Инсон азиз ва мукаррамдир

Инсон азиз ва мукаррамдир

Инсон азиз ва мукаррамдир

Аллоҳ таолога беадад ҳамду сано ва шукроналар бўлсин, икки олам сарвари Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) га саловоту саломлар бўлсин! Аллоҳ таоло инсонни Ўзи яратган барча махлуқотлар ичида энг мукаррам ва азиз қилиб яратди. Бу ҳақда Қуръони каримнинг «Исро» сурасининг 70-оятида шундай марҳамат қилади:


 وَلَقَدْ كَرَّمْنَا بَنِي آَدَمَ وَحَمَلْنَاهُمْ فِي الْبَرِّ وَالْبَحْرِ وَرَزَقْنَاهُمْ مِنَ الطَّيِّبَاتِ وَفَضَّلْنَاهُمْ عَلَى كَثِيرٍ مِمَّنْ خَلَقْنَا تَفْضِيلًا
Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик.
Бу ояти каримада Аллоҳ таоло ўз бандаларига ато этган беҳисоб неъматларини ёд этиш билан бирга, инсоннинг нақадар улуғ бир мавжудод эканлигига гувоҳлик беради.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ўзларининг муборак ҳадиси шарифларида:
أَلْمُؤْمِنُ أَكْرَمُ عَلَى اللّهِ مِنَ الْمَلَاءِكَةِ  (رواه البيهقى)
 «Мўмин киши Аллоҳ таоло наздида фаришталардан ҳам мукаррам ва афзалдир» – деган эканлар. Мана бу ҳадиснинг шарҳида шундай дейиладики, яъни «Фаришталарни Аллоҳ таоло фақат тоат-ибодат ва баъзи махсус вазифаларни адо этиш учунгина яратган. Шунинг учун уларда ақл бору, лекин нафсу шаҳват йўқ. Ҳайвонотда эса, нафсу шаҳват бору, лекин ақл йўқ. Аммо одамзодда ақл ҳам бор, нафсу шаҳват ҳам бор. Ақл уни тўғри йўлга, савобли ишларга бошласа, нафсу шаҳват фақат нафсни қондириш, шаҳвоний ҳирсни қониқтиришга ва бунинг учун ҳар қандай гуноҳу маъсият ишларидан қайтмасликка бошлайди. Бинобарин, агар инсоннинг ақли нафсу шаҳватидан ғолиб келиб, унинг амрига мувофиқ ҳаракат қилса, демак у фаришталардан ҳам улуғ мақомда юрган бўлади. Аммо, борди-ю нафсу шаҳвати ақлидан ғолиб келиб, уларнинг амрига мувофиқ ҳаракат қилса, демак у ҳайвонлардан ҳам паст мартабада қолган бўлади.

    Юқоридаги ояти каримада Аллоҳ таоло «Инсонни азиз ва мукаррам қилиб яратдик» – деди. Тафсир китобларида инсоннинг қайси неъматлар туфайли мукаррам эканлиги тўғрисида кўпгина мисоллар келтирилган. Баъзи муфассирлар мазкур оятни шарҳлаб, инсонга ато этилган неъматларни иккига тақсим қилганлар:
1.    Жисмоний неъматлар. Бунга мисол қилиб, сиҳат-саломатлик, яхши таом, чиройли либос, фаровон турмуш кабилардан иборат бўлиб, бу неъматлар барча бандаларга баробар берилаверадиган нарсалардир.
2.    Руҳоний ёки маънавий неъматлар. Бунга мисол қилиб, имон, ислом, рушду ҳидоят, ахлоқ, инсофу тавфиқ каби ижобий сифатлардан иборат бўлиб, бу неъматлар фақат Аллоҳ таолонинг иноятига мушарраф бўлган бандаларигагина насиб бўлади.
Ҳар йили 3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни сифатида нишонланиши халқимизнинг қалби меҳр ва саховатга тўла эканлигидан далолат беради. Юртимизда ногиронлар давлатимиз томонидан муҳофазага олинган, уларга доимо ғамхўрлик кўрсатилади. Ўзгалар меҳри ва ёрдамга муҳтожларнинг уйларига бориб, ҳолидан хабар олинади, моддий ва маънавий ёрдамлар кўрсатилади.
Инсоннинг жисмоний ҳолати қандайлигидан қатъий назар, унинг қалби ҳамиша соҳир туйғулар ва гўзал ҳисларга ошно бўлади.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 1992 йил 14 октябрда бўлиб ўтган 47-сессияси махсус қарори билан ҳар йилнинг 3 декабрь куни «Халқаро ногиронлар куни», деб эълон қилинган. Шу куни дунё бўйлаб ногиронларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳаётда, жамиятда ўз ўринларини топишларига имконият яратишга қаратилган кўпдан-кўп тадбирлар бўлиб ўтади. Республикамизда ҳам ушбу тадбирни нишонлаш анъанага айланган ва йил сайин нуфузи ортиб бормоқда.
Юртимизда нишонланадиган барча байрам кунлари кишиларни бир-бирига меҳр-оқибатли бўлишга чақириш билан бирга, ўзаро иззат-ҳурмат, саховат кўрсатишга ундайди. Байрамларда ота-онаси, яқинларининг, шунингдек, кексалар, беморлар, ногиронлар, етимлар ҳолидан хабар олиш энг яхши амаллардандир.

    Меҳрибонлик, Мурувват ва Саховат уйларига моддий ёрдамлар кўрсатилмоқда. Бундай хайрли амаллар юртдошларимиз ўртасида меҳр-мурувват ришталарининг янада мустаҳкамланишига хизмат қилаяпти.
Жорий йилнинг 24 ноябр куни Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 24 йиллиги ҳамда 3 декабрь – «Халқаро ногиронлар куни» муносабати билан, ҳомийлар иштирокида, Олмазор туманида жойлашган «Мурувват» ногирон болалар учун 1-сон интернат уйида меҳрга муҳтож болалар ҳолидан хабар олиниб, дастурхон атрофида хайрия тадбирига қатнашдик.
Ушбу «Мурувват» ногирон болалар учун 1-сон интернат уйидаги муҳит, тарбиячилар, устозларининг меҳр-муҳаббати барча ногирон ва имконияти чекланган болаларнинг ҳаётига янгича мазмун, шодлик олиб кирмоқда.
Болаларга меҳр-эътибор кўрсатиш, уларнинг комил инсон бўлиб етишиши ҳақида қайғуриш халқимизга хос эзгу фазилатлардан. Замонавийлик ва миллийлик руҳида безатилган ушбу даргоҳнинг йўлаклари тоза-озода, атрофи обод. Мевали ва манзарали дарахтлар, гуллар, турли расмлар билан безатилган ҳовлида ўғил-қизларнинг хушчақчақ овози қулоққа чалинади. Бир-бири билан аҳил ўйнаётган болаларни кўриб кўзингиз қувонади. Қалбингиз ларзага келади.
Бу ерда бу болаларга ўз боласидек, меҳр ва мурувват кўрсатиб хизмат қилаётган барча тарбиячилар ва устозларга раҳматлар айтиб ҳақларига дуолар қилдик.
«Мурувват» ногирон болалар учун 1-сон интернат уйида болаларнинг билим олиши, ҳунар эгаллаши, спорт билан шуғулланиб, саломатлигини мустаҳкамлаши учун барча шароит муҳайё. Тиббиёт бўлими замонавий тиббий асбоб-ускуналар, зарур дори-дармонлар билан таъминланган. Шаҳар, туман соғлиқни сақлаш бирлашмаларида болалар тиббий текширувдан ўтказилади.
Бош қомусимизнинг 45-моддасида таъкидланганидек: «Вояга етмаганлар, меҳнатга лаёқатсизлар ва ёлғиз кексаларнинг ҳақуқлари давлат ҳимоясидадир».
Шу каби инсон манфаатларини ҳимоя қилишига ҳизмат қилувчи қонунлар натижасида Республикамизда Аллоҳ таолонинг илоҳий тақдирига кўра, отаси ёки онасидан ажралиб қолган норасида етим-есирларни қўллаб-қувватлаш, уларни тарбиялаш, ҳаётда ўз ўринларини топишларига кўмаклашиш, туғма ногирон ёки кейинчалик мажруҳ бўлиб қолган кимсаларга нисбатан меҳр-шафқат кўрсатиш азалий диний қадриятларимизга мос хайрли амаллардандир. Давлатимиз томонидан мустақиллик йилларида турли шаҳар ва қишлоқларда очилган меҳрибонлик ва ногиронлар уйларининг шароитини яхшилаш, хатто юра олмай ўз уйларида яшаб келадиган ногирон болаларни тарбиялашда ишига энг моҳир ва юксак малакали устоз ва муаллимларнинг жалб қилиш ишлари олий даражада ташкил этилган.

    Бу ердаги кутубхона, замонавий компьютерларга эга синфхона, ўйин, футбол майдони, теннис корти ва зарур анжомлар билан жиҳозланган заллардан иборат спорт комплекси болалар ихтиёрида.
Улар кўплаб йўналишларда мамлакат ва халқаро миқёсдаги кўрик-танлов, фестиваль ва мусобақаларда ўз истеъдодини намоён этиб келмоқда. Бу болаларнинг муайян соҳага қизиқишини ошириб, ўз келажагига бўлган ишончини кучайтиради.
Шу ўринда жорий йилдаги ногирон ва имконияти чекланган Ватандошларимизнинг ғалабаларни эсласак.
Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг 2013 йил 25 февралдаги «Ўзбекистон спортчиларини 2016 йилда Рио-де-Жанейро шаҳрида (Бразилия) бўлиб ўтадиган XXXI ёзги Олимпия ва XV Паралимпия ўйинларига тайёрлаш тўғрисида»ги қарори паралимпиячиларимизнинг ўқув-машғулот йиғинларини ўтказиш, тажриба орттириш, нуфузли мусобақага йўлланма берувчи беллашувларда муносиб қатнашишини таъминлашда муҳим ўрин тутди.
Шунингдек, 2016 йил 12 июлдаги Ўзбекистон Республикаси спортчиларининг 2016 йилда Рио-де-Жанейро шаҳрида (Бразилия) бўлиб ўтадиган XXXI ёзги Олимпия ҳамда XV Паралимпия ўйинларига тайёргарлиги ва иштироки тўғрисидаги қарорни ҳам алоҳида қайд этиб ўтиш жоиз.
Рио баҳсларигача Паралимпия ўйинларининг фақат битта кумуш медали (2012 йил Лондон)га эга бўлган Ўзбекистон спортчилари бу галги натижалари билан ҳамманинг ҳайрату ҳавасини уйғотди. Бразилияда 160 дан ортиқ давлатнинг тўрт мингдан зиёд вакили ғолиблик учун курашди. Ўзбекистон бешта спорт тури бўйича 32 нафар паралимпиячиси билан қатнашиб, 31 медални қўлга киритди. Спортчилар сонига нисбатан медаллар жамғариш борасида мамлакатимиз делегацияси 96,8 фоиз натижа билан XV Паралимпия ўйинларида энг яхши кўрсаткич қайд этди. Жамоамиз Марказий Осиё давлатлари орасида биринчи, МДҲда иккинчи, Осиёда учинчи поғонани эгаллади. Қолаверса, ҳамюртларимиз 7 та Паралимпия ўйинлари, 6 та жаҳон ҳамда 12 та Осиё рекордини янгилаб, дунё спорти тарихига ўз номларини ёздириб қўйдилар.
XXXI ёзги Олимпиада ўйинларида бокс бўйича терма жамоамиз Куба, Франция, Қозоғистон, Россия, Буюк Британия, АҚШ, Бразилия, Хитой каби давлатлар вакилларини ортда қолдириб, биринчи ўринни эгаллаган эди. Ана шу анъанани XV Паралимпия ўйинларида дзюдочиларимиз давом эттирди.
 Улар 3 олтин, 1 кумуш ва 6 бронза медаль жамғариб, умумжамоа ҳисобида пешқадам бўлди. Қарангки, ҳатто, дзюдо ватани ҳисобланган Япония вакиллари ҳам биздан анча кам медаль қўлга киритди...
Умуман, XV Паралимпия ўйинларида вакилларимиз Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилди. Навбатдаги Паралимпиада 2020 йили Япониянинг Токио шаҳрида уюштирилади. Умид қиламизки, бундан-да юқори натижалар қўлга киритилади иншааллоҳ.
Бу ютуқларнинг барчаси бизнинг юртимизда имконияти чекланган ва ногиронларга бўлган эътиборнинг ёрқин мисолидир. Бизда инсон қадр-қиммати биринчи ўринда туради.
Муқаддас Ислом дини ирқи, насаби, миллати, бойлиги, мансаби ва жамиятдаги тутган ўрнидан қатъий назар, барча инсонларга тенглик, ҳурлик, ўзаро бир-бирлари билан ҳамжиҳатликни таъминловчи, биродарликни кафолатлаган ягона эътиқодий таълимотдир. Бу мазмунни баён қилувчи оят, ҳадислар жуда ҳам кўп, жумладан Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бир ҳадиси шарифларида шундай марҳамат қиладилар: «Кимики, бир мўминдан дунё қийинчиликларидан бирини енгиллаштирса, Аллоҳ таоло ундан қиёмат оғирликларидан бирини енгил қилади. Кимики ҳаётда қийналган кишига осонликни раво кўрса, Аллоҳ таоло унга дунё ва охиратда енгилликни ато қилур», деб айтганлар.
 Мусулмон уммати ичида Аллоҳ таолодан ўзига етган бало, синовларни яхши кўрган, уларни ўзи учун неъмат деб билган зотлар жуда кўп бўлганлар ва ҳозир ҳам борлар.
 «Имрон ибн Ҳусойн (розияллоҳу анҳу)нинг қорни шишиб, ётиб қолган эди. У чалқанча тушганича ўттиз йил ётди. Тура олмайди ҳам, ўтира олмайди ҳам. Унга хурмонинг пўстлоғидан қилинган ётоғидан қазои ҳожати учун тешик қилиб берилган эди. Унинг ҳузурига Мутроф ва укаси Ало киришди. Унинг ҳолини кўриб, йиғлай бошлади. Имрон ибн Ҳусойн (розияллоҳу анҳу):
 «Нимага йиғлаяпсан?» деди.
 «Сени шундай оғир ҳолатда кўрганимдан йиғлайман», деди.
 «Йиғлама! Аллоҳга маҳбуб бўлгани мен учун ҳам маҳбубдир. Сенга бир гап айтаман. Шоят, Аллоҳ таоло у ила сенга манфаат берса. Аммо мен ўлгунимча уни (сирни) ҳеч кимга айтмагин. Фаришталар мени зиёрат қилиб туришади. Мен уларнинг саломини эшитаман», деди.
 Бу билан у киши ушбу етган бало ўзи учун уқубат эмаслигини, тақдир қилинган қисмати, касалликка сабр қилишлари оқибатида ҳатто соғлом бўлатуриб топаолмайдиган улуғ мақом, фаришталар уни зиёрат қилиб салом беришлик даражасига етганликларини билдириб қўйдилар.
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Набий (саллалоҳу алайҳи васалам): «Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса. Уни синовга учратур», дедилар”.
    Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Мусулмонга қай бир мусибат: ҳорғинликми, беморликми, ташвишми, маҳзунликми, озорми, ғам-ғуссами, ҳаттоки тикан киришми етадиган бўлса, албатта, Аллоҳ таоло улар ила унинг хатоларини каффорат қилур», дедилар».
Яхшиликлар, савобли амаллар бардавом бўлган эл-юрт мустаҳкам бўлиб тараққий этади.
Хулоса қилиб айтганда яхшиликлар, савобли амаллар бардавом бўлган эл-юрт мустаҳкам бўлиб, тараққий этади. Бундай диёрда инсонлар бир-бирига меҳрли, мурувватли бўлади.


Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ
Юнусобод тумани бош имом-хатиби,
Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси,
«Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби

back to top