Ёруғлик сири

Ўзликка эришмак, ўзликни билмак илм биландир.

Аббосийлар сулоласи даврида Ислом маданияти, илм-фани ўша замон ғарб оламининг ҳаваси ва ҳасадини келтирадиган даражада буюк чўққиларга чиқди. Ушбу сулоланинг кейинги авлодлари ҳукм сурган давр эса, дунёвий илм-фанга эътиборнинг сўна бошлаш даври бўлди ва ушбу сўниш даври ўн асрдан ортиқ вақт давом этди. Халифа Мансур (754—775), Хорун ар-Рашид (786 —809) ва унинг ўғли Маъмун (813—833) даврида айниқса илм-фан ривожига эътибор юксак даражада бўлган. Бу ҳукмдорлар фалсафа, математика, астрономия ва бошқа фанларнинг ривожига хайрхоҳлик билдирибгина қолмай, ўта сахийлик билан хомийлик ҳам қилишган. Хорун ар-Рашид даврида Бағдодда кўплаб кутубхоналар ташкил этилди. Кутубхоналарга турли минтақа ва юртлардан китоблар келтирилди, уларни кўплаб таржимонлар, олимлар бошқа тиллардан араб тилига ағдардилар. У даврда Мовароуннаҳр ва Хуросон фарзандларидан Муҳаммад Мусо Хо-размий, Абу Маъшар Балхий, Абу Наср Форобий, Аҳмад Фарғоний, Яҳё ибн Мансур, Аҳмад ибн Абдуллоҳ Марвазий (Ҳабаш Ҳосиб), Турк Хуталий, Марваррудий, Баттоний, Маъсудий, Холид ибн Абдул Малик, Аббос ибн Саид Жавҳарий, Абу Наср Мансур ибн Ироқ, Абу Райхон Беруний, Абу Али ибн Сино, Маҳмуд Қошғарий, Махмуд Замахшарий ва бошқа кўплаб машҳур олимлар етишиб чиқди.

“Яратувчи йўқ, табиат ўзини ўзи яратган, ўзини ўзи туққан, ўзи илгаридан бор, уни ҳеч қандай илоҳ яратмаган” деган таълимот Коперник кашфиётидан кейин асосан беш аср давомида ҳукмрон бўлди, лекин бу таълимот ҳозирги давр учун ўзининг актуаллигини йўқотди, ҳисоб. Умуман бу таълимот инсониятнинг маънавий, маданий ривожига ўта инқирозли таъсирини ўтказган бўлса ҳам, дунёвий фанлар тараққиёти учун бир нави имкон очиб берди. Файласуф Фридрих Энгелс бу ҳолни ўзича: “Табиатни текширишни диндан озод қилди”, деб таърифлади. Бу ерда Энгелснинг хатоси — ҳақиқий дин билан баъзи руҳонийларнинг нотўғри қарашларини чалкаштириб юборган. Умуман, дин билан руҳоний олим тушунчаларини асрлар давомида бир деб тушуниш ва айниқса бу тушунчани Ислом динига нисбатан ишлатиш инсониятга жуда қимматга тушди. Пайғамбаримиз Муҳаммаддан (алайҳиссалом): “Ё Расулуллоҳ! Жаннатга биринчи бўлиб кимлар киради?” деб сўрашганида: “Намоз пайтида имомнинг орқасида биринчи бўлиб турувчилар”, деб жавоб берган эканлар. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) жаннатга биринчи бўлиб кирувчини имом демадилар. Шу ҳадисда катта маъно бор, албатта. Имомлар ичида ҳам ҳар хиллари бўлиши эҳтимолини ҳадис айтиб турибди ва, айни чоқда, илми саёз “уламолар”нинг қарашларини Ислом дини нуқтаи назари сифатида кўриш катта хато эканини кўрсатиб турибди. Аббосийлар даврида Ислом динини, Қуръонни, ҳадиси шарифни олимлар зийраклик билан ҳушёр тушунишлари ўз даврида ғарб халқларини лол қолдирадиган даражада илм-фан тарақиётига олиб келган бўлса, кейинги замонларда баъзи илми саёз “уламолар” Исломни ўз дунёқарашлари даражасида тушуниб, бирёқламаликка йўл қўйишди. Ушбу бирёқламаликнинг аббосийлар даври сўнгидаги ва улар давридан кейинги Ислом олами ҳукмрон синфларига маъқул келиши Ислом динини, Қуръонни ва ҳадиси шарифларни баъзи ўринларда нотўғри талқин қилишларга олиб келди. Бу талқинчилардан баъзиларининг давлат доираларида обрў-эътиборлари ўта буюклиги натижасида уларнинг талқинига бошқача ёндошиш катта гуноҳ бўладигандек муносабатлар юзага чиқди. Натижада дунёвий фан ривожи учун ўтиб бўлмас тўсиқлар пайдо бўлди. Бу тўсиқлар замонлар ўтган сари мусулмон юртларни ғарб давлатларидан фан-техника ривожида орқада қолишга олиб келди. Ҳозирги даврда бу фарқ тасаввур этиб бўлмас даражада улканла-шиб кетди. Ислом дини ақидалари тўғри англанган ва ҳаётга тўгри татбиқ этилган пайтларда илм-фан мисли кўрилмаган даражада ривожланган, ҳолбуки, ўша паллаларда гарб давлатлари ва гарб руҳонийлари залолат ботқоғида ботиб ётишар эди. Аслида, Қуръони карим ҳамда ҳадиси шарифлар мусулмон оламининг моддий ва маънавий тараққиётига очиб берган имкониятлар айниқса аббосийлар даврида ниҳоятда мўл ва хилма-хил мевалар берди. Афсус, кейинроқ баъзи масалаларни хато ёки тор тушуниш натижасида илм-фан тобора орқага кетди.

Диний илмлар билан дунёвий илм-фанни қушнинг қўш қанотига ўхшатишади. Агар қушнинг қаноти битта бўлса, балки у учар, лекин бир доира ясаб учади, холос. Фақат икки қанотли ва иккала қаноти ҳам баравар ҳаракат қилган қушгина илдам илгарига қараб учади. Бирор қаноти кучсизлик қилиб қолса, қушнинг мўлжалга аниқ ва равон етиб олиши қийинлашиб қолади. Мен Ислом динимизни ва дунёвий илмларни инсониятни саодатга олиб борадиган қўш қанот деб биламан. Агар Исломнинг илк паллаларидек кейинги асрларда ҳам бу икки қанот бир хил қадрли, эъзозли бўлганида эди, кейинги ўн аср давомида кузатилган орқага кетишлар рўй бермаган бўларди. Агар баъзи ўтмишдошларимиз Ислом дини таълимотларини ҳаётга тўгри татбиқ этишганида ҳамда яхши бошланган ишлар давом эттирилганида эди, инсоният тараққиётидаги илгорлик бизларнинг қўлимизда бўларди. Балки ҳозир автомобилни, учоқни ихтиро қилганлар, коинотга ракетасини биринчи бўлиб учирганлар, ойни биринчи бўлиб забт этганлар, компутерни ихтиро қилиб, унинг программаларини оламга тарқатиб юрганлар ва ҳоказо ютуқларга эришганлар бизлар бўлармидик?!

Ҳали ҳам кеч эмас. Олдинда нанотехнология даври турибди. Бу давр инсоният тарихида илм-фаннинг мисли кўрилмаган тараққиёт даври бўлади, иншаалоҳ. Балки бу даврда бизнинг фарзандларимиз етакчиликни қўлларига олишар. Нанотехнология фани айрим инкорчиларга жаннатнинг мавжуд бўлиши илм нуқтаи назаридан ҳам мумкин эканини бемалол исботлаб бера олади. Космогония фани ўртага ташлаган буюк портлаш назариясидан эса, тақдир масаласининг ҳақ экани ҳақидаги хулосага келишимиз мумкин.

Инсоният пайдо бўлганидан бери “Мен ўзи кимман?” деган саволга жавоб ахтаради. Бу ҳолат полшалик киночилар ишлаган машҳур “Знахарь” филми қаҳрамони Пан Ташибанинг ҳолатига ўхшайди. Лекин инсон ўзининг ҳолатини тан олгиси келмайди, “Менинг ақлим ҳамма нарсага етади” деган фикрини ҳеч ҳам улоқтириб ташлай олмаяпти. Ташибанинг ҳам ақли кўп нарсага етади, у йирик профессор, замонасининг тенги йўқ дунёвий олими, лекин ўзининг ким эканини била олмайди.
Илмни дунёвий ёки диний илм деб иккига ажратмасдан, уларни бутун илмнинг қисмлари деб қаралиши керак, деб ўйлайман. Қуръонда ҳам, ҳадисларда ҳам илм иккига ажратилмаган. Бу бўлишни фақат шартли равишда бўлишдек қабул қиламан. Машҳур шарқшунос олим М.Б.Пиотровский советлар даврининг йигирма беш нафар машҳур шарқшуноси тузган “ИСЛАМ Краткий справочник”ининг: 24-саҳифасида: “Старая проблема соотношения ислама и науки привлекает очень большое внимание. Теоретически обосновывается отсутствие противоречий между исламом и наукой...” (Ислом дини билан фаннинг ўзаро муносабати масаласи эскидан катта диққат-эътиборни тортиб келади. Ислом дини билан фан бир-бирига зид эмаслиги назарий асослаб берилган...) деган хулосани беради. Бошдан охиригача худосизилк (атеизм) руҳи билан суғорилган ушбу китобда бундай хулосага келишга мажбур бўлинибдими, бунга, албатта, катта асослар бўлган. Аллоҳ ўзи яратган олам сирларини очишни инсониятнинг ўз ризқини ҳалол меҳнат қилиб топишига боғлаган. Аммо илоҳий китобларни туширишдан асосий мақсад бу сирларни тафсилоти билан очиш эмаслигини бизлар назардан қочирмаслигимиз керак. Аллоҳ Қуръони каримнинг баъзи оятларида ўзи лозим кўрган олам сирларигагина ишора қилади. Оламда инсон сони ортиб борган сари, дунёга янги келаётган одамларнинг ризқи сифатида оламнинг янги сирлари — янги кашфиётлар очилиб бора беради. Қуръони каримда оламнинг барча сиру асрорлари, кашфиётлари ҳақида маълумотлар берилган бўлиши керак, деган талабни қўйиш ман-тиққа асло тўғри келмайди. Хорун ар-Рашиднинг машҳур вазири Жаъфар бир масалада ўзига мурожаат этган кампирга: “Бу масалада ақлим ожиз, жавоб бера олмайман”, деб узрини айтибди. Кампир: “Шундай улуғ вазир бўлсанг, шоҳдан катта маош олсанг-у, шугина масалани билмайсанми?” деб Жаъфарни мулзам қилмоқчи бўлибди. Шунда Жаъфар: “Э онажон, менга Хорун ар-Рашид билган нарсаларим учун ҳақ тўлайди, агар у билмаган нарсаларимга ҳақ тўлайдиган бўлса, хазинаси етмас эди”, деб жавоб берган экан. Бу ривоятдан буюк одамлар олам ҳақида, жамият ҳаёти масалаларида дунёвий ёки диний илмлари етарли эмаслигини ошкор қилишдан асло қўрқишмаганини, аксинча, булар ҳақида ёлғон гапиришдан ўзларини эҳтиёт тутишганини кўрамиз.

Бирор дунёвий кашфиётни қилгач: “Бўлди, билдим, олам ўзини ўзи яратган, дин айтаётганидек, ҳеч қандай яратувчи йўқ!” деб шошқалоқлик билан хулоса чиқариш на илмга ва на олимликка ярашади. Буни илмдан келадиган жаҳолат деса бўлади. Билмасликдан пайдо бўлган жаҳолат билим билан даф этилади, аммо илм-дан ўсиб чиққан жаҳолат қайсар, кибрлидир. Шунисидан Аллоҳ асрасин.

Ислом оламида баъзи хато қарашлар устун келиб, ўзининг тараққиёти йўлига сунъий тўсиқлар қўйиш билан овора бўлинган бир пайтда аббосийлар даврида чўққисига кўтарилган Ислом тараққиёти ютуқлари асосан Андалусия орқали ғарб мамлакатларига етиб борди. Ислом олами тарихан қисқа тийрак даврида эришган илм-фан ютуқлари ва одоб-ахлоқ қоидаларини ғарб бир неча аср давомида бошига тож қилиб кийиб, унинг соясида минг йиллар давомида ўзи ётган залолат ботқоғидан, айниқса ХVII—ХVIII асрлардаги оммавий инквизициялардан қутулиб, маънавий-маданий, илмий-техникавий тараққиётида улкан ютуқларга эрищди.

Буларни айтишдан мақсадим битта: бугун истиқлол шарофати билан буюк келажагимизни яратаётиб, улуғ аждодлар шавкатидан баҳра олган ҳолда миллий-маънавий бойликларни янада мустаҳкамлар эканмиз, Аллоҳга бўлган буюк эътиқодда янада собит туриш билан бирга ёшларимизни дунёвий илм чўққилари сари илҳомлантиришни ҳам асло унутмаслигимиз керак.

Халқимиздан чиққан истеъдодлар манаман деган халқларни лол қолдирган даврлар кўп бўлган. Ҳозир юртимиз ўз бошидан ўтказган барча даврларга қараганда ҳам энг қулай имкониятлар яратилган даврга етиб келди. Шундай экан, ёшларимиз қалби қайси йўналишга кўпроқ оловланса, ушбу йўналиш бизнинг келажагимиздан дарак беради, деб ўйлайман.

Япония олтмиш йилдан бери дунёдаги бирорта ҳам технологик ёки фундаментал изланишни назаридан қочирмай келяпти. Иложи бўлса, уларни дарров ишлаб чиқаришда қўллаяпти. Биз шиддат билан ихтиро яратишга киришишимиз шарт эмас, лекин дунёда яратилган барча ихтироларни “сув қилиб ичиб” юборишни бир зум ҳам унутмаслигимиз шарт. Бу вазифани фақат ёшларимиз уддалалай олади. Бунга эътиборсиз қарасак, илмий тараққиётда илғор давлатлар билан орамиздаги масофа узайиб бораверади. Масофа узаймаслиги учун ҳар бир ўқув ва илмий тадқиқот муассасаси йилига бир марта эмас, ўн икки мартадан танлов ўтказиб туриши, ўз билими ва ихтироси билан “ғолибларнинг ғолиби” деб тан олинган истеъдод эгалари ҳар йили бир неча маротаба Фанлар академиясининг анжуманлар залида йирик олимлар ҳузурида ўз иқтидорини намоён этиши керак. Каналларини футбол ёки ўйин-кулгиларга тўласича бериб қўйган ойнаи жаҳон бу каби илмий анжуманларни ҳам бошидан охиригача, ҳамма дастурхон атрофида тўпланган чоғида намойиш қилиб борса, албатта, унинг натижаси яқин йилларда кўринади. Амалда қўллаш мумкин бўлган илмий ғоя ёки ихтиролар ҳам шу жараёнда аниқланиб қолади.
Лаҳзаларни мангуликка муҳрловчи ҳақиқий ёруғлик мана шудир!

Мансурхон ТОИРОВ,
физика-математика фанлари доктори, профессор

back to top