. Шу йилнинг 20 декабрида унинг номи ўзбек имлосида islom.uz деб ўзгартирилди.
Сайти тез кунда ўз мухлисларига эга бўла бошлади. Унга ташриф буюрувчилар сони кундан-кунга кўпайиб борди. Албатта, сайтимиз ишга тушган дастлабки пайтларда унинг ишлаш тезлиги ва кўриниши анчагина содда бўлган, ҳозирги ҳолатидан анчагина фарқ қилган, бошланғич даражада бўлган.
Ислом.уз сайтига бу соҳада амалга оширилган қатор ишларда пешқадам бўлиш насиб қилди. Жумладан, сайти ўзбек тилидаги сайтлар орасида ҳам, диний веб-ресурслар орасида ҳам биринчилардан бўлди, кўпгина интернет-технологияларни биринчи бор қўллаб, амалиётга жорий қилди.
Ислом.уз сайти интернет оламида урф бўлаётган жараёнларга ҳозиржавоблик билан мослашиб келди. Жумладан, интернетга уланиш имкониятлари кенгайиб боргач, форумлар оммалашиб кетди. Ҳаётнинг турли жабҳаларига бағишланган кўплаб форумлар очилди. Абу Муслим ҳам сайти қошида форум очди. Дастлаб форумга аъзо бўлган баъзи кишиларнинг саводсизлиги, беодоблиги, айниқса, диний масалалар борасида ўзбошимчалик, тарафкашлик ва тафриқачилик ҳолатларини кўриб, форумга қарши турилди. Абу Муслим раддияни маъқулласа ҳам, бу керакли, манфаатли нарса деб, форумни ёпмади. Мана  ҳозир форумнинг 20 000 га яқин азоси бор, турли бузғунчи фикрли, ғараз ниятли кимсалар эса ўз-ўзидан четга чиқиб қолдилар. Сайт эса эзгу ният, хайрли мақсад йўлида ўз фаолиятини давом эттираверди.
Бу орада Абу Муслим жуда катта фидокорлик кўрсатиб, ўз шогирдлари ва ҳамфикрлари билан ҳамкорликда адабиёт, тарих ва иқтисодиётга оид саҳифалар ташкил қилди. Шунингдек, арабик.уз, тиб.ислом.уз, с-порт.уз каби араб тили, тиббиёт, спорт ва шу каби соҳаларга оид сайтлар очилди. Айни пайтда ислом.уз сайтининг ажралмас қисми бўлган ҳадис.ислом.уз, фиқҳ.уз, сийрат.уз каби веб-саҳифалар ишга туширилди. Шу тариқа ислом.уз тармоқланиб, 20 дан ортиқ сайтдан ташкил топган муҳташам порталга айланди.
Портал таркибидаги ҳар бир сайт ўз йўналиши бўйича мутахассисларни, илм аҳлини, толиби илмларни бирлаштириб, ўзига хос илм манбаига айланиб бормоқда. Масалан, бугунги кунда фиқҳ.уз сайти фиқҳ илмига оид, сийрат.уз сайти  ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад саллалоҳу алайҳи вассаламнинг сийратларига оид энг муҳим манбаларимиздан хисобланади. Сийрат.уз сайти Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан душманлар томонидан турли туҳматлар уюштириб турилган ҳозирги кунда у зоти бобаракотнинг пок сийратларни эл-юртга, халққа етказиш ниятида ташкил қилинган бўлиб, ҳозирги кунда нафақат сийрат илми, балки динимиз тарихини ўрганувчилар учун саҳиҳ илмий-маърифий маълумотлар манбаи бўлиб хизмат қилмоқда. Айтиш жоизки, бу борада она тилимизда фаолият кўрсатаётган интернет ресурсларни топиш қийиндир.
Қуръон.уз сайти ҳақида ҳам ана шунда фикрлар айтиш мумкин. Бу сайт ушбу илоҳий китобни танитиш, унинг хислатларини ўргатиш, Қуръони Каримнинг тафсиридан бохабар этиш, унинг тарихидан, қироатидан таълим беришдек шарафли вазифани адо этиб келмоқда, алҳамдулиллаҳ. Менинг илтимосимга кўра ушбу сайт ходимлари умрини Қуръон хизматига бағишлаган машҳур қориларимизнинг ҳаёт йўллари ҳақида маълумот тўплаб, уларнинг хизматларини халққа танитдилар. Албатта, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан  давом этиб келаётган бу муборак Қуръон силсиласи давомчиларининг хизматларини эътироф этиш  бу каби ғоятда савобли ишдир.
Кейинроқ масжидларимиз ҳам ўз сайтларини очиш ташаббуси билан чиқди. Биринчилардан бўлиб пойтахтимизнинг Камолон даҳасида жойлашган Хўжа Аламбардор жомеъ масжидининг камолон.уз, меҳроб.уз сайтлари, сўнгра Новза жомеъ масжидининг навза.уз  сайти ҳам ташкил қилиниб, фаолият кўрсата бошлади. Шу ўринда ушбу сайтларнинг мутасаддилари томонидан кўрсатилган жонбозликни алоҳида эътироф қилиб ўтиш жоиздир.
Ислом.уз порталининг янгилиги сифатида mehrob.uz- Раҳматуллоҳ қорининг сайти, navza.uz- Навза жомъе масжиди ҳамда унинг имом хатиби Жалолиддин қорининг шариатга оид масалар юзасидан савол-жавоб ўтказувчи сайтлари ишга тушди.
Республикамизда 2700 та жомъе-масжидлар фаолият олиб бориб, улардан 116 таси пойтахтимизда жойлашган. Уларнинг жойлашиш ўрни, қурилиш тарихи ҳақида  masjid.uz сайтида маълумотлар бериб борилади.
Ислом.уз порталининг хизматларини юксак тақдирланди. Порталнинг ўнга яқин сайтлари республикамизда бир неча йиллардан буён ўтказиб келинаётган интернет фестивалда бир неча маротаба ғолиб бўлиб, энг юқори ўринларни эгаллади. Бу юксак эътироф севимли порталингизнинг савиясини, эл-юрт ичида қозонган обрўсини кўрсатувчи муҳим омилдир.
Портал ходимларини порталнинг 10 йиллик тўйи муносабати билан чин қалбдан муборакбод этамиз.
Барча юртдошларимизга порталда бевосита иштирок этишга чорлаймиз ҳамда ундан ўзларига қизиқарли бўлган саволларга, қизиқарли масалаларга оид жавоб олишлари учун фойдали омил эканлигини таъкидлаб ўтамиз.

Манба: www.mezon.uz

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

back to top