Лондонда Халқаро Ислом иқтисодиёти форуми

Лондонда Халқаро Ислом иқтисодиёти форуми

Cешанба куни Халқаро Ислом иқтисодиёти форуми Лондонда ўз фаолиятини бошлади. Форумни Малайзия бош вазири Нажиб Абдурраззоқ очиб берди. Бу – форумнинг тўққизинчи давраси бўлиб, унда асосан, Ислом давлатлари билан Ғарб мамлакатлари ўртасидаги ўзаро алоқаларни қўллаб-қувватлаш масалалари кўрилади. Ушбу икки томонлама алоқаларни янада жадаллаштириш борасида Буюк Британия бош вазири Девид Камерун Лондон келгуси йилдан Лондон фонд бозоридаги исломий кўрсаткичга қўшимча равишда, исломий облигациялар чиқариш лойиҳасини амалга оширишини эълон қилди. Унинг айтишича, бу орқали келгуси йил исломий банклар инвестициялари миқдори 1,3 триллион фунт стерлинг (2,09 триллион доллар) га етиши кутилмоқда.

  Девид Камерун ўз нутқида Халқаро Ислом иқтисодиёти форумининг ушбу тўққизинчи даврасида дунёнинг қатор давлатларидан турли вакиллар, 175 давлатдан ташриф буюрган 1800 дан зиёд иқтисодчи олимлар иштирок этаётганларига урғу бериб, форум биринчи марта ўз фаолиятини Ислом оламидан ташқарида ўтказаётганини ҳамда бунга Лондон мезбонлик қилаётганидан мамнун эканлигини таъкидлади. Келгуси йилдан чиқарилиши кутилётган исломий облигациялар Ислом шариатига мувофиқ тарздаги Ислом банк-молия тизими ҳаракатини янада жадаллаштиришини айтди. Шунингдек, у ўз сўзида айни дамда Буюк Британияда турли исломий молия муассасалари фаолият юритаётгани,  25 та юридик ширкатлар Ислом шариати ва Ислом молия тизимига оид университет дастурларига мувофиқ равишда қонуний хизматлар кўрсатаётгани, 16 та инглиз университетлари Ислом иқтисодиёти дастурлари тайёрлаб, тақдим этганлари ва уларнинг ичида машҳур Кембриж университети ҳам борлигини айтди.
Халқаро Ислом иқтисодиёти форуми ташкилотининг қароргоҳи Куалалумпурда жойлашган бўлиб, у Ислом ҳамкорлиги ташкилотидан ажралиб чиққан. Ташкилот ўзида Ислом олами ва ундан ташқарида ўзаро ҳамкорликни амалга ошириш доирасида турли ҳукумат раҳбарлари, ишлаб чиқариш, молия ва саноат соҳаси етакчилари, академик олимларни жамлайди.
Ислом тараққиёт банки раиси доктор Аҳмад Муҳаммад Алийга кўра, ушбу форум Ислом давлатлари билан дунёнинг бошқа давлатлари ўртасида ўзаро ҳамкорликни юзага чиқарувчи ўзига хос бир минбардир. 
Форум раиси Мусо Ҳайсам айтишича, форум дунё миқёсида ўзига хос ўринга эга муассасага айланди. Унинг аҳамиятини форумда 128 давлатдан 2700 дан зиёд вакиллар иштирок этаётгани ҳам тасдиқлайди. 
Форум фаолияти давомида турли мамлакатлардан ташриф буюрган давлат арбоблари, иқтисодчи олимлар сўзга чиқдилар. Жумладан, Баҳрайн валиаҳди, Бруней султони, Афғонистон президенти, Кувейт вазирлар маҳкамаси раиси ўринбосари, Бангладеш президенти, Покистон бош вазири, Ироқ бош вазири ўринбосари, Косово президенти, Индонезия вице президенти ва бошқалар.

Форум рақам ва фактларда:

•    Халқаро Ислом иқтисодиёти форуми 2006 йил тузилгандан буён илк бор номусулмон мамлакатда ўтказилди.
•    Дунё миқёсида исломий инвестициялар ҳажми 2 триллион доллар.
•    Халқаро Ислом иқтисодиёти форуми тўққизинчи даврасининг биринчи кунида 15 та давлат раҳбарлари, 128 давлатдан ташриф буюрган 2700 дан зиёд иқтисодчи олимлар ва турли соҳа мутахассислари иштирок этдилар.
•    Буюк Британия Ислом молия тизими бўйича, ғарб давлатларининг етакчиси. Мамлакатдаги исломий активлар ҳажми 12 миллиард фунт стерлингни ташкил қилади. Унда исломий молия хизматларини кўрсатувчи  20 дан ортиқ халқаро муассасалар мавжуд бўлиб, уларнинг 6 таси тўлиқ Ислом шариатига мувофиқ фаолият юритади.
•    16 та инглиз университетлари Ислом иқтисодиёти дастурлари тайёрлаганлар.
•    Лондон фонд бозори исломий чек ва облигациялар чиқарувчи дунёдаги етакчи муассаса.
•    Исломий молия тизими фаолиятини эркинлаштириш учун Британияда 25 та ҳуқуқий қонуний муассаса мавжуд. 

back to top