Хитойлик муслима Жеки Ин ихтиролари учун энг юқори мукофотга сазовор бўлди

http://islamosfera.ru http://islamosfera.ru

Сингапур биомуҳандислик ва нанотехнология институти (IBN) ижрочи директори, профессор Жеки Ин АҚШ Миллий ихтирочилар академияси (NAI) стипендиясига сазовор бўлди. У ёши 30 дан ошгач Исломни қабул қилди. 2015 йилда эса биотехнологиялар соҳасидаги инновациялари учун 500 минг АҚШ доллари миқдорида Мустафо номидаги мукофотга лойиқ топилган илк муслима бўлди.

Академиянинг фикрига кўра, ушбу мукофот жамият ҳаётига муҳим ҳисса қўшган ихтироларни яратишда инновацион руҳни намойиш этган олим-ихтирочиларга берилади.
Профессор Жеки Ин ҳозир 51 ёшда. У Тайванда туғилган, Сингапур ва Нью-Йоркда вояга етган, АҚШ фуқароси, бу йил бутун дунё бўйлаб ушбу мукофотга сазовор бўлган 155 кашфиётчидан бири.
АҚШ Миллий ихтирочилар академияси – Америка Қўшма Штатлари Патент ва Савдо Маркази идораси томонидан берилган патентларни олган ихтирочиларни тан олиш учун 2010 йилда ташкил этилган нотижорий ташкилот. Ташкилотнинг офиси Флорида штатида жойлашган, мақсади академик технологиялар ва инновацияларни янада оммалаштириш ҳамда ихтиролардан жамият фаровонлиги йўлида фойдаланишни рағбатлантиришдир.
«АҚШ Миллий ихтирочилар академияси аъзоси номини олиш мен учун катта шараф», деди профессор Ин сешанба, 12 декабрь куни Фан, технология ва тадқиқотлар агентлиги томонидан чоп этилган баёнотида.
Профессор Жеки Ин маълумотига кўра муҳандис-кимёгар бўлиб, энди у бутун дунёдан NAI аъзоси мақомига эга 900 нафар ихтирочиларни жамлаган гуруҳга қабул қилинди.
Гуруҳда 29 нафар Нобель мукофоти совриндорлари, масалан, америка-япон олими Шудзи Накамура ва америкалик биокимёгар Пол Модрич, шунингдек, турли нуфузли тадқиқот университетлари ва нотижорий илмий-тадқиқот институтларининг 100 дан ортиқ раҳбарлари ҳам бор.

Томас Эдисон ортидан
«Томас Эдисон ўқиган коллежга ўқишга кирар эканман, ҳамиша технологик янгиликлар ва инновациялар орқали жамият ҳаётига таъсир кўрсатишни орзу қилганман», деди 1987 йил Нью-Йоркдаги Купер Юнион коллежини тугатган профессор Жон. Айнан шу хусусий коллежда бир пайтлар америкалик таниқли ихтирочи ва тадбиркор, фонографни ишлаб чиққан ва электр лампани ихтиро қилган Томас Эдисон ўқиган эди.
Жеки Ин 1992 йили Массачусеттс Технология Институти (MIT)нинг Кимё-технология кафедрасида ишлай бошлади ва 2001 йил 35 ёшида институтнинг энг ёш профессори бўлди.
Бугунги кунда у 180 га яқин бирламчи патентларга ва патент учун буюртмаларга эга. Патентларидан ўттиз иккитаси трансмиллий бошланғич компаниялар томонидан нанотиббиёт, дори етказиб бериш, ҳужайра ва тўқималар муҳандислиги соҳаларида лицензияланган.
Профессор Ин ўз ихтиролари учун қатор халқаро мукофотларни қўлга киритган.
Масалан, 2008 йилда у Америка кимё муҳандислари институти томонидан «замонамизнинг 100 буюк муҳандисларидан бири» сифатида эътироф этилган.

Исломга кириш
Жеки Ин 2016 йил Эроннинг «Раҳяфтеҳа» нашрига берган интервьюсида Исломга қандай киргани тўғрисида шундай деди: «Яхши муслима дугонам бор эди, ўрта мактабда ундан Ислом ҳақида илк маълумотларни олдим. Бироқ ёшим 30 дан ошгандан кейингина динга кўпроқ қизиқа бошладим ва 12 йил олдин (2004 йили) Исломни қабул қилдим. Ислом – ҳаётимга мазмун бағишлаган дин. Уч йил олдин (2013 йилда) умра зиёратидан кейин ҳижоб кийишни ихтиёр этдим, бу менинг шахсий танловим.
Мен учун бу диний бурч, бошқалар бунда нимани кўради ёки бу ҳақида нима дейди – муҳим эмас. Аввал мени бу кийимда кўрган айрим европалик ҳамкасбларим бирон тантана ё маросимга кетяпти деб ўйлашганини яхши эслайман! Раҳбарим эса бу ростан ҳам ўзим эканлигимга ишонч ҳосил қилиш учун бармоқ изларимни олишини айтиб ҳазиллашганди. Аммо ҳеч қандай салбий муносабат бўлмаган».
У эътиқодни илм-фан билан қандай уйғунлаштираётгани ҳақидаги саволга шундай жавоб берди:
«Биотиббий тадқиқотлар олиб борганингизда, биологик тизимларнинг моҳиятини ва улар қандай ишлашини кўриб, ҳайратланмай иложингиз йўқ. Буларнинг барчаси тасодифан, ўз-ўзидан юзага келиб қолиши мумкин эмас. Мен учун жавоб оддий: Яратгувчи бўлиши керак».

back to top