Қонунчилар Обамани Сурия масаласида Конгресс фотиҳасини олишга чақирмоқда

АҚШда айрим қонунчилар президент Обамани Сурияни ўққа тутишдан олдин Конгрессдан рухсат олишга чақирмоқда. Конгрессмен Илеана Рос-Лейтиненнинг айтишича, Конгресс ҳарбий амалиётга рухсат берадими, йўқми, Обама унинг олдидан ўтиши керак.
"Президент Буш олдинги урушлардан олдин худди шундай қилган эди", - дейди қонунчи аёл.
Яна бир конгрессмен Барбара Лининг айтишича, Сурия можаросини ҳарбий йўл билан ҳал этиб бўлмайди. Ҳарбий ҳаракатларни бошлашдан аввал Конгрессда бу масала обдон муҳокама этилиши керак, дейди у.
Оқ уй матбуот котиби Жей Карнининг айтишича, Обама Вакиллар палатаси ва Сенатдаги етакчи аъзолар билан масалани муҳокама қилмоқда, аммо улардан рухсат олиши шарт эмас.
Республикачи конгрессмен Скот Рижел барча аъзоларни Сурияни ўққа тутишдан олдин президентни Конгресс рухсатини олишга даъват этувчи мактубга имзо чекишга ундамоқда.
Бу ўртада БМТда Буюк Британия тақдим этган Сурия бўйича резолюстия лойиҳаси муҳокама қилинмоқда. Ҳужжатда аҳолини кимёвий қуролдан ҳимоя қилиш талаб этилади.
БМТ инспекторлари ўтган ҳафта Дамашқ теварагида кимёвий ҳужум содир этилганига доир даъволарни тергов қилар экан, АҚШ ва Британия назарида воқеа ортида Сурия ҳукумати турибди.
Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Владимир Титовнинг айтишича, ҳозир резолюция мавриди эмас, чунки инспекторлар ҳали тергов хулосалари ва далилларни тақдим этгани йўқ.
БМТ Бош котиби Пан Ги Мун Хавфсизлик Кенгашини Суриядаги вазият бўйича якдилликка чақирмоқда. БМТ терговчиларига ишини якунлаш учун вақт керак, деди у.
Сурия ташқи ишлар вазири Валид Муаллим ҳукумат кимёвий қуролни қўллашга буйруқ берганини инкор этар экан, АҚШ ва унинг Европадаги иттифоқчиларидан исбот талаб қилмоқда.
Шунга қарамай Ғарб Сурияга қарши урушга тайёргарлик кўрмоқда. Президент Обама сўнгги кунларда Британия, Франция, Канада ва Австралия раҳбарлари билан гаплашиб, уларни коалицияга тўпламоқчи.
Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров четдан ҳарбий аралашув Сурия ва минтақада вазиятни беқарорлаштиради, демоқда. Лавров БМТ нинг Сурия бўйича махсус вакили Лахдар Брахимий билан телефон суҳбати чоғида ўз хавотирларини баён этган.
Брахимийнинг айтишича, халқаро қонунчилик Хавфсизлик Кенгашининг рухсатисиз суверен давлатга қарши ҳарбий ҳаракатларни амалга оширишни ман қилади.

back to top