Logo
Print this page

Адабиёт дарсларида АКТдан фойдаланиш

Барчамизга аёнки, ХХI аср интеллектуал салоҳият, тафаккур ва маънавият асри сифатида инсоният олдида янги-янги уфқлар очиш билан бирга, биз илгари кўрмаган, дуч келмаган кескин муаммоларни ҳам келтириб чиқармоқда. Бугунги мураккаб ва таҳликали замонда адабиёт ўқитувчиси ўқувчиларининг эртанги кунини ўйлаб адабиёт дарси жараёнида уларни эзгуликка, инсоф-диёнат, меҳр-оқибат ва бағрикенгликка даъват этиб таълим-тарбия ишларини олиб бормоғи даркор.

Бундай маънавий ҳуқуққа эга бўлиш учун биз ўқитувчилар, аввало, катта билим ва ҳаётий тажрибага, кенг дунёқараш, юксак ижодий маҳоратга, замонавий инновацион билимларга эга бўлишимиз кераклигини, энг муҳими, бу ўта оғир, кучли иродани талаб этадиган жабҳада ҳақиқий фидоийлик кўрсатиш лозимлигини яхши тушунамиз.

Ўзим фаолият олиб бораётган Собир Раҳимов туманидаги тиббиёт коллежида адабиёт дарсларини олиб бораётганда ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланишга ҳаракат қиламан. Дарс жараёнида яқинда фаолият бошлаган www.e-adabiyot.uz сайтидаги адабиётга оид фойдали ва мазмунли манбаларни ўқувчиларимга тавсия қиламан.

Зеро, Президентимиз И.Каримовнинг “Адабиётга эътибор – маънавиятга, келажакка эътибор” рисоласида “...ёшлар китоб ўқимай қўйди, деб фақат нолиб ўтирмасдан, ана шу таъсирчан замонавий ахборот воситалари орқали адабиётимизни кенг тарғиб этиш, хусусан, интернет имкониятларидан фойдаланиб, етук бадиий асарларни ёшларга етказиш устида ҳам жиддий бош қотириш зарур, деб ўйлайман...
...Айни вақтда ана шундай замонавий воситалар ёрдамида мумтоз адабиётимизни, жумладан, Алишер Навоий асарларини халқимизга яқинлаштириш, бу ноёб меросни ҳақиқатан ҳам маънавиятимизнинг ҳаётбахш манбаига айлантириш барчамиз, аввало, адабиёт аҳлининг вазифаси, десак, ҳеч қандай хато бўлмайди”, — дея қайд этилган.

www.e-adabiyot.uz сайтида ғазал мулкининг султони Алишер Навоийнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида дарс жараёнида ва дарсдан ташқарида, гуруҳдан ташқари тарбиявий-маърифий ишларда фойдаланиш учун етарли маълумотлар берилган. Бунда адабиётшунос олимлар Нажмиддин Комилов, Иброҳим Ҳаққул, Ботирхон Акрам, Матназар Абдулҳакимларнинг буюк шоирнинг ижод намунаси бўлмиш ўндан ортиқ ғазал, рубоийларининг шарҳи, драматург Бобораҳим Омоннинг Ҳусайн Бойқаро ва Алишер Навоий дўстлигига бағишланган “Навоий ва Ҳусайний” драмаларини ўқиш, Навоий асарларига бағишлаб ишланган минниатюра тасвирлари билан танишиб чиқиш мумкин.

www.e-adabiyot.uz сайтида адабиётга оид атамалар, тушунчаларнинг изоҳли луғати, жаҳон адабиёти намояндаларининг ҳаёти ва ижоди, улар яратган дурдона асарлар, дарс жараёнида ўқитувчи кўргазмали восита сифатида фойдаланиши мумкин бўлган видеолавҳалар, электрон кутубхона ҳам мавжуд.

Барно АБДУЛЛАЕВА, Тошкент шаҳридаги М.Турсунхўжаева номидаги тиббиёт коллежининг она тили ва адабиёт ўқитувчиси

Манба: http://xabar.uz

Latest from Administrator

Islom.uz © 2003-2018 | Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда манзилимиз кўрсатилиши шарт!
Ислом.уз порталидан бошқа манбалардан олинган маълумотларнинг ҳаққонийлиги
ва мақбуллигига муаллифлар масъулдир.

Рейтинг@Mail.ru Яндекс.Метрика