Қрим татарлари тарихидан

Бундан қарийб 70 йил муқаддам, 1944-йилнинг 18-май куни Совет Иттифоқи раҳбари Иосиф Сталин Қримдаги татар халқини ёппасига Ўзбекистонга кўчириш ҳақида буйруқ чиқаради. Сабаб сифатида уларнинг уруш пайти босқинчиларга кўмак бергани кўрсатилади.

“Иккинчи жаҳон уруши даврида совет ҳукумати бир миллионга яқин мусулмонни, ўз фуқароларини Марказий Осиёга, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Урал тоғларига сургун қилади”, - дея ўша даврларни эслайди америкалик тарихчи Инжи Боуман.

Боуман хоним Туркийда туғилиб ўсган қрим татарларидан. Унинг ота-боболари ҳозир Украина таркибида бўлмиш Қрим ўлкасида яшаган. Тадқиқотчининг айтишича, туркий халқларнинг чегара ҳудудларидан ҳайдалиши ортида аслида Сталиннинг босқинчилик сиёсати ётибди.

“Расмий сабаб сифатида уларнинг босқинчи кучлар билан ҳамкорлик қилгани кўрсатилади. Маълумки, уруш давомида Қрим икки ярим йил нацистлар назорати остида бўлган. Аслида Сталин 1945-йилнинг феврал ойида Туркияга қарашли Қора Денгиз бўғозини босиб олиш ниятида бўлган. Шунинг учун у туркий халқларни бу ҳудуддан кўчиришга қарор қилган”, - дейди олима.

Қрим татарлари учун сургун ҳукми кутилмаганда эълон қилинди. Тонг саҳарда аскарлар эшикма-эшик юриб барчани зудлик билан уйларини тарк этишга буюрди.

“Тонг соат 3-4 ларда 30 минг аскар қрим татарларини кўчириш учун сафарбар этилди. Улар эшик қоқиб, ҳар бир одамга тайёрланиш учун 15-20 дақиқа вақт берди. Эркакларнинг деярли барчаси фронтда эди. Уйда, асосан, аёллар ва ёш болалар бўлган”, - дейди тарихчи.

Инжи Боуманнинг айтишича, қрим татарларининг 45 фоизи кўчиш пайтида ва қувғиннинг дастлабки уч йилида ҳалок бўлган.
 
Сталин вафот этгач, хоинликда айбланган халқларнинг деярли барчаси оқланди. Уларнинг ўз юртларига қайтишлари учун рухсат берилди. Аммо қрим татарлари учун бу орзунинг ушалиши қийин кечди. Улардан сотқинлик айби олиб ташланса ҳам, ватанларига қайтиш рухсати берилмади.
 
“Ниҳоят, 1967-йилда совет ҳукумати қрим татарларига қўйилган хоинлик айбини олиб ташлаш ҳақида фармон чиқарди. Аммо уларнинг юртларига қайтишига рухсат берилмади. Ўз хоҳиши билан қайтган айримлар қайта депортация қилинди”, - дея ҳикоя қилади татар тарихчиси.
 
Совет Иттифоқи қулагач, ниҳоят, қрим татарларига ҳам ўзларининг тарихий ватанларига қайтиш имкони берилди. Аммо Украинада уларни енгил ҳаёт кутмаётган эди.
 
“Улар кўп қурбонликлар қилишларига тўғри келди. Чунки уларнинг аксарияти Ўзбекистонда уй ва иш жойларига эга эди. Шунга қарамай, ватанга бўлган муҳаббатлари туфайли Қримга қайтишга қарор қилишди. Бу жуда ноёб ҳодиса. Қримда улар илгари сайёҳлик имкониятлари юқори бўлган соҳил бўйларида яшаган. Аммо қайтиб келишгач, маҳаллий аҳоли уларнинг бу ҳудудларга жойлашишига йўл қўймади. Аксарияти мамлакат ичкарисига кўчишга мажбур бўлди”, - дейди Боуман.

back to top