Logo
Print this page

Исломий банкинг- молиявий уйғониш инструменти сифатида

Жорий босқичда пуллар марксча  “Капитал”даги фақат харид қобилиятини белгиловчи қимматга эга банкнот каби  замонда эриб  кетувчи тавсифга эга бўлиб бормоқда.Бошқача айтганда, агар пуллар айланмада бўлмаса, унинг қуввати пасаяди, ягона қутқариш воситаси эса-  пулларни айланмага қўйиш бўлиб қолаверади.Шундай қилиб,нақд маблағларни фойдали ва хавфсиз жойлаштириш нафақат профессионалларнинг, балки уларни жамғариш истагида бўлган оддий фуқароларнинг ҳам мақсадига айланиб бормоқда.

Бу ҳолатда молиявий инқироздан умуман жабр кўрмаган мусулмон банклари  эътиборни ўзига  тортади.Гап бу ерда ислом ҳуқуқи меъёрлари – шариат  асосида ўз фаолиятини амалга оширувчи ва “исломий банкинг” деб номланувчи молия муассасалари ҳақида бормоқда. 

Ҳозирда замонавий банклар хилма-хил молия хизматларини таклиф этаётган бўлсада, банклар тарихан  – бу биринчи навбатда жамоавий судхўрликдир.Лекин, исломда ҳам худди насороликда бўлгани каби судхўрлик бутунлай ман қилингани сабабли,  исломий банкларда  ўзига хос бўлган ва принципиал жиҳатдан фарқланувчи молиявий фаолиятни ташкил этишнинг шаклларидан фойдаланилади.Унинг асосида “рибо”, яъни пулларни ортиғи билан қайтаришга ва “маисир”, яъни биржадаги ўйинлар ва фьючерс чайқовчилик битимларидан  нотабиий ва ноҳақ бойлик орттиришга  таъқиқлар қўйилганлиги  ётади. Бундан ташқари, банк ишига умумқабул қилинган шариат қоидалари кенг тадбиқ этиладики, бунда алкогол  ишлаб чиқариш ва сотиш, ноҳалол гўшт савдоси, фоҳишабозлик ва порнография маҳсулотлари сотиш орқали келадиган даромадлар умуман таъқиқланади.

Бундай чекловлар шунга олиб келдики, XX аср ўрталарига келиб,араб дунёси юқори суръатларда  глобаллашиб келаётган жаҳон молиясидан четдан қолди.Ҳудудда фаолият юритадиган ғарб банклари ташқи савдога хизмат қилуви клиринг муносабатларига ва маҳаллий компаниялар жорий ҳисоб рақамлари бўйича ички бозор бенақд ҳисоб-китоблари бўйича ихтисослашишга мажбур бўлдилар.Агар Саудия Арабистони ва Қувайт қироллик оилалари молияси  ғарб бозорларида  кўп йиллар муваффақиятли “ишлаб” келаётган бўлса,  мусулмонларнинг кўпчилиги анъанавий банкингни ҳаром сифатида шариат табиатига зид бўлганлиги сабабли қатъий рад этиб келмоқда.
 
Банк фаолияти ва исломни биринчи марта замоновий бирлаштиришга Аҳмад Ал-Нажжор томонидан  Мисрнинг Мит Гамр шаҳрида 1963 йилда уриниш амалга оширилди.Банкнинг исломий табиати ҳукумат томонидан жамиятнинг барча бўғимларида исломий ҳаёт тарзи сиқувга олиниши хатари   эътиборидан унчалик кенг тарғибот қилинмади.Лойиҳа 1967 йилгача давом эди.Бу вақтга келиб, мамлакатда 9 та банк кредитлардан фойдаланганлик учун  ва  анъанавий депозит омонатларни жалб  этилгани учун  тўловларни  амалга оширмас эди.Ўтган асрнинг 70-  йиллари шариат қоидалари асосида ишловчи ва бугунги кунда ҳам самарали ишлаб келаётган “Дубай Ислом банки”(1975), Судандаги “Фейсал Ислом банки” (1977),Мисрдаги “Фейсал Ислом банки”(1977), “Бахрайн Ислом банки”(1979) кабиларни мисол қилиб кўрсатиш мумкин. 

Осиё-Тинч океани региони ҳам бундан четда қолмади, масалан, ҳукуматнинг махсус фармойиши билан Филиппинда 1973 йилда “Аманах банк” ташкил этилди.Малайзияда эса 1963 йилда “Табунг Хожи” номи билан ҳам  машҳур бўлган биринчи исломий институт – “Мусулмон хожиларининг жамғармаси корпорацияси ”га асос солинди.Бу  ташкилот Макка ва Мадинага хаж сафарига отланган мусулмонларга ёрдам сифатида ташкил этилган ва моҳиятан банк вазифасини бажармаса-да, лекин мамлакатдаги  мусулмон мижозларга хизмат курсатувчи банк тизимини ривожланишига катта туртки  берди.

Исломий банклар Европа бозорларига ҳам кира бошлашди.1978 йилда Люксембургда ғарб дунёсидаги биринчи исломий банк “Ислом молия уйи” очилди.Ҳозирда Европанинг бошқа мамлакатларида, Австралияда, АҚШ ва Россияда шариат қоидалари асосида ишловчи ёки мусулмон мижозларга хизмат кўрсатувчи “ҳалол ойна” лар ишлаб турибди.

Сўнгги йилларда исломий банкинг жадал ривожланиш босқичига ўтди.2009 йилга келиб, Standart and Poors  берган маълумотларга кўра, жаҳон бўйича унинг жами активлари йиғиндиси 500 млрд.долларга етди. 2010 йилда Зохир ал-Матари томонидан Мағрибдаги йирик “Зайтуна” исломий банки фаолияти йўлга қўйилди,  ушбу лойиҳа орқали ҳудуднинг молия оқимларини ўзига жалб қилиш ва Шимолий Африкада Тунисни “молия порти” га айлантириш келажаги кўзга ташлана бошлади.

Исломий банкингнинг хусусияти ўзи нимада? Аввал ҳам айтиб ўтилганидек, унинг асосий белгиси фоизга ссудалар бериш ва кредитлар учун тўловлар олишдан воз кечилишидир, лекин банк операциялари хайрия ишларига айланиб кетмайди.Истеъмол кредитлари берилишида жисмоний шахс қарздорга айланади, ажратилаётган маблағлар мақсади эса маблағни тадбиркорлик фаолиятига ишлатилмаслигини тақозо этади, банк ўзи мижоз ҳоҳлаган товар ёки хизматни (кўчмас мулк, маиший техника, ўқиш пули ва даволаниш харажатлари) сотиб олади, кейин уни мижозга қайта сотади.Бунда банк операцияни амалга оширишда кетган харажатларга баробар суммани устама сифатида олиши мумкин.Бундай битимларда банк кредитор сифатида эмас, балки товарни ёки хизматни сотувчи сифатида, мижоз эса қарз олувчи эмас, балки бўлиб тўлаш  ҳуқуқига эга бўлган сотиб олувчи сифатида намоён бўлади.

Юридик  шахсларга ва тадбиркорларга қарз ёрдами бериш масаласи ҳам бошқа йўл билан ечилди.  Ўз ишини очмоқчи бўлган кишига маҳаллий имом томонидан мулкий кучга эга бўлмаган кафиллик берилгач, у ўз ғояси билан банкка ташриф буюради, бу ерда тақдим этилган бизнес-режа ўрганиб чиқилади ва  керакли сумма шерикчилик шарти асосида ажратилади.  Бошқача айтганда, банк кредитор сифатида эмас, балки шерик, таъсисчи ёки улушдор сифатида барча тегишли ҳуқуқларга эга бўлган ҳолда  бизнесни бошқаришда  ва тадбиркорлик фаолиятидаги  молиявий натижалардан келиб чиққан ҳолда шартномада кўрсатилган фоиз миқдоридаги даромадни олиш ҳуқуқига эга бўлади. Бу ҳолатда шу нарса муҳимки, банк тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ хатарларни  қарз олувчи билан баробар  тортади, банкротлик ҳолати юза келган тақдирда берилган  маблағларни қайтарилишини  талаб қилмайди.

Бошқа тарафдан, ушбу принцип бўйича банк мижозлари ўз маблағларини банкка депозит сифатида унинг ўсиши (кўпайиши) учун бериши мумкин эмас. Бунинг ўрнига банк мижозга шерикчилик муносабатларини таклиф этади, ушбу ҳолда ҳар қандай киши банкнинг молиявий операцияларида молиявий иштирок этиши мумкин, худди юқоридаги сингари фойдадан улуш  ёки  муваффақиятсиз  операциядан ўз маблағини қайтмаслик  хатарини олиши  мумкин. Бунда банк омонатчини амалга оширилаётган операциялар тўғрисида   батафсил хабардор қилиб туради, муваффақиятсизликка   йўл қўйилган тақдирда, мижоз судда банк ходимларининг малакасизлиги натижасида банк операциясидан келган  зарарларни қоплаб бериш бўйича шикоят қилишга ҳақли бўлади.

Шундай қилиб, исломий банклар мижозлар билан томонларнинг тенг ҳуқукли  шерикчилик муносабатларига киришади,   анъанавий банкингга хос бўлмаган   ҳолда  кўриладиган  фойда ва хатарни ўзаро   баробар  бўлишади ва  банк потенциал мижозларни очиқдан-очиқ сотиб олади. Ўзларининг “мафкуравий собит” банкларини танлайдиган мусулмонлар тўғрисида яна нима   ҳам  дейиш мукин. 

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, исломий банкларда берилган қарзларни қайтмаслиги фоизи нолга тенг, бу банк ва мижоз ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг характеридан ва қарздорни қарзни тезда қайтариш учун ҳаракат қилиши унинг маънавияти –одоби билан боғлиқдир. Ушбу омил инқироз вақтида шариат  меъёрлари асосида иш юритувчи банк тизимининг стрессларга бардошлилиги кўрсаткичига сезиларли таъсир этди.    

Барқарорлаштирувчи омиллардан яна бири исломий банкингнинг  замонавий бизнес оламида кўп қўлланиладиган – фьючерс операциялари ўтказишда иштирок этмаслигидир. Фьючерс битимлари- ишлаб чиқарилмаган товарлар савдосини амалга оширишдир. Исломий банклар маисирдан воз кечиш сиёсати бўйича фьючерслар билан иш олиб бормайди, яъни “ҳаво”ни олди-сотдиси билан шуғулланишни нотўғри деб ҳисоблайди. Бу дегани, улар келгуси йил ҳосилини сотиб олмайди ва сотмайди, чунки мазкур йилдаги ҳосил бўлиш ёки бўлмаслиги аниқ эмас. Шундай қилиб, фьючерс битимлари тоза “чайқовчилик” ҳисобланади, унинг даромадлилиги эса инсон меҳнатига эмас,тасодифга асосланади, бу эса ҳалол ишлаб топиш муносабатлари бўлиши мумкин эмас.

Қарз операциялари хатарининг ўта пастлиги, реал иқтисодиёт билан ишлаш ва “ совун кўпиги” янглиғ фьючерслардан воз кечиш  исломий банкингни молия дунёсида барқарорлик ва хавфсизлик оазисига айлантиради.

“Араб баҳори” дан сўнг  исломий банкинг учун бутун Яқин Шарқ эшиклари кенг очилди, чунки мамлакатлар ҳукуматлари  жамиятнинг турли соҳаларида  диндорликка хайрихоҳлик билан қарай бошладилар, авваллари айтайлик Мисрда ҳам собиқ президент Муборак даврида қаттиқ секуляризация сиёсати ўтказилар, жамиятни исломийлаштирмаслик  учун “Мусулмон биродарлар” ташкилоти кабиларни фаолиятига йўл қўйилмас эди. Ҳозирда эса, бу тўсиқлар йўқолгач, исломий банкинг жадал ривожлана бошлади.

Ушбу мавзунинг яққол нафи шу билан тасдиқланмоқдаки, исломий банкингга нафақат исломий банк тизими анъанавий бўлган  Форс кўрфази мамлакатлари, балки банк индустриясида исломий банкинг арзимаган улушга эга бошқа араб мамлакатлари ҳам диққат -эътибор билан қарай бошладилар. Гап бу ерда исломий молия соҳасини ривожлантиришга катта қизиқиш билан қараётган  революциядан кейинги Миср ва Ливия тўғрисида бормоқда. AlBaba агентлигининг хабарига кўра, “Мусулмон биродарлар” Миср иқтисодиётини инқироздан олиб чиқиш учун исломий молиялаш концепциясига амал қилиш истагида   давлат закот фондини ташкил этмоқчи эканлигини айтиб ўтди. Фонд томонидан йиғилган маблағлар, кам таъминланганларга ёрдам учун ва ижтимоий инфратизимни яхшилашга ишлатилади. Бундан ташқари, Миср ҳукумати “араб баҳори”дан бери қарийб ярмига камайган валюта заҳиралари тақчиллигини тўлдириш учун дастлабки исломий облигация (сукук)ларни  чиқариш   ва чет элда яшайдиган мисрликлар жамғармаларини жалб қилиш бўйича баёнотлар берди. 2012 йил мобайнида ҳукумат махсус қонун қабул қилингандан сўнг, 2 млрд. доллар атрофидаги  исломий облигацияларни бир неча серияларга бўлган ҳолда муомалага киритишни мўлжалламоқда. Ҳозирги вақтда Мисрда иккита батамом исломий – “Фейсал исломий банки” ва “Ал-Барака банки” ишлаб турибди.

Кўплаб Миср банклари исломий банкинг асосида фаолият юритувчи бўлимлар очиш учун лицензия олишга мурожаат этмоқда. Яқин орада Мисрда умум банк хизматларининг 20% гача бўлган қисми исломий банкларга  тўғри келиши тахмин қилинмоқда. Ҳозирги вақтда турли манбаларга кўра, Мисрда исломий банклар улуши 4-5% атрофини ташкил этаётган бўлиб, ушбу кўрсаткич Шимолий Африкадаги бошқа давлатлар билан солиштирганда, энг юқори кўрсаткич ҳисобланади.  

2011 йил октябрь ойида исломий банк тизимига қўшилиш тўғрисида Либия миллий ўтиш кенгаши раҳбари Мустафа Абдул Жалил баёнот берди. Либия Марказий банки Раиси Содиқ Умар Ал-Кабирнинг сўзига кўра, худди шу даврдан бошлаб қулай инвестицион муҳит яратиш мақсадида банк қонунчилигига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш бошланди. Бугунги кунда   исломий банкинг асосида хизмат кўрсатувчи ва  давлат томонидан қарз берувчи  “Жумҳурия банки” ва унинг учта бўлими ўсиб бораётган талабни қондиришга ожизлик қилмоқда, бу эса исломий банк тизими келажагини кўрсатувчи яққол далилдир. 

Қўшни Миср билан бир қаторда Либияда ҳам исломий облигациялар чиқаришни режалаштирилмоқда, бу эса мамлакатни исломий банк тизимига жадал тарзда киришига хизмат қилади. Шу билан бирга Форс кўрфази  мамлакатлари исломий банклари Шимолий Африкадаги исломий банкинг уйғонишини қизиқиш билан кузатиб бормоқдалар, лекин Либиядаги нобарқарор сиёсий вазият  сабаб    ўз ваколатхоналарини очишга шошилишмаяпти. 

Ўз қўшнисидан Тунис ҳам ортда қолмаяпти, бу ердаги революциядан кейинги ҳукумат исломий иқтисодиётни бошқариш мақсадида ҳуқуқий асосларни барпо этиш учун махсус ишчи гуруҳи тузди. Унинг таркибига Тунис Марказий банки вакиллари ҳам, шунингдек хусусий сектор вакили бўлган Баҳрайн “Ал-Барака Банкинг Групп” вакиллари ҳам кирди. Парламент сайловларида ғалаб қозонган “Ан-Нахда”  партияси  манфаатларини кўзловчи Тунис Бош вазири Хамади Жабали Тунисни ҳудудий исломий молия маркази бўлиши учун 35-45 млрд. доллар атрофида маблағ лозимлигини, 5 йиллик муддат даврида ана шу мақсадга эришиш учун ҳаракат қилиши ҳақида баёнот берди. Исломий банклар Олий кенгаши президенти(CSBI) доктор Хасан Хамид Хасаннинг  Тунисга шу йил апрел ойи якунида қилган сафари чоғида, CSBI  Тунис ҳукумати билан ишламоқчи эканлиги ва бир неча лойиҳаларни молиялаштириши мумкинлиги тўғрисида хабар қилинди. ”Ал-Барака Банкинг Групп” Бош ижроия директори Аднон Ахмад Юсуф Тунис ҳукуматининг бу йил биринчи исломий облигациялар чиқараётганлиги тўғрисидаги хабарни тасдиқлади.

 2011 йил ноябр ойидаги Марокашдаги парламент сайловларида ғолиб чиққан “Адолат ва ривожланиш”  партияси пешқадами Абдулла Бенкиранга  ғалаба нафақат Бош вазир лавозимини олиб келди, балки исломий молиялаш тизимига бўлган қизиқишни ҳам орттирди. Шуни аҳамиятлики, Марокашнинг исломий банкингини ривожлантиришга Қатар иштирок этишга ҳоҳиш билдирди. 2011 йил декабр ойида Қатар ҳалқаро исломий банки (QIIB) Раиси шайх Холид бин Ат-Тани Марокаш Бош вазири Бенкиран билан қўшма исломий банк тузиш масаласини муҳокама қилиш учун учрашди. 

Исломий банкинг ривожланиши ўсиши бўйича сўзсиз Форс кўрфази араб давлатлари ҳамкорлиги Кенгашига кирувчи давлатлар, Саудия Арабистони, БАА ва Қатар пешқадам бўлиб турибдилар. Британиядаги Ernst & Young  аудит компаниясининг ҳисоботига кўра, ушбу давлатларда исломий банклар улуши 25% дан ортиқни ташкил этади. Шу билан бирга ушбу компания экспертларининг сўзича, исломий банк сектори ўсишда давом этади, улар буни аҳоли сонининг ўсиши, нефт ва газ заҳираларнинг юқорилиги  ҳамда барқарор иқтисодий ўсиш суръатлари билан боғламоқдалар. Шунингдек, Баҳрайндаги сақланиб қолаётган нобарқарорлик мамлакатга , шунингдек, исломий банкларга ҳам ўз таъсирини ўтказади. Масалан, Баҳрайн ҳукумати харажатлари “араб баҳори” бошланганидан бери 22%га кўпайди, шу йил бошида чиқарилиши режалаштирилган 1 млрд. долларлик исломий облигациялар чиқарилиши давом этиб келаётган норозиликлар сабаб, тўхтатилди.

Уммондаги  исломий банкинг ривожланиши алоҳида диққатга сазовордир. Яқин пайтларгача Уммонда Форс кўрфази араб давлатларидан фарқли ўла, биронта ҳам исломий банк йўқ эди. Узоқ муддат исломий банкинг уммонлик банкирлар орасида рақобатбардошсиз саналган, лекин 2011 йил май ойида султон Қобус бин Саид фармони билан, мамлакатда биринчи исломий банкка асос солинди. Кўплаб экспертлар буни “араб баҳори” воқеалари билан, шунингдек  Уммон ёшлари  ўртасида  исломий банкингга қизиқиш ортгани билан боғламоқдалар.

Шуниси аҳамиятлики, исломий банкинг ички қарама-қаршиликлар билан  тўйинган ислом оламини боғловчи бир неча элементлардан бири бўлиши билан бирга, бу ижтимоий-иқтисодий  миллатлараро ўз табиатига яраша меъёр бўлиб,ўз фаолиятини этник эмас, балки диний принципга кўра намоён этади. Шундай қилиб исломий банкинг, бутун дунёда исломий тарғибот  инструменти сифатида,унинг Бош офиси қайси шаҳарда жойлашганидан қатъий назар амал қилиб бораверади.

Агар ўрта, диндор бетараф европалик ўз  мусулмон-қўшниси ҳалол, фоизсиз қарзга янги уй сотиб  олганини кўрса, у ҳам шундай қарз олгиси келиб қолади, лекин бундай қарз олиш шартлар фақат мусулмон жамоаси учун  эканлигини билади. Агар мусулмон кафил бўлса, номусулмон ҳам кўз кўриб қулоқ эшитмаган исломий банкинг билан мулоқот қилиши мумкинлигини, шариатнинг бузилмас талаблари ҳатто молиявий масалаларда ҳам  сўзсиз ижро этилишини жонли мисолда кўриши мумкин бўлади. Яна бунда европалик учун бу эроний ёки қатар, шиа ёки сунний банк бўлиши барибир эмасми. У бунда ҳақиқатнинг тирик исломий талқинини кўради, холос. Европаликка насороликнинг судхўрликка қўйилган таъқиқлари меъёрлари  мавзусини қандай тушунтириш эҳтимоли  бўларди.

Таъкидлаш лозимки, ушбу алоҳида хусусиятли  банк сектори мутлақ  пешқадами жаҳон банк хизматлари секторида Эрон ҳисобланади. Обрўъли тадқиқот марказларидан бири The Asian Banking нинг  2011 йил якунларига кўра маълумоти бўйича, Эроннинг 5 банки  дунё исломий банклари еттилигига киради, бу    эса Эрон банкинг иструментидан фойдаланувчи энг йирик ислом экспортёри ҳисобланишини тасдиқлайди.

Айни вақт  жорий ҳолатда Эрон банклари Ғарб давлатлари томонидан сиқувга олинмоқда. Эрон Ислом Республикасига АҚШ томонидан санкцияларни жорий қилиниши,  жаҳондаги йирик исломий банклар “Миллий” ва “ Содерот” устидан “ ҳушёрликни ошириш” фактини энг аввало фитна эҳтимоли тарафдорлари ўртасида янги  миш-мишлар - Тунис Марказий банки томонидан президент Бен Али ағдарилиши ҳамон  жаҳон миқёсидаги молиячилар оиласига тегишли “Зайтуна” банкини ютиб юборилиши факти билан боғланиши, “араб баҳори” да ташқи кучлар таъсири ҳам  борлиги исботи сифатида  гавдаланади.

Қандай бўлишидан қатъий назар, исломий банкинг ўз бўйи-бастини  араб дунёсида ҳам, ундан ташқарида ҳам бугунги  инқироз даврида яққол кўрсатиб бораверади. Агар 2035 йилга бориб, мусулмон аҳоли 35%ни ташкил этиши тўғрисидаги башоратларни инобатга олсак, исломий банкингнинг келажаги тўғрисида қайғурмаса ҳам бўлаверади.

Жанна Игошина, сиёсий фанлар номзоди, И.И.Мечников номидаги Одесса Давлат Университети ижтимоий фанлар институти ўқитувчиси
Жўраев Ботирхўжа тайёрлади.

Latest from Administrator

Islom.uz © 2003-2018 | Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда манзилимиз кўрсатилиши шарт!
Ислом.уз порталидан бошқа манбалардан олинган маълумотларнинг ҳаққонийлиги
ва мақбуллигига муаллифлар масъулдир.

Рейтинг@Mail.ru Яндекс.Метрика